РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 11 июль куни Гурлан тумани “Сахтиён” қишлоғи “Ватанпарвар” маҳалласида яшовчи Шоира Бекимматованинг “Президентга мурожаат илтимос менга ҳам ёрдам беринг”, “Гурлан ҳокими бу қизни йиғлатди” каби турли номдаги видеомурожаатлари ижтимоий тармоқлардаги бир неча каналлар орқали тарқалди.
Бекимматова Шоиранинг ушбу видеомурожаатлар орқали қилаётган даъвоси бўйича тегишли ташкилотлар ходимлари томонидан бир неча маротаба ўрганишлар олиб борилиб тушунтиришлар берилган, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам ушбу чиқишларга жавобан расмий баёнотлар эълон қилинган. Жумладан, жорий йилнинг 29 июнь куни Гурлан туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали (мисол учун, https://t.me/gurlanhokimlik/6769) Урганч туманлараро маъмурий судининг 2021 йил 8 июндаги қарорига асосан батафсил маълумот бериб ўтилган.
Бекимматова Шоира 2020 йил пандемия сабабли ёлғиз оналиги, бир нафар фарзандни ёлғиз ўзи тарбиялаётгани ҳамда илгари кам таъминланган оилалар рўйхатида турганлиги ҳисобга олиниб “Темир дафтар”га киритилган. Шу туфайли мунтазам равишда озиқ-овқат ва пул маблағлари билан таъминланиб турилган. 2020 йил “Ражаб Сит” фермер хўжалигидан шоли экиш учун 0,5 га ер ажратиб берилган. Ҳомийлар томонидан ун ва ёғ маҳсулотлари билан таъминлаб борилган. Бекимматова Шоира Гурлан туман тиббиёт бирлашмаси туғруқ комлексида бир ставкада кичик тиббиёт ходими вазифасида ишлайди, у доимий даромад манбаига эга. Ана шулар эътиборга олинган ҳолда Ш.Бекимметованинг ўз аризасига асосан Халқ депутатлари Гурлан туман кенгашининг 2020 йил 25 декабрдаги 25-105-сонли сессия қарорига асосан “Темир дафтар”дан чиқарилган.
Шуни ҳам алоҳида таъкидлаш керакки, туманда туман ҳокими М.Ачилов бошчилигида иқтисодиётни ривожлантириш, тадбиркорликка кенг йўл очиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”га киритилган фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, “Обод қишлоқ” дастурини амалга ошириш, бир сўз билан айтганда, аҳолини рози қилиш борасида амалга оширилаётган ибратли ташаббуслар ҳақидаги видеолавҳалар ва янгиликлар Гурлан туман ҳокимлигининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларида мунтазам равишда ёритиб борилмоқда.
Бекимматова Шоиранинг видеомурожаатларида кўтарилган масалалар бўйича даъволари ҳеч қандай асосга эга эмаслигини яна бир бор маълум қиламиз.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 724 marta