РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 26 июнь куни “You tube” ижтимоий тармоғида “Гурлан бозори ва парк расво буни ким текширади?” номли видеомурожаат тарқалди.
Ушбу ҳолат бўйича туман ҳокимлиги томонидан тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз:
Видеомурожаатда айтилган жой Гурлан тумани “Маърифат” маҳалласи ҳудудидаги сносга, яъни бузилишга тушган эски дехқон бозори ҳудуди бўлиб, шу атрофда истиқомат қилувчи маҳаллий аҳоли томонидан кундалик турмушда ҳосил бўлган маиший ва қаттиқ чиқиндиларнинг ташлаб кетилиши оқибатида ноқонуний чиқиндихоналар пайдо бўлиб, теварак-атрофнинг ифлосланишига сабаб бўлаётганлиги аниқланди.
Ушбу салбий ҳолатни бартараф этиш мақсадида туман “Тоза ҳудуд” ДУК ҳамда туман Ободонлаштириш бошқармаси ишчи-ходимлари жалб қилиниб, эски деҳқон бозори ҳудуди чиқиндилардан тозаланиб тартибга келтирилди.
Келгусида бу каби ҳолатлар такрорланмаслиги юзасидан маҳалла масъуллари ва фуқаролари ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилди. Белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаш маъмурий жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида шу ҳудудда истиқомат қилувчи аҳоли расмий равишда огоҳлантирилди.
Видеомурожаат давомида қаровсиз ётган дея эътироф этилган жой Гурлан тумани “Навбаҳор” маҳалласидаги эски стадион ҳудуди бўлиб, ушбу ҳудудда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Махкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 170- Ф-сонли Фармонига асосан замонавий спорт мажмуаси барпо этилиши белгиланган.
Шу муносабат билан ушбу ҳудудда бошқа бирор-бир турдаги қурилиш ишларини олиб бориш ёки бошқа мақсадлар учун ер майдони ажратиб бериш қонунан мумкин эмаслигини маълум қиламиз.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 743 marta