РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Жорий йилнинг 11 июль куни “You tube” ижтимоий тармоғида "e -ижро аукционда ютиб олинган ерим қани" номли видеомурожаат тарқалди.

Ушбу ҳолат бўйича туман ҳокимлиги томонидан тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 январдаги “Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари бериш ва ер участкаларига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини реализация қилиш тартиби тўғрисида”ги 63-сонли қарорига мувофиқ Гурлан тумани “Гулистон” қишлоғи “Дўстлик” маҳалласи ҳудудидан  ҳар бири 400,0 кв.метрдан жами 39 та ер участкасидан 31 та ер участкаси электрон онлайн аукцион савдоларига чиқарилган бўлиб, бу ер участкалари жисмоний шахслар томонидан ютиб олинган. Шу жумладан, Атажанов Тўлибойнинг турмуш ўртоғи Аллаярова Муборак  ҳам 2020 йил 13 январдаги ғолиблик Байённомасига асосан 33-рақамли “6” ер участкасини ютиб олган ва қурилиш ишларини ёз ойида бошлашни ражалаштириб қўйган.

Бироқ шу маҳаллада яшовчи Саидов Ислом томонидан М.Аллаярова ютиб олган ер майдонида май ойида ўзбошимчалик билан қурилиш (турар жой) ишлари бошлаб юборилади. М.Аллаярова тегишли ташкилотларга мурожаат қилгандан кейин ушбу ер майдони ҳақиқатдан ҳам унинг ўзига тегишли ҳудуд эканлиги аниқланади. ФИБ Шовот туманлараро судига ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани бартараф қилиш юзасидан Гурлан туман ҳокимлиги томонидан даъво аризаси киритилади.

Суд мажлисига қадар ўзбошимчалик билан М.Аллаярованинг ютиб олган ер майдонига турар жой қурган И.Саидов қурган турар жойига эгалик ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатни қурилиш тугагандан кейин турар жой биносини фойдаланишга қабул қилиш тўғрисидаги далолатномага асосан Аллаярова Муборак номига кадастр йиғма жилдини тайёрлаб кўчмас мулкга бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилишига ўзаро келишиб оладилар. 

Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг 2021 йил 11 май кунига тайинланган суд мажлисига иккала тараф ҳам келмаган, келмаслик сабабларини ҳам билдиришмаган. Суд ажримига кўра,  Ўзбекистон Ресрубликаси ФПКнинг 122-моддаси 5-қисмига асосан  даъвогар Гурлан туман ҳокимлигининг жавобгар Саидов Исломга нисбатан ноқонуний қурилмани бартараф этиш ҳақидаги аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши кўрилмасдан қолдирилди.

Юқоридаги ҳолатлар инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 89-моддасига асосан ер хусусидаги ўзаро низолар суд тартибида кўрилиши белгиланганлигини маълум қиламиз.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати 


Iyul 13, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 763 marta