ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ

Гурлан туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш рейтинг баҳолаш натижалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда йил якунлари билан кутилаётган натижалар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Давлатовнинг ахбороти.

 

Муҳтарам Президентимизнинг 2020 йил 1 майдаги “Ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш” тўғрисидаги ПҚ-4702-сонли қарорига асосан ҳар бир туман ва шаҳар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш кўрсаткичларидан келиб чиқиб рейтинг баҳолаш натижаларига кўра “яхши”, “ўрта”, “қониқарсиз” тоифаларга ажратиб чиқилиши белгиланган.

Гурлан тумани 2020 йил якунлари бўйича тезкор баҳолаш
натижаларига асосан (барча соҳалар қамраб олинмаган) умумий 70,06 балл тўплаган.

Жумладан, статистик кўрсаткичларга асосан туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражаси бўйича 26,14 балл;

Тадбиркорлар ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари бўйича
21,55 балл;

Аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижалари бўйича 22,37 балл билан баҳоланган.

Туманнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш даражасини йўналишлар кесимида кўриб чиқадиган бўлсак,

  1. Иқтисодий ривожланиш ва самарадорлик кўрсаткичлари бўйича жами 0,72 балл билан баҳоланган:

туманда ишлаб чиқарилган ҳудудий саноат маҳсулоти ҳажми 398,7 млрд сўм, аҳоли жон бошига 2,7 млн сўмни ташкл қилган;

Ҳудудий корхоналар томонидан 7,5 млн АҚШ доллари миқдорида экспорт амалга оширилган бўлиб аҳоли жон бошига 50,3 АҚШ доллардан тўғри келган.

Меҳнат бозорининг самарадорлиги кўрсаткичлари бўйича жами 2,9 балл билан баҳоланган, аҳолининг бандлик даражаси 90,0 фоизни ташкил қилган.

  1. Ижтимоий соҳадаги хизматларнинг ҳаммабоплиги ва сифат кўрсаткичлари бўйича 5,93 балл билан баҳоланган.

 

  1. Инфратузилманинг ривожланиши ва ҳаммабоплиги кўрсаткичлари бўйича 2,12 балл билан баҳоланган, туманда тоза ичимлик суви билан таъминланган аҳоли сонининг умумий аҳоли сонига нисбати 71,7 фоизни ташкил қилган.
  2. Иқтисодиётнинг рақобатбардошлиги ва диверсифи-кацияси кўрсаткичлари бўйича жами 1,16 балл билан баҳоланган:

 Саноат маҳсулотлари экспорти ҳажмининг жами ишлаб чиқарилган саноат маҳсулотларига нисбати 14,3 фоизни ташкил қилган;

2020 йил давомида 167 гектар майдонларга сувни тежайдиган технологиялар билан таъминланган.

  1. Ишбилармонлик муҳити ва тадбиркорликни ривожлантириш сифат кўрсаткичлари бўйича жами 6,91 балл билан баҳоланган:

Фаолият кўрсатаётган тадбиркорлик субъектлари сони
50 тани ташкил этиб, жами тадбиркорлик субъектларидаги улуши
3,8 фоизни ташкил этган;

2020 йилда яратилган янги иш ўринлари сони 1,9 минг тани ташкил қилиб, барчаси кичик бизнес субъектлари томонидан яратилди;

2020 йил давомидан янгидан 377 та кичик бизнес субъектлари ташкил қилинган ҳамда 39 таси тугатилган.

  1. Банк-молия соҳасининг молиявий мустақиллиги ва ривожланиш кўрсаткичлари бўйича 3,54 балл билан баҳоланган:

- Аҳоли жон бошига маҳаллий бюджет даромади 588,4 минг сўмни ташкил қилган;

- 2020 йил давомида 88,3 млрд.сўм солиқлар ҳисобланиб
86,8 млрд.сўм (98,4 фоиз) солиқлар ундирилган.

  1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлиги кўрсаткичлари бўйича жами 2,86 балл билан баҳоланган:

-йил давомида туман ҳокимлигига келиб тушган такрорий мурожаатлар
11 тани ташкил қилган;

-Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали туман ҳокимлигига келиб тушган мурожаатлар сони
687 тани ташкил қилиб, 304 та мурожаатлар қаноатлантирилган.

         Ҳурматли депутатлар!

Жорий йилнинг биринчи январь-май ойларида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича қуйидаги ишлар амалга оширилди.

 Туманда 1 май ҳолатига жами 1996 та юридик шахслар фаолият кўрсатиб келётган бўлиб, шундан 1286 таси ёки 64,4 фоизи кичик бизнес субъектлари ҳиссасига тўғри келди.

Тадбиркорлик субъектлари сонини ошириш бўйича жами 386 та янги тадбиркорлик субъектлари (114 та кичик бизнес, 272 та ЯТТ)  ташкил қилинди. Натижада 260 та иш ўринлари яратилди.

Йил якунига қадар яна 395 та ташкил қилинади ва
500 тага яқин янги иш ўринлари яратилиши таъминланади.

2021 йилнинг 1-чораги давомидатижорат банклари томонидан юридик ва жисмоний шахсларга жами 67,5 млрд.сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилди.

Шундан тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга 40,1 млрд.сўм миқдорида ажратилган кредитларнинг 1,7 млрд.сўми (4,2 фоиз) саноат соҳасига;
480,0 млн.сўм (1,2 фоиз) қурилиш соҳасига; 25,5 млрд.сўми (63,7 фоиз) қишлоқ хўжалиги соҳасига; 7,3 млрд.сўми (18,2 фоиз)  савдо ва айланма маблағни тўлдириш учун; 809 млн.сўми (2,0 фоиз) маиший хизмат кўрсатиш соҳасига;
4,3 млрд.сўми  (10,7 фоиз) бошқа соҳаларга йўналтирилди.

Январь-апрель ойларида саноат маҳсулотлари 108,1 фоизга (170,0 млрд.сўм), хизматлар 128,5 фоизга (133,0 млрд.сўм), чакана савдо айланмаси 108,6 фоизга (202,0 млрд.сўм) бажарилди.

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш борасида “ўрта” ҳудуддан “яхши” ҳудуд тоифасига ўтиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги
ҳисоб-китоб қилинди.

Жумладан, саноат маҳсулотлари маҳсулотларини ишлаб чиқаришни кўпайтириш мақсадида 2020 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури доирасида ишга тушган 86 та лойиҳалар ҳисобига 45,0 млрд. сўмлик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни статистика ҳисоботларида акс эттирилишини таъминлаймиз.

Жорий йилда ҳам 29 та саноат лойиҳаларини амалга ошириш орқали йилига қўшимча 103,0 млрд.сўм маҳсулотлар ишлаб чиқариш қувватларини яратилади ҳамда 1 108 та янги иш ўринлари яратилади.

Жумладан, саноат ва халқ истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳамда экспортга йўналтириш мақсадида тумандаги пахта-тўқимачилик кластери “Гурлан глобал текс” МЧЖ томонидан “тўқув цехини ва бўёқ цехини кенгайтириш, калава-ип, тикувчилик маҳсулотлари ва ёғ-мой ишлаб чиқариш, “Хоразм воҳа гиламлари” МЧЖ томонидан гилам ишлаб чиқариш, “Авар вудс” МЧЖ томонидан МДФ ва ламинат пол ишлаб чиқариш, “Перфект Платиниум” МЧЖ томонидан тиббий қўлқоплар ишлаб чиқариш, “Бозор томат пастаси” МЧЖ томонидан мева-сабзавотларни қайта ишлаш лойиҳалари амалга оширилади.

Лойиҳалар ишга туширилиши ҳисобига 4 млн.долларлик ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилиниши прогноз қилинмоқда.

Хизматлар хажмини ошириш мақсадида, 2020 йилда ишга тушган 162 та хизмат кўрсатиш лойиҳалари фаолияти йўлга қўйилиши ҳисобига жорий йилда 37,0 млрд. сўм хизматлар кўрсатилади.

Шунингдек, жорий йилда йил 33 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига йилига қўшимча 18,0 млрд.сўмлик хизматлар кўрсатилишини ташкил қилиш ва уларни статистика ҳисоботларида акс эттирилиши таъминлаш зарур. 2021 йил давомида хизмат кўрсатиш йўналишида 30 та янги корхоналар ташкил қилинади.

Бундан ташқари маҳаллаларда хизмат кўрсатиш шохобчаларини хатловдан ўтказиб, етишмайдиган хизмат турларини ташкил қилиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олинди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт ҳажмини ошириш мақсадида, бугунги кунда замонавий иссиқхоналар майдони 24 гектарни ташкил қилаётган бўлса, жорий йил якунлари билан камида 60 гектарга етказилади ҳамда 4,0 млн АҚШ доллари миқдорида маҳсулотлар хорижий давлатларга экспорт қилиш имконияти яратилади.

Сув тежовчи технологияларни жорий қилиш бўйича,
2020 йилда 167,0 гектар майдонларга томчилаб суғориш ускуналари ўрнатилган.

Жорий йилда 3870 гектар майдонларда сув тежовчи технологияларни жорий қилинишини белгилаб олинган.

Шундан, 2 390 гектар томчилатиб суғориш (2 000 га пахта,
390 гектар боғ-токзорлар), 1 200 га ёмғирлатиб суғориш ва пульсар тизимини жорий қилиш ва 280 гектар эгилувчан қувурлар ва плёнкалар тўшаб суғориш тизимини жорий қилинади.

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни соҳасида бугунги кунда туманда давлат рўйхатидан ўтказилган кичик бизнес субъектлари 1 307 тани ташкил қилади.

2021 йил давомида янгидан жами 640 та, шундан 320 та кичик бизнес субъектлари ҳамда 320 та якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларини ташкил қилиш режалаштирилган. Январь-февраль ойларида жами 180 та, 131 та якка тартибдаги тадбиркорлик ва 49 та кичик бизнес субъектлари ташкил қилинди.

Аҳоли бандлиги таъминлаш борасида, туманда 7 395 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларимиз бўлиб, жорий йилда
4,4 минг нафарининг бандлиги таъминланади.

Жумладан 1 479 нафари инвестиция лойиҳалари ва бўш (вакант) иш ўринларига ишга жойлаштирилади, 1 940 нафари хақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинади, 128 нафарига шахсий томорқалари учун субсидиялар ажратилади, 120 нафарига тадбиркорлик қилиш учун субсидия ажратилади,
300 нафари касбга ўқитилиб, 310 нафарига ишсизлик нафақаси тайинланади.

Хотин-қизлар бандлигини даражасини ошириш борасида Туманда
28,8 минг нафар иқтисодий фаол хотин-қизлар мавжуд бўлиб, шундан 24,6 минг нафари банд ҳисобланиб, қолган 4,2 минг нафар хотин-қизларни бандлигини таъминлаш зарур. 2021 йил давомида инвестиция лойиҳалари ҳисобига
300 нафар, бўш иш ўринларига 220 нафар, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига 1064 нафар, тадбиркорликка 468 ишсиз аёлларни жалб қилиш режалаштирилмоқда. Шунингдек 75 нафар хотин-қизларни касбга ўқитилиб ва 257 нафарини ўз-ўзини банд қилиш орқали бандлигини таъминлаш чораларини кўрилади.

Туманда солиқлар тушумини ошириш, юридик ва жисмоний шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқлари ундирилишини таъминлаш мақсадида солиқ идораси, иқтисодий комплексга қарашли ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда иш олиб борамиз. Маҳаллий бюджетга тушумлар бўйича белгиланган прогнозлар бажарилишини таъминлаймиз.

Гурлан тумани барча соҳалар бўйича вилоятда энг олдинги ўринда юриши учун барча имкониятлар мавжуд. Ҳар бир соҳага масъул бўлган ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда бор кучимизни сафарбар қилиб, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгилаб олинган чора-тадбирларни амалга оширишимиз зарур бўлади.

Юқорида қайд қилинганларни муҳокама қилиб “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ, халқ депутатлари Гурлан туман Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. Гурлан туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш рейтинг баҳолаш натижалари бўйича амалга оширилган ишлар ҳамда йил якунлари билан кутилаётган натижалар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Давлатовнинг ахбороти маълумот ва ижро учун қабул қилинсин.
  2. Сектор раҳбарлари (М.Ачилов, Қ.Рахманов, Ш.Рамазанов, А.Уразбаев)га, туман ҳокими 1-ўринбосари (У.Давлатов)га, туман ҳокими ўринбосарлари(О.Отамуратов, Т.Эрназаров, М.Уразметов, Б.Аташев, Р.Досимов)га тегишли ташкилот раҳбарлари билан биргаликда:

- рўйхатга киритилган меҳнатга лаёқатли ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш, тадбиркорликка, касб-ҳунар ўқитишга жалб қилиш чораларини кўриш;

- бюджет даромадлари базасини кўпайтириш, яширин иқтисодиётни аниқлаш, қўшимча манбаларни излаб топиш чораларини кўриш;

- Ўзбекистон Республикаси Президенти порталидан келиб тушган мурожаатларни ижобий ҳал қилиш юзасидан назорат ўрнатиш;

- секторлар кесимида ишларни тўғри ташкил қилиш, барқарор ва мутаносиб иқтисодий тараққиётни таъминлаш, иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини ошириш;

- янги иш ўринлари яратиш, ишсизликни камайтириш ва меҳнат бозори самарадорлигини таъминлаш;

- ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини ошириш ва аҳоли турмуш сифатини яхшилаш;

- аҳоли ва бизнес учун зарур шарт-шароитлар яратиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасининг барқарорлиги ҳамда ишончлилигини таъминлаш;

- рақобатбардошлик даражасини ошириб, иқтисодиётни янада диверсификация қилиш;

- ишбилармонлик муҳити сифатини яхшилаш, тадбиркорликни доимий қўллаб-қувватлаш ва жадал ривожлантириш;

- молиявий мустақилликка эришиш ҳамда банк-молия соҳасини ривожлантириш;

- фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш самарадорлиги ва маълумотларнинг очиқлигини ошириш чораларини кўриш топширилсин.

  1. Халқ депутатлари туман Кенгаши депутатлари ўзлари сайланган ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолининг, хусусан, ёшлар ва аёлларнинг иш билан бандлигини таъминлаш, касб-ҳунарга ўқитиш, тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан депутатлик назорати ўрнатсинлар.
  2. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати раҳбарига ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилиш топширилсин.
  3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш сектор раҳбарлари (М.Ачилов, Қ.Рахманов, Ш.Рамазанов, А.Уразбаев) зиммаларига юклатилсин.

 

Кенгаш раиси                                                            М.Ачилов


Iyul 08, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 765 marta