СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗДАН ФОЙДАЛАНИШ ҚОИДАЛАРИГА АМАЛ ҚИЛАЙЛИК

Суюлтирилган газдан фойдаланишга доир  ҳавфсизлик қоидаларини аҳолига тушунтириш бўйича “Гурлантумангаз” газ таъминоти бўлими томонидан кенг миқёсда тарғибот ишлари олиб борилмоқда. Газ баллони билан плита орасидаги масофанинг камида 1,5 метр бўлиши ва улар бири-бирига фақатгина махсус  ичи ип матоли резина шланг билан уланиши каби бир неча оддий қоидалар истеъмолчиларга етказилмоқда. Айниқса, газ баллонидаги носозликни фақат мутахассис устагина бартараф қила олиши, баллонни билиб-билмасдан тузатишга уриниш ўта аянчли оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда. Шу  боисдан ҳам, истеъмолчилар   газ таъминоти бўлимида баллонларни ўрнатиб бериш хизмати жорий этилганлигини  айни муддао янгилик сифатида қабул қилмоқдалар.                   Тумандаги “Бирлашган” маҳалласи аҳолиси билан суҳбатимиз асносида бунга амин бўлдик.

     Тарғибот ишлари самарадорлигини аниқлашни ўз олдига мақсад қилган ушбу мулоқотимиз давомида бўлим ходимлари мазкур йўналишда талаб даражасида тушунтириш ишлари олиб бораётганликларининг гувоҳи бўлдик.  Хонадонлар соҳиб ва соҳибалари бўлим ходимлари уларга ҳавфсизлик қоидалари  битилган  буклетлар тарқатганлигини ҳамда бу буклетлар орқали газ баллонларини тўғри тасарруф этиш бўйича барча зарур маълумотларни олганликларини айтдилар.

                 -Газ таъминоти бўлими ходимлар 3000 сўм эвазига газдан бўшаган баллонни жойидан ечиб ўрнига тўлдирилганини ўрнатиб бериб кетишади, -дейди биз билан суҳбатда маҳаллада яшовчи Давлатбой Бабажанов -Бу хизмат турининг жорий этилганидан биз жуда хурсандмиз.

                  Бундан ташқари, 722 та аҳоли хонадони истиқомат қилаётган маҳаллага  суюлтирилган газнинг етказиб бериш даврийлиги билан ҳам қизиқдик.

       -Маҳалламизга суюлтирилган газ  ўз вақтида, яъни ҳар 35-40 кунда етказиб берилмоқда, -деди  биз билан суҳбатда  ушбу маҳаллада яшовчи   Шериммат Жуманиязов  -Суюлтирилган газ таъминотида муаммо йўқ.

       Маҳаллага шу йилнинг 10 ойи давомида 79,5 тонна ўрнига 84,18 тонна суюлтирилган газ етказиб берилиб режа 106 фоизга  бажарилганлиги ҳам ушбу фикрни тасдиқлайди.

 

“Hududgaz Xorazm” газ таъминоти филиали матбуот хизмати


Oktabr 30, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 868 marta