РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 10 январь куни "You tube" ижтимоий тармоғи орқали “Президентга мурожаат, хотинимни йўлдан уриб уйимни тортиб олишди, ёрдам беринг” сарлавҳали видеомурожаат тарқалди.
Ушбу мурожаат тегишли давлат органлари томонидан ўрганилиб, тақдим қилинган маълумотга асосан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Гурлан тумани, Эшимжирон қишлоғи, “Ёрмиш” маҳалласида жойлашган 9-уйда рўйхатда туриб, тумандаги “Гурлан киновидео” МЧЖга қарашли савдо масканида соқчи вазифасида ишлаб, шу ерда яшаб келаётган Бекметов Джавлон Тажибаевичнинг турмуш ўртоғи Р.Жуманиязовага тегишли бўлган турар жойга киритилмаётганлиги ҳақида “YouTube” ижтимоий тармоғи орқали мурожаат қилган.
Хусусан, туман ҳокимлиги томонидан 2018 йилда Д.Бекметовнинг турмуш ўртоғи Р.Жуманиязованинг номига Гурлан тумани “Эшимжирон” қишлоғи, “Ёрмиш” маҳалласи, Арчазор кўчасидан 200 кв. метр турар жой биноси расмийлаштириб берилган.
Бироқ ушбу турар жойнинг дастлабки бадал пулларини Р.Жуманиязова тўлаб билмаганлиги сабабли, фуқаро Р.Жуманиязова билан фуқаро О.Солиев ўртасида ўзаро келишув тузилиб, бадал пулларни О.Солиев тўлаб берган ва турар жойнинг шартнома асосида ойлик тўланадиган пулларини ҳам 2020 йилнинг октябрь ойига қадар тўлаб келган.
Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг 2020 йил 30 июлдаги ҳал қилув қарорига асосан даъвогар Д.Бекметовнинг жавобгарлар Салимов Обиджон Махсудович ва Жуманиязова Рўза Мамматсолиевналарга нисбатан “Ёрмиш” маҳалласи, Арчазор кўчасидаги турар жойга киритиш ҳақидаги даъво аризаси қаноатлантиришдан рад қилинган.
Чунки даъвогар низоли турар жойда доимий яшовчи сифатида рўйхатда турмаслигини, тарафлар қонуний никоҳдан ўтмаганлиги боис низоли турар жойни умумий мулк, фуқаролик қонунчилигига асосан улушли мулк деб бўлмаслигини инобатга олиб, даъвогарнинг даъвосини рад қилиш ҳақида хулосага келинган.
Ушбу фуқаролик иши юзасидан даъвогар Д.Бекметовнинг кассация тартибида йўллаган шикоятига асосан 2020 йил 5 ноябрдаги фуқаролик ишлари бўйича вилоят суди кассация инстанциясининг ажримига кўра, ФИБ Шовот туманлараро судининг 2020 йил 30 июлдаги ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъвогар Д.Бекметовнинг даъво талаби қаноатлантирилган.
Даъвогар Д.Бекметов ва жавобгар Р.Жуманиязованинг Гурлан туман ФҲДЁ бўлимида 2020 йил 9 октябрда қонуний никоҳдан ўтганлиги сабабли суд даъвогар Д.Бекметовни оила аъзоси сифатида низоли турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга эканлигини инобатга олиб, даъво талабини қаноатлантирган.
Ҳозирда Д.Бекметов турмуш ўртоғи Р.Жуманиязова билан ўзаро оилавий келишмовчилик сабабли “Гурлан киновидео” МЧЖга қарашли савдо масканида ёлғиз яшаб келаётганлиги аниқланди.
МИБ Гурлан туман бўлими томонидан даъвогар Д.Бекметов “Ёрмиш” маҳалласи, Арчазор кўчасидаги турар жойга киритилган, бироқ турмуш ўртоғи Р.Жуманиязова турар жойнинг калитини Д.Бекметовдан олиб, ушбу турар жойни кулфлаб қўйган. Даъвогар Д.Бекметовнинг 2021 йил 11 январда МИБ Гурлан туман бўлимига қилган мурожаати юзасидан бўлим ходимлари томонидан Д.Бекметов “Ёрмиш” маҳалласи, Арчазор кўчасидаги турар жойга киритилиб, уйнинг калити Д.Бекметовга топширилиб, уйдан фойдаланиш имконияти яратиб берилди.
Шунингдек, Д.Бекметов 2021 йил 11 январь куни “YouTube” ижтимоий тармоғи орқали алимент пули ундириш тўғрисидаги суднинг қароридан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ҳозирги кунда Джавлон Бекметовнинг турмуш ўртоғи Жуманиязова Роза Маматсолиевна оилавий келишмовчиликлар сабабли турмуш ўртоғидан алоҳида ижарада, Гурлан шаҳарчаси “Янги аср” маҳалласи Мустақиллик кўчаси 3-уйда, фарзандлари 2005 йилда туғилган Тажибоева Шахноза ва 2009 йилда туғилган Тажибоев Бахтиёр Джавлон ўғли билан яшаб келмоқдалар. Ушбу оилани яраштириш мақсадида туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Бабажанова бошчилигида ўтказилган суҳбатларга қарамасдан Р.Жуманиязова турмуш ўртоғи билан яшашдан бош тортган ва белгиланган тартибда алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилган. 2021 йил 12 январь куни Н.Бабажанова томонидан Д.Бекметов ва турмуш ўртоғи Р.Жуманиязова билан оиласини сақлаб қолиш мақсадида суҳбат ўтказилди. Аммо Р.Жуманиязова турмуш ўртоғи билан 15 йиллик ҳаёти давомида яхши яшамаганлиги ва бундан кейин ҳам келиша олмаслигини айтиб, тушунтириш хати ёзиб берган. Д.Бекметов эса тушунтириш хати ёзишдан бош тортган.
Шунингдек, Д.Бекметовга алимент ундириш тўғрисидаги суднинг қароридан норози бўлса, тегишли тартибда юқори турувчи органларга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 887 marta