РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Жорий йилнинг 27 июль куни “Facebook” ижтимоий тармоқларида Гурлан тумани, Сахтиён маҳалласида яшовчи фуқаро Давлетова Назокат томонидан уйининг олдидаги экин экиб фойдаланиб турилган ер майдонида қурилиш ишлари бошлаб юборилганидан норози эканлигини билдириб пост қолдирган.

Ушбу ҳолат бўйича тегишли ташкилот мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз.

Гурлан туман ҳокимининг 2018 йил 16 октябрдаги 2906-сонли қарори билан Гурлан тумани, Сахтиён қишлоғи, И.Холметов массиви ҳудудидан “Достонбек Аброрбек” фермер хўжалигига “Музлаткичли омборхона, иссиқхона, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаси” қурилиши учун 6к-қисм контуридан 0,4 га ер майдони ажратилиб берилган. Шунга асосан “Достонбек Аброрбек” фермер хўжалиги ушбу ер майдонида қурилиш ишларини бошлаб юборган. 
Хоразм вилоят прокуратурасининг Гурлан туман ҳокимининг 2018 йил 16 октябрдаги 2906-сонли қарорини бекор қилишни сўраб киритган протестига асосан 2021 йил 28 майдаги 1323-сонли қарор билан туман ҳокимининг қарори бекор қилинган. 
Ўрганиш давомида  “Достонбек Аброрбек” фермер хўжалиги раҳбари Зафар Султанов Гурлан тумани ҳокимининг 2018 йил 16 октябрдаги 2906-сонли қарори бекор қилинишига қарамасдан тегишли ҳужжатларсиз, ўзбошимчалик билан қишлоқ хўжалигида фойдаланиладиган ер майдонида  қурилиш ишларини  амалга ошираётгани аниқланган.

Ўзбекистон Республикасининг "Ер кодекси"нинг 91- моддасига асосан фуқаро З.Султанов ер майдонини ўз ҳисобидан белгиланган 15 кунлик муддат ичида олдинги ҳолатига келтириб қўйиши, акс ҳолатда қонунда белгиланган тартибда чора кўрилиши бўйича огоҳлантирилганини маълум қиламиз.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати 


Iyul 28, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 748 marta