РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 25 ноябрь куни "You tube" ижтимоий тармоғи орқали “ГУРЛАН ТУМАНИДАН МУРОЖААТ ФЕРМЕРЛАР ЎРТАСИДАГИ КЕЛИШМОВЧИЛИК!” номли видеомурожаат тарқалди.
Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир кўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан туман ҳокимлиги захирасидаги ер майдонлари лойиҳа қилиниб янгидан фермер хўжаликлари ташкил қилиш учун очиқ танловга қуйилган.
Гурлан тумани “А.Навоий” ҳудудидаги № А.Н-10 ер участкасига танловда иштирок қилиш учун талабгор сифатида “Ойбек хўжа” фермер хўжалиги раҳбари Раматова Рахатой ҳамда “Шукуржон дукончи” фермер хўжалиги раҳбари Яхшимуратов Жавлонбеклар ариза билан мурожаат қилган.
Танлов якунлари бўйича Гурлан тумани “А.Навоий” ҳудудидаги № А.Н-10 ер участкасига талабгор “Шукуржон дукончи” фермер хўжалиги раҳбари Яхшимуратов Жавлонбек танлов ғолиби деб топилиб туман ҳокимининг 28.01.2019 йилдаги № 925-сонли қарори билан “Шукуржон дукончи” фермер хўжалигига узоқ муддатли ижарага ер майдони ажратиб берилган. Туман ҳокимлигига туман прокуратураси томонидан 2019 йил 20 февралда қонун бузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида № 11/19-148-сонли тақдимнома киритилган. Тақдимнома Ер участкалари бериш (Реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссияси томонидан кўриб чиқилган талабгорни аниқлашда танлов комиссияси томонидан йўл қўйилган камчиликлар аниқланиб, туман танлов комиссиясининг 2019 йил 28 январдаги № 2-сонли йиғилиш қарорининг “Шукуржон дукончи” фермер хўжалиги раҳбари Яхшимуратов Жавлонбекка тегишли қисмини ва туман ҳокимининг 28.01.2019 йил № 925-сонли қарорини бекор қилиш бўйича комиссиянинг 20.03.2019 йилдаги № 16-сонли йиғилиш баённомаси қабул қилинган. Шунга асосан Гурлан туман ҳокимининг 26.03.2019 йилдаги № 2359-сонли қарори билан туман ҳокимининг 28.01.2019 йилдаги № 925-сонли қарори бекор қилинган.
Шундан сўнг, Ер участкалари бериш (Реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссиясининг 20.03.2019 йилдаги № 16-сонли йиғилиш баённомасига асосан туман ҳокимининг 01.04.2019 йил № 2414-сонли қарори билан тумандаги “Ойбек хўжа” фермер хўжалигига узоқ муддатли ижарага ер майдони ажратиб берилган. 2019 йил 15 апрелда Хоразм вилоят прокуратураси томонидан Гурлан туман ҳокимининг 26.03.2019 йилдаги 2359-сонли ва 01.04.2019 йилдаги 2414-сонли қарорларини бекор қилиш ҳақида протест киритилган. Туман ҳокимининг 01.05.2019 йилдаги № 3048-сонли қарори билан Хоразм вилоят прокуратурасининг протести қисман қаноатлантирилиб, тумандаги “Ойбек хўжа” фермер хўжалигига ижарага ажратиб берилган ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган ва янгидан фермер хўжалиги ташкил қилиш учун очиқ танловга қўйилган. Фермер хўжалиги ташкил қилиш учун очиқ танлов ўтказилиши “Гурлан ҳаёти” газетасида эълон килинган. “Шукуржон дукончи” фермер хўжалиги раҳбари Ж.Яхшимуратовнинг туман ҳокимининг 26.03.2019 йилдаги 2359-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги шикоят аризаси Гурлан туман маъмурий судининг 31.07.2019 йилдаги ҳал қилув қарори билан каноатлантирилган. Гурлан туман маъмурий судида учинчи шахс сифатида ишга жалб қилинган “Ойбек хўжа” фермер хўжалиги суд қароридан норози бўлиб Хоразм вилоят маъмурий судига апелляция тартибида шикоят аризаси киритган. Хоразм вилоят маъмурий судининг 11.09.2019 йилдаги қарори билан апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.
“Ойбек хўжа” фермер хўжалиги томонидан суд қарорларидан норози бўлиб Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят ариза киритилган. 2020 йил 4 январ куни Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судьяси М.Эшимбетов, “Ойбек хўжа” фермер хўжалиги ҳамда “Шукуржон дукончи” фермер хўжалигининг Гурлан туман маъмурий судида юритилган 3-2206-1901/927-сонли иш бўйича қабул қилинган суд қарорлари устидан берилган назорат шикояти ва унга илова қилинган ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, назорат шикоятида келтирилган важларга кўра ажримни назорат тартибида текшириш асослари мавжуд эмаслиги сабабли шикоятни судлов ҳайъатига ўтказишни рад қилган.
Шунингдек, “Шукуржон дукончи” фермер хўжалиги раҳбари Яхшимуратов Жавлонбек Хақназарович томонидан фермер хўжалигидаги 829,0 м2 ер майдонига қурилган турар жой биносини бузиш масаласи бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий судига назорат тартибида шикоят аризаси киритилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг 26 октябрь ва 13 ноябрь кунлари ҳам ушбу мазмундаги мурожаатлар "You tube" ижтимоий тармоғи орқали эълон қилинган ва ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш натижалари асосида расмий муносабат билдирилган эди.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 1000 marta