ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ
Туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ҳозирги кунда бандлиги таъминланган ёшларнинг бир қисмини рўйхатдан чиқариш тўғрисида.
Президентимиз томонидан “Ёшлар дафтари” жорий этилганлиги таъкидланиб, ёшларга оид давлат сиёсатини самарали амалга ошириш, уюшмаган, ишсиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларнинг муаммоларини тизимли равишда ўрганиш ва ҳал этиш вазифаси топширилди.
Туманда ҳам мазкур топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида уюшмаган, ишсиз ва ижтимоий кўмакка муҳтож ёшларнинг муаммо ва таклифларини ўрганиш юзасидан 28 700 нафар ёшлар билан анкета сўровномалар ўтказилди. Сўровнома натижасига кўра 4 тоифа, яъни ишсиз, касб-ҳунарга ўқиш истагини билдирган, кредит олиш истагини билдирган, ижтимоий ва иқтисодий муаммоси бор 4873 нафар ёшлар “Ёшлар дафтари”га киритилди.
2021 йилда ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича чора-тадбирлар дастури, манзилли режа ва ёшлар баланси ишлаб чиқилди.
Чора-тадбирлар дастурида 6 та йўналиш, жумладан:
биринчи йўналиш - ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни тадбиркорликка кенг жалб этиш ва касб-ҳунарга ўргатиш;
иккинчи йўналиш - ёшларни мусиқа, рассомчилик, театр ва санъатнинг бошқа турларига бўлган қизиқишларини ошириш, истеъдодини юзага чиқариш;
учинчи йўналиш - ёшларнинг спорт соҳасидаги қобилиятини рўёбга чиқариш,уларни жисмоний чиниқтириш ва ҳарбий ватанпарварлик руҳида тарбиялаш;
тўртинчи йўналиш - ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш, медиа саводхонликни ривожлантириш;
бешинчи йўналиш - ёшлар маънавиятини юксалтириш, кутубхоналар ташкил этиш, китобхонликни кенг тарғиб этиш;
олтинчи йўналиш - ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди ва бугунги кунда ушбу йўналишларда ишлар олиб борилмоқда.
“Ёшлар дафтари”га киритиладиган ёшларни белгиланган йўналиш ва соҳаларда бандлигини таъминлаш ижтимоий ва иқтисодий муаммоларини ҳал қилиш бўйича босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда.
Жорий йилда “Ёшлар дафтари”га киритилган, бандлиги таъминланмаган 4873 нафар ёшларни қуйидаги соҳаларда:
Хусусан:
1) ишлаш истагини билдирган бўш иш ўринлари ва “Меҳнат ярмаркалари” доирасида 3720 нафар, шулардан кишлоқ хўжалиги соҳасида 2294 нафар;
2) тадбиркорлик соҳасидаги “Ҳар бир оила - тадбиркор” Давлат дастури ва инвестиция лойиҳалари доирасида 391 нафар;
3) касб-ҳунарга ўқитиш соҳасида 522 нафар;
4) ижтимоий масалаларда 240 нафар ёшларнинг муаммосини ҳал этиш режалаштирилди.
Амалда жорий йил 1-чорагида бириктирилган ишчи гуруҳ томонидан “Ёшлар дафтари”га киритилган 4873 нафар ёшлардан 1684 нафар ёшларни қуйидаги соҳаларда бандлиги таъминланди:
- Бўш иш ўринлари ва “Меҳнат ярмаркалари” доирасида 303 нафар ёшлар давлат корхона, ташкилотлари ва фермер ҳўжаликларига ишга жойлаштирилди.
- Тадбиркорлик соҳасидаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури ва инвестиия лойиҳалари доирасида 212 нафарига кредитлар ажратилди.
- Қишлоқ хўжалиги соҳасида 1169 нафар ёшларга 292,25 гектар экин майдонлари ажратилди.
Секторлар кесимида 1-секторда 457 нафар, 2-секторда 354 нафар,
3-секторда 323 нафар ва 4-секторда 550 нафар ёшларнинг соҳалар кесимида бандлиги таъминланди.
Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими бошлиғи Бекчанов Шавкат Худойбергановичнинг “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ҳозирги кунда бандлиги таъминланган ёшларнинг бир қисмини рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги ҳисоботини атрофлича муҳокама килиб, халқ депутатлари туман Кенгаши
ҚАРОР ҚИЛАДИ:
- Ёшлар ишлари агентлигининг туман бўлими бошлиғи Бекчанов Шавкат Худойбергановичнинг “Ёшлар дафтари”га киритилган ва ҳозирги кунда бандлиги таъминланган ёшларнинг бир қисмини рўйхатдан чиқариш тўғрисидаги ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
- “Ёшлар дафтари”га киритилган ҳозирги кунда бандлиги таъминланган фуқароларнинг сектор раҳбарлари номига “Ёшлар дафтари” рўйхатидан чиқариш бўйича ихтиёрий равишда берган аризалари инобатга олиниб;
- давлат корхона, ташкилотлари ва фермер ҳўжаликларига ишга жойлаштирилган 303 нафар ёшлар 1-иловага;
- “Ҳар бир оила – тадбиркор” Давлат дастури ва инвестиция лойиҳалари доирасида 212 нафар ёшлар 2-иловага;
- қишлоқ хўжалиги соҳасида 292,25 гектар экин майдонлари ажратилган 1169 нафар ёшлар 3-иловага мувофиқ “Ёшлар дафтари” рўйхатидан чиқарилсин.
- Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (О.Жабберганов) ва “Гурлан ҳаёти” газетаси бош муҳаррири (Ф.Абдуллаев)га ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида ҳамда маҳаллий нашрларда эълон қилиш тавсия қилинсин.
- Ушбу қарор ижросининг таъминланишини назорат қилиш сектор раҳбарлари ҳамда халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши доимий комиссиялари раислари зиммасига юклатилсин.
Кенгаш раиси М.Ачилов
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 852 marta