РАСМИЙ МУНОСАБАТ

        Жорий йилнинг 24 ноябрь куни "You tube" ижтимоий тармоғи орқали  “Гурлан туманидан ер учун юрган тадбиркор мурожаати Ф.Эрмановга” сарлавҳали видеомурожаат тарқалди. Ушбу  ҳолат  Гурлан туман ҳокими Муроджон Ачилов бошчилигида тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида жойига чиқиб ўрганилди. 

       Ўрганиш давомида "You tube" ижтимоий тармоғи орқали мурожаат қилган  тадбиркор Гурлан тумани “Бирлашган” қишлоғи “Пахтакор” маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.Матуразов билан мулоқот қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 2019 йил 1 октябрдан бошлаб жорий этилган тартибга мувофиқ тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкалари электрон онлайн-аукцион орқали берилиши, ҳокимлар тадбиркорларга аукционсиз ер ажратиб бериш ваколатига эга эмаслиги  тушунтирилиб, бугунги кунда туманда тадбиркорлик билан шуғулланиш учун электрон аукцион савдода турган  ер участкалари билан таништирилди.

        Шунингдек, Ғ.Матуразовга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сон қарорига асосан маҳаллада маъқулланган намунавий лойиҳаларга мувофиқ ўзини ўзи бошқариш органи комплексини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қурган тадбиркорларга тегишли инфратузилма қуриш учун зарур ер участкалари тўғридан-тўғри (танлов савдоларини ўтказмасдан) шартномалар асосида ҳақ ундирилмасдан ажратилиши мумкинлиги тушунтирилди.

         Маълумот ўрнида айтиш жоизки, тадбиркор Ғ.Матуразовнинг ушбу масала бўйича шу йилнинг 19 октябрь куни "You tube" ижтимоий тармоғи орқали қилган видеомурожаатини ўрганиш давомида   унга ўзи яшаб турган    “Пахтакор” маҳалласи ҳудудидан электрон онлайн-аукционга қўйилган ва қўйилиш арафасида турган “Бирлашган” қишлоғи “Пахтакор” маҳалласи “Намуна” массивининг 968қ-контуридаги 350,0 кв.м, 781қ-контуридаги 150,0 кв.м, 643қ-контуридаги 300,0 квадрат метр ер участкалари таклиф қилиниб, уларни қонунчиликда белгиланган тартибда электрон онлайн-аукционда қатнашиб ютиб олиши мумкинлиги тушунтирилган. Бундан ташқари олдин ҳам туман ҳокими Муроджон Ачилов бир неча бор ушбу масалада тадбиркор Ғ.Матуразов билан учрашган ва қонунчиликда белгиланган тартибда тушунтириш ишлари олиб борган.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Noyabr 26, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 907 marta