РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Жорий йилнинг 31 март куни “You Tube” ижтимоий тармоғи орқали  "Хоразмда тадбиркорни иш фаолиятига тўсқинлик қилишди?" сарлавҳали видео мурожаат тарқалди.

Ушбу ҳолат бўйича тегишли ташкилот раҳбарларини жалб қилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июндаги “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сонли қарорининг ижросини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш мақсадида Гурлан туманида рўйхатдан ўтган "IZZATJON NAZAROV" оилавий корхонаси “Нон ва нон маҳсулотлари”ни ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйиш учун Гурлан тумани ҳокимлиги ҳисобида бўлган “Янгибоғ” маҳалласи, “Зироатчилар” кўчасида жойлашган умумий ер майдони 626,47 кв.метр, шундан қурилиш ости майдони 307,5 кв.метрни ташкил қилган нотурар бинонинг 103,9 кв.м қисмини 2019 йил “Е-IJRO-AUKSION” электрон платформаси орқали 36 млн.сўм йиллик ижара шартномаси тўлаш шарти билан ютиб олган. Шундан сўнг 2019 йил 13 февралдаги 767-сонли уч томонлама, яъни Гурлан туман ҳокимлиги (балансда сақловчи), Хоразм вилояти “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” ДУК (ижарага берувчи) ҳамда "IZZATJON NAZAROV" оилавий корхонаси (ижарага олувчи) ўртасида ижара шартномаси тузилиб, оилавий корхона фаолияти йўлга қўйилган.

Хоразм вилояти “Давлат мулкини ижарага бериш маркази” ДУКнинг маълумотига кўра "IZZATJON NAZAROV" оилавий корхонаси томонидан (12.02.2019-11.02.2020) йилллик ижара шартномасида кўрсатилган  36 млн.сўмдан 15 млн.сўм ижара ҳаки тўланган ҳамда мазкур корхона билан 2020-2021 йиллар учун ижара шартномаси тузилмаган.

 Бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 апрелдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлашда маҳалла институтининг мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5700-сонли Фармонининг ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги ҳисобида бўлган “Янгибоғ” маҳалласи, “Зироатчилар” кўчасида жойлашган мазкур объектга  туман ҳокимининг 2020 йил 10 февралдаги 437-сонли қарорига асосан “Янгибоғ” маҳалла фуқаролари йиғинига мулк ҳуқуқи белгиланган.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сонли қарорининг ижросини таъминлаш мақсадида туман ҳокимлиги ва фуқаро Уразметов Жасурбек Артикбаевич ўртасида давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бинони бузиб, бино жойлашган ер майдонининг бир қисмида Янгибоғ МФЙ биносини янгидан қуриб бериши эвазига бино жойлашган ер майдонининг қолган қисмини инвесторга бериш тўғрисидаги шартнома тузилган. Ҳозирда тадбиркор Ж.Уразметов томонидан  қурилиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

 


Aprel 06, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 877 marta