ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши
котибиятини ташкил этиш тўғрисида

 

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши фаолиятини ташкилий, ҳуқуқий, ахборот-таҳлилий жиҳатдан мустаҳкамлаш, депутатлик корпуси иш фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг
20-моддасига мувофиқ, Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

  1. 2021 йил 1 январдан Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг доимий асосда фаолият юритувчи котибияти ташкил этилсин.
  2. Қуйидагилар:

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши котибияти тузилмаси
1-иловага мувофиқ;

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши котибияти тўғрисида Низом
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Гурлан тумани ҳокимлиги хўжалик ишлар мудири (Ж.Бекманов) туман молия бўлими (Ж.Хасанов) билан биргаликда:

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши котибиятининг штатлар жадвали ҳамда 2021 йил учун харажатлар сметаси ишлаб чиқиб тасдиқлаш учун киритсин.

Котибиятнинг давлат рўйхатидан ўтказиш, алоҳида муҳри ва штампи тайёрлаш каби тадбирларни ташкил этсин;

Котибиятга хизмат хонаси ажратиш, моддий техника базаси билан таъминлаш ва хизмат автомобили ажратиш бўйича таклиф киритсин.

  1. Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши котибияти ташкил қилиниши муносабати билан Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг Регламентига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.
  2. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Кенгаш раиси                                                             М.Ачилов

 

 

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг 2021 йил ____ февралдаги _____-сонли қарорига

1-илова

 

 

 

 

 

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши котибияти

ТУЗИЛМАСИ

 

 

Котибият мудири

 

Бош мутахассис

Бош мутахассис

 

 


 
 

 

 

 

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг 2021 йил ____ февралдаги _____-сонли қарорига

2-илова

 

 

 

Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши
котибияти тўғрисида

                                                                                                                      НИЗОМ

 

  1. Умумий қоидалар
  2. Ушбу Низом “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг (бундан буён матнда туман Кенгаши деб юритилади) регламенти асосида ишлаб чиқилган бўлиб, халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши котибияти (бундан буён матнда Котибият деб юритилади) фаолиятини ташкил этиш тартибини, унинг асосий вазифалари ва функцияларини белгилайди.
  3. Котибият халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгашининг доимий фаолият кўрсатувчи ишчи органи бўлиб, маҳаллий Кенгаш, унинг доимий комиссиялари ва депутатлари фаолиятини ташкилий, техникавий ва бошқа жиҳатдан таъминлайди.

Котибият ходимларининг меҳнатга оид муносабатлари маҳаллий Кенгашнинг ваколат муддатига боғлиқ бўлмайди, бундан Котибият мудири мустасно.

  1. Котибият ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Ўзбекистон Республикасининг қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон ва қарорларига, маҳаллий Кенгашнинг қарорларига ва ушбу Низомга амал қилади.
  2. Котибият ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда юритади.
  3. Котибият юридик шахс бўлиб, унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.

Котибиятнинг тузилмаси, низоми, штатлар жадвали, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш миқдори ва моддий-техника таъминоти, шунингдек уларни сақлаш харажатлари тегишли вилоят Кенгаши томонидан тасдиқланади.

Котибият Ўзбекистон Республикаси Давлат герби ва ўз номи туширилган муҳрига ҳамда бланкаларига эга бўлади.

 

  1. Котибият фаолиятини ташкил этиш, унинг
    вазифалари ва функциялари
  2. Котибият ўз фаолиятини туман Кенгаши раиси ҳамда Котибият мудири раҳбарлигида амалга оширади.

Халқ депутатлари вилоят, Тошкент шаҳар Кенгаши котибияти қоида тариқасида 5 нафар, туман, шаҳар Кенгаши котибияти 3 нафар ходимдан иборат бўлади.

  1. Котибият мудири тегишли туман Кенгаши депутатлари орасидан унинг ваколати муддатига тайинланади.

Котибият ходимлари Котибият мудирининг тавсиясига асосан туман Кенгаши қарори билан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.

  1. Котибиятнинг асосий вазифалари ва функциялари қуйидагилардан иборат:

туман Кенгаши фаолиятини ахборот-таҳлилий, ҳуқуқий, ташкилий ва бошқа жиҳатлардан таъминлаш;

маҳаллий Кенгаш, унинг доимий комиссияларининг назорат соҳасидаги ваколатларини самарали амалга оширишга кўмаклашиш;

маҳаллий ижро ҳокимияти, давлат органлари, хўжалик бошқаруви органларининг ҳудудий бўлинмалари, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа идоралар раҳбарлари ва мансабдор шахсларининг ҳисоботлари (ахборотлари) эшитувини ташкил қилишга кўмаклашиш;

маҳаллий Кенгашда ўтказилиши мўлжалланган тадбирлар режаларининг лойиҳаларини тайёрлаш, туман Кенгаши раисининг топшириғига биноан ва доимий комиссияларнинг таклифлари асосида сессия кун тартиби лойиҳасини шакллантириш ҳамда ушбу ҳужжатларни туман Кенгаши раисига кўриб чиқиш учун киритиш;

келиб тушган ҳужжатлар асосида ахборот, таҳлилий ва бошқа материалларни тайёрлаш;

туман Кенгаши раиси ва депутатлар томонидан юридик ва жисмоний шахсларни қабул қилиш билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ҳамда мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ва уларнинг ижросини назорат қилиш;

туман Кенгаши депутатлари томонидан юборилган депутат сўровлари ва уларнинг натижаларини мониторинг қилиб бориш;

туман Кенгаши раисининг топшириқлари ижроси устидан назорат олиб бориш;

туман Кенгаши фаолиятига оид тадбирлар тўғрисидаги хабарлар тайёрланишини ва оммавий ахборот воситаларида чоп этилишини, маҳаллий Кенгашнинг расмий веб-сайтида жойлаштирилишини ташкил этиш;

туман Кенгаши ва унинг доимий комиссиялари муҳокамасига киритиладиган масалалар юзасидан материаллар ва таклифлар тайёрланишига кўмаклашиш;

туман Кенгаши раиси топшириғига биноан туман Кенгаши ваколатига тааллуқли ҳуқуқий масалалар юзасидан хулосалар тайёрланишини ташкил этиш;

туман Кенгаши ва унинг доимий комиссиялари қарорлари лойиҳаларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига, шунингдек юридик техника талабларига мувофиқлигини кўриб чиқиш, мазкур ҳужжатларни такомиллаштириш юзасидан таклифлар тайёрлаш, норматив-ҳуқуқий тусга эга қарорларнинг туман Кенгаши муҳокамасига киритилишидан олдин тегишли адлия органида ҳуқуқий экспертизадан ўтказилишини ташкил қилиш;

туман Кенгаши доимий комиссияларига назорат-таҳлил ишларини амалга ошириш бўйича ташкилий, услубий, ахборот ва маслаҳат йўсинидаги хизмат кўрсатилишини таъминлаш;

туман Кенгаши доимий комиссиялари томонидан семинарлар, давра суҳбатлари ва бошқа тадбирларнинг ташкил этилиши ва ўтказилишига кўмаклашиш, ушбу тадбирларга оммавий ахборот воситалари вакилларини жалб қилиш;

туман Кенгаши сессиялари ишига ва депутатларига ташкилий ҳамда ахборот йўсинидаги хизмат кўрсатилишини ҳамда туман Кенгаши сессиялари материаллари лойиҳаларининг депутатларга етказилишини таъминлаш;

туман Кенгаши депутатларига ўз ваколатларини амалга оширишда кўмаклашиш ҳамда уни тегишли ҳуқуқий-ахборот материаллари билан таъминлаш;

маҳаллий Кенгашга юридик ва жисмоний шахслардан келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқишга кўмаклашиш, мурожаатларнинг ҳисобини юритиш ҳамда рўйхатдан ўтказилишини таъминлаш, шунингдек уларни тегишли давлат органларига ва бошқа идораларга юбориш, мазкур мурожаатларнинг кўриб чиқилишини назорат қилиб бориш;

маҳаллий Кенгашга келиб тушадиган ҳамда ташкилот ва идораларга юбориладиган хат-ҳужжатларнинг ҳисобини юритиш;

туман Кенгаши фаолияти тўғрисида ҳар ой якуни бўйича таҳлилий ахборот тайёрлаш;

туман Кенгаши ва унинг раиси, Котибият мудирининг топшириқларига мувофиқ бошқа вазифалар ва функцияларни амалга ошириш.

  1. Котибият мудири:

Котибият ишига бевосита раҳбарлик қилади, Котибият ходимларининг ишини ташкил қилади ҳамда Котибият зиммасига юклатилган вазифалар ўз вақтида сифатли ижро этилишига шахсан жавоб беради;

маҳаллий Кенгашнинг Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси ҳамда Сенат девонининг тегишли бўлинмаси билан ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

киритилган таклифлар ва ҳужжатлар лойиҳаларини кўриб чиқади, уларнинг такомилига етказилишини ташкил қилади ва тайёрланган ҳужжатлар лойиҳаларига виза қўяди;

тегишли ҳужжатлар қабул қилингандан кейин уларнинг бажарилиши юзасидан тизимли назоратни таъминлайди;

Котибият ходимлари ўртасида вазифалар тақсимотини, шунингдек Котибиятнинг иш режаси лойиҳасини ишлаб чиқади ҳамда туман Кенгаши муҳокамасига киритиш учун туман Кенгаши раисига тақдим этади;

маҳаллий Кенгаш, унинг доимий комиссиялари томонидан ўтказиладиган тадбирларни ташкил қилади ва уларда иштирок этади;

иш юритиш белгиланган тартибда олиб борилишини таъминлайди, чиқувчи хат-хабарларни имзолайди;

тасдиқланган тузилмага ва штатлар жадвалига мувофиқ Котибият ходимлари лавозимига номзодларни тавсия этади, кадрлар захирасини шакллантиради;

Котибият ходимларининг касбий даражасини ва иш малакасини ошириш, уларни рағбатлантириш ва уларга жавобгарлик чораларини қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқади ҳамда туман Кенгаши раисига киритади.

  1. Котибият ходимлари:

ўз зиммасига юклатилган вазифалар ўз вақтида сифатли ижро этилишига шахсан жавоб беради;

тегишли давлат органлари, хўжалик бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмалари, бошқа идоралар томонидан тақдим этилган таклифларни ва ҳужжатлар лойиҳаларини ҳар томонлама пухта таҳлил қилади, улар бўйича таҳлилий материалларни ва эксперт таклифларини тайёрлайди, шунингдек уларнинг белгиланган тартибда келишилишини таъминлайди;

тайёрланган материаллар ва ҳужжатлар лойиҳалари тўғрисида Котибият мудирига ахборот беради;

қабул қилинган ҳужжатлар бўйича назорат режасини ёки ташкилий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва белгиланган тартибда тасдиқлаш учун Котибият мудирига киритади;

туман Кенгаши томонидан Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва уларнинг қўмиталари, комиссияларининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳужжатлари ва топшириқлари, шунингдек вилоят Кенгаши қарорларининг ижро этилишини таҳлил қилади;

туман Кенгаши томонидан ўтказиладиган мажлисларда, ўзига бириктирилган масалалар бўйича доимий комиссиялар мажлисларида белгиланган тартибда иштирок этади;

сиёсий партиялар депутатлик гуруҳлари томонидан туман Кенгаши сессиясига киритиладиган масалаларни Котибият мудирига тақдим этиб боради;

туман Кенгаши доимий комиссиялари йиғилишларини ташкиллаштиради;

туман Кенгаши ва Котибият мудирининг топшириқларига мувофиқ бошқа вазифаларни амалга оширади.

 

III. Якунловчи қоидалар

  1. Котибият тўғрисида низомни қабул қилиш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш масалалари юзасидан қарорлар туман Кенгаши сессиясида депутатлар умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.
  2. Котибият тўғрисида низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги таклифлар туман Кенгаши доимий комиссиялари, депутатлар гуруҳлари, партия гуруҳлари, туман Кенгаши депутатлари томонидан киритилиши мумкин.

Fevral 06, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 806 marta