Рўйхатга олишнинг самараси тайёргарликнинг пухталигига боғлиқ

Давлат ва жамият ҳаёти учун муҳим аҳамиятга молик ҳар қандай тадбир пухта ва кенг қамровли тайёргарликни талаб қилиши муқаррар. Шу жиҳатдан олиб қаралганда, 2023 йилда ўтказилиши белгиланган аҳолини рўйхатга олишнинг мамлакатимиз истиқболи, тараққиёти, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва кўплаган муаммо ва масалаларга ижобий ечим топиши билан беқиёс аҳамият касб этиши билан алоҳида эътиборга эгадир. Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги 710-сонли “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори билан тасдиқланган Низомга асосан 2023 йил 1-25 ноябрь кунлари ўтказиладиган рўйхатга олиш ишларига тайёргарлик кўриш ва ўтказиш билан боғлиқ барча жиҳатлар эътиборга олинган. Ушбу тадбирда иккинчи даражали деб қараладиган масаланинг ўзи йўқ. Зеро, ҳар бир чора-тадбир масъулият билан ёндошишни талаб этади. 

Юқоридаги Низомда шахсий ва жамоавий уй хўжаликларида доимий яшовчи респондентларни рўйхатдан ўтказиш тартиби алоҳида назарда тутилган.

Шахсий уй хўжаликлари таркибига турар-жой бинолари, уйлар, квартиралар, ётоқхоналар, дала ҳовлилар ва бошқа яшаш учун фойдаланиладиган биноларда яшовчи шахслар киради.

Жамоавий уй хўжаликлари таркибига ижтимоий ва тиббиёт муассасаларида, казармаларда, қамоқхоналарда ва диний ташкилотларда (мадрасаларда) доимий яшовчи шахслар гуруҳи киради.

Аҳолининг айрим тоифалари яшайдиган муассасалар (ташкилотлар) жамоавий уй хўжаликлари ҳисобланади. Яъни:

болалар интернатлари, тарбия муассасаларида;

ижтимоий муассасаларда;

диний муассасаларда;

шифохоналар ва бошқа соғлиқни сақлаш ташкилотларида;

зўравонликдан жабрланган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш марказларида;

қамоқда сақлаш жойларида, тергов ҳибсхонасида, ахлоқ тузатиш муассасаларида ва махсус муассасаларда яшовчи (доимий ёки вақтинча) шахслар жамоавий уй хўжаликларида яшовчилар ҳисобланади.

Мазкур Низом билан ушбу муассасаларда рўйхатга олиш ишлари уларнинг маъмуриятлари томонидан амалга оширилиши белгиланган.

 

Хоразм вилояти статистика бошқармаси


Iyun 07, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 750 marta