РАСМИЙ МУНОСАБАТ

“You tube” ижтимоий тармоғидаги каналлар орқали Гурлан тумани “Сахтиён” қишлоғи “Ватанпарвар” маҳалласида яшовчи Шоира Бекимматованинг бир қанча видеомурожаатлари тарқалди.

Ушбу видеомурожаатларда  Бекимматова Шоира турар жойига дахлдор бўлмаган давлат захирасидаги ер майдонидан бир неча йиллардан буён экин экиб келаётганини рўкач қилиб, ушбу ер майдони унга тегишли эканлигини даъво қилиб келмоқда.

2021 йил 8 июнь куни Урганч туманлараро маъмурий судида аризачи Бекимматова Шоиранинг жавобгар Гурлан тумани ҳокимининг 2020 йил 19 октябрдаги 2411-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси бўйича юритилган маъмурий иш ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқилган.

Иш ҳужжатлари ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, Гурлан тумани ҳокимининг 2018 йил 15 августдаги 2330-сонли қарорига асосан, аризачи Бекимматова Шоиранинг Гурлан тумани, “Сахтиён” қишлоғи, “Ватанпарвар” маҳалласидаги умумий 600 м2 ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган турар жойига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф қилиниб, эгалик ҳуқуқи белгиланган.

Шунга асосан, аризачи Ш.Бекимматова номига 2018 йил 19 сентябрь куни ер тузиш ва кўчмас мулк давлат корхонаси Гурлан тумани филиалининг 6230-рақам билан Гурлан тумани, “Сахтиён” қишлоғи, “Ватанпарвар” маҳалласидаги 600 м2 ер майдонидан ташқари, амалда 688,96 м2 ер майдони, яъни жами 1288,96 м2 ер майдонидан фойдаланиб келаётганлиги кўрсатилиб, давлат рўйхатидан ўтказилган ва кадастр ҳужжатлари тайёрланган.

Гурлан тумани ҳокимининг 2020 йил 19 октябрдаги 2411- сонли қарорига биноан, фуқаро Аминов Зокир Ахмад ўғлига Гурлан тумани, “Сахтиён” қишлоғи, “Ватанпарвар” маҳалласи ҳудудидан тадбиркорлик объектлари қурилиши учун 500 м2 ер майдони ажратиб берилган.

Аризачи Ш.Бекимматова мазкур қарордан норози бўлиб, Урганч туманлараро маъмурий судига ариза билан мурожаат қилган. Бироқ давлат кадастрлари палатаси Хоразм вилояти бошқармаси Гурлан тумани филиалининг 2021 йилнинг 31 май кунги 514-сонли ёзишмасида аризачи Ш.Бекимматованинг турар жойи ҳудудига фуқаро Аминов Зокир Ахмад ўғлига туман ҳокимининг қарорига асосан ажратиб берилган ер майдони дахл қилмаслиги маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 12-моддаси 1-қисмида давлат органининг ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳамда фуқароларнинг ёки юридик шахснинг фуқаролик ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжати суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкинлиги қайд қилинган бўлиб, Гурлан туман ҳокимининг мазкур қарори билан аризачининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари бузилганлигини тасдиқловчи далиллар мавжуд эмаслиги аниқланган.

Ушбу маълумотларга асосланиб, суд Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 115, 154-158, 186,189-моддаларини қўллаб, аризачи Бекимматова Шоира Халматовнанинг жавобгар Гурлан тумани ҳокимининг 2020 йил 19 октябрдаги 2411-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан берган аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Суд қарорида ушбу ҳал қилув қароридан норози тараф бир ой муддат ичида шу суд орқали  Хоразм вилоят маъмурий судига апелляция тартибида шикоят беришга, прокурор протест келтиришга ҳақли эканлиги кўрсатиб ўтилган.

Суд қарори бажарилишини таъминлаш барча учун мажбурийлигини, суд қарорини муҳокама қилишга ва унда кўрсатилган талабларни бажармасликка ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ эканлигини яна бир бор таъкидлаймиз.

Шунингдек, Бекимматова Шоира томонидан ижтимоий тармоқлар орқали давлат захирасидаги қаровсиз ётган жой деб эътироф этилган ҳудуд тўғрисида қуйидагиларни маълум қиламиз.

 Ушбу ҳудуд Гурлан тумани “Навбаҳор” маҳалласидаги эски стадион ҳудуди бўлиб, бу ерда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 170- Ф-сонли Фармойишига асосан замонавий спорт мажмуаси барпо этилиши белгиланган.

Фуқаро Бекимматова Шоиранинг видеомурожаатларида муҳокамаларга сабаб бўлаётган барча даъволари қонуний асосга эга эмас деб ҳисоблаймиз.

 

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

 

 

 

 


Iyun 29, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 731 marta