РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 13 март куни “You Tube” ижтимоий тармоғи орқали “Хоразмда ёш болани ўғирлаб кетган келин тез кўринг дахшат” номли Гурлан тумани Хизир эли қишлоғи, “Зиёкор” маҳалласи, Тадбиркорлар кўчаси 21-уйда яшовчи фуқаро Аминова Нодира Низомаддиновнанинг айрим ҳолатлардан норози бўлиб қилган мурожаати тарқалди.
Ушбу ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар томонидан олиб борилган ўрганиш натижалари ва тақдим қилинган маълумотларга асосан қуйидагиларни маълум қиламиз.
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг 2020 йил 15 декабрдаги ижро варақасига асосан даъвогар Аминов Алишер Низомаддин ўғлининг 14.08.2013 йилда туғилган Аминов (Ўринбоев) Нурзод билан ҳар ҳафтанинг шанба куни соат 10-00 дан 17-00 га қадар жавобгар Ўринбоева Гулзебо Зокирбой қизидан алоҳида, ўз уйига олиб кетиб учрашиб туриш вақтини белгилаш, жавобгар Ўринбоева Гулзебо Зокирбой қизига даъвогар Аминов Алишер Низомиддин ўғлининг 14.08.2013 йилда туғилган Аминов (Ўринбоев) Нурзод билан учрашиб туришига қаршилик қилмаслик мажбуриятини юклаш тўғрисидаги суд қарори бўйича МИБ Гурлан туман бўлими ходимлари А.Аминовни фарзанди Н.Аминов билан учраштирмасдан келаётганлиги ҳамда бошқа ҳолатларни билдирган. Мазкур ижро ҳужжати МИБ Гурлан туман бўлимига 30.12.2020 йилда келиб тушган бўлиб, бўлим томонидан олиб борилган ижро ҳаракатлари давомида жавобгар Г.Уринбоеванинг қариндошлари М.Сабиров ва К.Михибаевлар жавобгар Г.Ўринбоева фарзанди Н.Аминов билан биргаликда 2020 йил ноябрь ойида Қозоғистон Республикасига кетиб, ҳозирда Алма-Ата шаҳри, Талгар тумани, Мир кўчаси, 45-уйда яшаб келаётганлигини билдириб тушунтириш хати ёзиб берганлар ва бу тўғрида давлат ижрочиси томонидан далолатнома расмийлаштирилган.
Шунингдек, фуқаро Н.Аминова Аминов Нурзодга нисбатан қидирув эълон қилинмаётганлигидан ҳамда қидирув учун тўлов мавжудлигидан норози бўлиб қилган мурожаати ўрганилганда, Ўзбекистон Республикасининг 29.08.2001 йилдаги “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунининг 42-моддасида “Ижро ҳужжатларининг бошқа турлари бўйича давлат ижрочиси қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидиришга кетадиган харажатларини ҳамда кўрсатилган харажатлар юзасидан ушбу қонуннинг 76-моддасига мувофиқ бўнак тўлаш учун ундирувчининг розилиги бўлган тақдирда қидирув эълон қилишга ҳақлидир.
Бу ҳолда ундирувчи қидирув харажатларини тўлашни қарздордан суд тартибида талаб қилишга ҳақлидир,”-деб кўрсатилган. Ушбу қонуннинг
76-моддасида “Ижро ҳаракатлари амалга оширилишини таъминлаш мақсадида ундирувчи давлат ижрочиларининг депозит ҳисобварағига тегишли харажатларни ёхуд уларнинг бир қисмини амалга ошириш учун етарли миқдорда бўнак бадалини ўтказишга ҳақли. Ушбу қонун
42-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда ундирувчи қарздорни ёки унинг мол-мулкини қидириш бўйича тегишли харажатларни тўлиқ бўнак билан таъминлашга ҳақли,”-деб кўрсатилган. Шу сабабли МИБ Гурлан туман бўлими томонидан фуқаро Н.Аминовага қонунда белгиланган тартибда бўнак пули тўлаш кераклигини, шундан кейин қидирув эълон қилиниши мумкинлигини билдирган. Фуқаро Н.Аминовага Қозоғистон Республикасидан қидирувдаги шахсни олиб келиш учун кетадиган харажатлар тўғрисида МИБ Гурлан туман бўлими бошлиғи Ш.Рахимов 20-30 млн сўм бўлиши, лекин у жиноятчи эмаслиги, шу сабабли уни олиб келиш имконияти йўқлиги, бўлим томонидан қидирув эълон қилиш учун қонунда белгиланган тартибда бўнак пули тўлаш кераклиги айтилган.
Фуқаролик ишлари бўйича Шовот туманлараро судининг 07.01.2014 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан 14.08.2013 йилда туғилган Ўринбоев Нурзод Ўринбой ўғлига оталик белгиланган. Шу сабабли фуқаро А.Аминовнинг Гурлан туман ФХДЁ бўлими бошлиғи номига 05.10.2020 йилда берган аризасига асосан Гурлан туман ФХДЁ бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси “Оила кодекси”нинг 61-62 моддаларига кўра 10.10.2020 йилда Гурлан шаҳар ФХДЁ бўлимида 2003 йил 4 сентябрь куни 1749-сон билан қайд этилган далолатнома ёзувига ўзгартиришлар киритилиб, боланинг фамилияси, исми, отасининг исми Аминов Нурзод Алишер ўғли деб ўзгартирилиб, янги гувоҳнома берилган ва I-HR 0400169 рақамли гувоҳнома бекор қилинган. Шундан кейин 10.10.2020 йилда Гурлан туман ИИБ М ва ФРБга I-HR 0400169 рақамли гувоҳнома бекор қилинганлиги тўғрисида хабарнома юборилган.
Бироқ унга қадар фуқаро Г.Ўринбоева фарзанди Н.Аминов билан биргаликда хорижга чиқиш ҳуқуқини берувчи 20.09.2020 йилда Гурлан туман ИИБ М ва ФРБ бўлинмасидан FA1329766 рақамли паспортни расмийлаштириб олиб, 08.11.2020 йилда автотранспорт воситаси орқали Қозоғистон Республикасига чиқиб кетган.
Мазкур ҳолат юзасидан Гурлан туман ИИБ М ва ФРБ бўлинмасининг бошлиғи Ғ.Шариповнинг қонуний ҳаракатларига баҳо бериш учун хизмат текшируви тайинланди.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 933 marta