РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 9 июнь куни “You tube” ижтимоий тармоғи орқали Гурлан тумани ҳокимининг фуқаролар қабулидаги видео тарқалди.
Ушбу видеони тасвирга олаётган аёл Бекимметова Шоира бўлиб, Гурлан тумани, Сахтиён қишлоғи, Ватанпарвар маҳалласида яшайди. Гурлан туман тиббиёт бирлашмасида кичик тиббий ходим вазифасида ишлайди.
Бекимметова Шоира турар жойига дахлдор бўлмаган давлат захирасидаги ер майдонидан бир неча йиллардан буён экин экиб келаётганини рўкач қилиб, ушбу ер майдони унга тегишли эканлигини даъво қилиб келмоқда.
Ушбу масала бўйича Бекимметова Шоирага бир неча бор тушунтиришлар берилган. Жумладан, 4 май куни туман ҳокими Муроджон Ачиловнинг шахсан ўзи сектор раҳбарлари ва мутасадди ташкилотлар раҳбарлари билан биргаликда муаммони жойига бориб ўрганган ҳамда масалани қонуний ҳал этиш бўйича тушунтиришлар берган.
Фуқарога мурожаати бўйича даъво қилаётган ер майдони туман ҳокимлиги захирасидаги ер эканлиги ҳамда Гурлан тумани ҳокимининг 2020 йил 19 октябрдаги 2411-сонли қарори билан умумий 500 кв.метр ер майдони З.Аминовга тадбиркорлик объектлари қуриш учун берилган. Бунга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сонли қарори, Гурлан туман ҳокимлиги ва фуқаро Аминов Зокир Ахмад ўғли ўртасида тузилган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи комплексларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш бўйича битими, вилоят қурилиш бош бошқармасининг хулосаси ҳамда туман ҳокимлиги ҳузуридаги корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларга қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари танлаш (ажратиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссияси томонидан тасдиқланган материаллар ва бошқа тақдим қилинган ҳужжатлар асос қилиб олинган.
Ушбу мавжуд маълумотларга кўра, фуқаро Аминов Зоҳидга Бекимметова Шоира даъво қилаётган 500 кв.метр ер майдони қонуний асосда, барча меъёрий ҳужжатлар ва талабларга қатъий риоя этилган ҳолда ажратиб берилган. Шулар эътиборга олиниб, агар бу масалада Бекимметова Шоирада эътирозлар бўлса маъмурий судга мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилган.
2021 йил 8 июнь куни Урганч туманлараро маъмурий судида аризачи Бекимметова Шоиранинг жавобгар Гурлан тумани ҳокимининг 2020 йил 19 октябрдаги 2411-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги аризаси бўйича юритилган маъмурий иш ҳужжатлари билан бирга кўриб чиқилган.
Суд тарафларнинг тушунтириш ва музокара сўзларини, адвокатнинг музокара сўзи ҳамда прокурорнинг фикрини эшитиб, аризада келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 115, 154-158, 186,189-моддаларини қўллаб, аризачи Бекимматова Шоира Халматовнанинг жавобгар Гурлан тумани ҳокимининг 2020 йил 19 октябрдаги 2411-сонли қарорини ҳақиқий эмас деб топиш юзасидан берган аризасини қаноатлантиришни рад этиш тўғрисида қарор чиқарган.
Шунга асосан Бекимметова Шоиранинг фуқаро Аминов Зоҳидга тадбиркорлик объектларини қуриш учун ажратилган 500 кв.метр ер майдони унга тегишли эканлиги ҳақидаги даъвоси асоссиз, деб ҳисоблаймиз.
Ҳозирги кунда мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз ташаббуси ва қатъий иродаси билан очиқлик-ошкоралик ва шаффофлик тамойили асосида иш юритилмоқда. Туман ҳокимининг ҳар бир қабули жараёнида фуқароларнинг турли хил масалалар бўйича қилган мурожаатлари тегишли ташкилотлар мутахассисларини жалб этган ҳолда ўрганилиб, уларни ижобий ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Афсуски, туман ҳокимининг навбатдаги фуқаролар қабули жараёнида Бекимметова Шоиранинг халқимиз менталитетига хос бўлмаган, этика ва одоб-ахлоқ қоидаларини менсимасдан, масалани ўз фойдасига ҳал этиш ниятида бақир-чақир қилиши, қабулга келган фуқароларнинг тинчини бузиши, ҳокимият органларининг ишчанлик обрўсига путур етказиб, оқибати ноқулайликлар келтириб чиқариши мумкин бўлган хатти-ҳаракатларни содир этишини сира оқлаб бўлмайди.
Ҳар бир фуқаронинг ҳар қандай масаласи ёки муаммоси қонун доирасида, ошкоралик асосида, уларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳал қилиниши лозим. Бунда бир томоннинг манфаати учун бошқа фуқаронинг манфаатига зарар етмаслиги керак. Туман ҳокимлиги фаолиятида ушбу талаб асосий мезон эканлигини яна бир бор эслатиб ўтмоқчимиз.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 775 marta