РАСМИЙ МУНОСАБАТ

          Жорий йилнинг  16 ноябрь куни "You tube" ижтимоий тармоғи орқали “ЁРДАМ ҚИЛИНГ МЕНИ ТАДБИРКОРЛИГИМГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛИШЯПТИ” номли видеомурожаат тарқалди. 

         Ушбу ҳолат тегишли мутахассисларни жалб қилган ҳолда ўрганиб чиқилди. Ўрганиш натижаларига кўра, қуйидагиларни маълум қиламиз.

       Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 17 августдаги “Хоразм вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш ва унинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4810-сонли қарорининг 1-иловасида Гурлан туманида "Perfect Platinum" МЧЖ томонидан тайёр дори воситалари (таблетка ва капсулалар) ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш белгилаб қўйилган.

       Мазкур қарор ижросини таъминлаш ва ташаббускорнинг лойиҳасига мос келадиган (коммуникация мавжудлигини инобатга олиниб) ер майдони билан таъминлаш мақсадида, туман ҳокимлиги тасарруфидаги фойдаланилмасдан бўш турган  Гурлан тумани “Сахтиён” қишлоғи “Обод” маҳалласидаги 1,22 гектар бўлган сув тақсимлаш иншооти биносини аукционга чиқариш учун вилоят ҳокимлигига таклиф берилган.

      Хоразм вилояти ҳокимининг жорий йилнинг 18 сентябридаги 338қ-сонли қарорига асосан сув тақсимлаш иншооти биноси сентябрь ойида 10,0 млрд. сўмлик инвестиция киритиш ва 40 та янгидан иш ўринлари яратиш ҳамда тайёр дори воситалари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш шарти билан аукционга чиқарилиб, бир ой давомида аукцион савдоларида турган (https://e-auksion.uz/contest-result?3&lots_id=289668).

      2020 йил 21 октябрда сув тақсимлаш иншооти биноси “E-IJRO AUKSION” онлайн-аукционда DA 194-033514-сонли баённомага асосан инвестициявий ва ижтимоий мажбуриятлари эвазига “ноль” харид қийматида "Perfect Platinum" МЧЖ томонидан сотиб олинган.

       Давлат мулкини бошқариш, сотиш ва уни ижарага бериш масъул давлат органи – Давлат активларини бошқариш агентлиги томонидан амалга оширилади. Сув тақсимлаш иншооти биносининг бир қисмидан (92 кв.м) “Обод” маҳалласи 13-уйда яшовчи фуқаро Ф.Тажимуратов вақтинчалик ижара асосида фойдаланиб келган. Мазкур объект ўз йўналишида келгусида фойдаланиш зарурати йўқлиги сабабли, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигининг розилиги билан “Туямўйин Урганч” МСҚФБ ДУК балансидан (Гурлан туман ҳокимининг 2019 йил 14 сентябрдаги 6066-сонли қарорига асосан) туман ҳокимлиги тасарруфига ўтказилган. Объект туман ҳокимлиги тасарруфига ўтгандан сўнг ҳокимлик билан ҳеч қандай ижара шартномаси тузилмаган.   

      Шунингдек, аукцион ғолиби “Perfect Platinum” МЧЖ раҳбари билан туман ҳокимининг ўринбосари-инвестициялар ва ташқи савдо бўлими бошлиғи О.Отамуратов ўртасида қариндошлик ёки ошна-оғайничилик муносабатлари мавжуд эмас. Маълумки, аукцион савдолари аукцион маркази томонидан барча учун ошкора тартибда амалга оширилади, исталган ташаббускор аукционда қатнашиши мумкин. Шу жумладан, Г.Тажимуратов ҳам аукционда қатнашиши мумкин эди.


Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Noyabr 19, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 928 marta