РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 2 март куни “You Tube” ижтимоий тармоғи орқали "Хоразмдаги аҳвол ҳоким нима аҳвол бу?" сарлавҳали видео мурожаат тарқалди.
Ушбу ҳолат бўйича тегишли ташкилот раҳбарларини жалб қилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз.
“Дилшод Диёрбек қуёнлари” оилавий корхонасига қуёнчилик фаолияти билан шуғулланиш учун туман ҳокимининг 2019 йил 29 октябрдаги 6789-сонли қарори билан Зарбдор массивидан 4,4 гектар экин ер майдони ажратиб берилган. Гурлан туман прокуратурасининг 2020 йил 2 апрель куни туман ҳокимлигига киритган протестига асосан туман ҳокимининг 2020 йил 14 апрель куни 1189-сонли қарори билан “Дилшод Диёрбек қуёнлари” оилавий корхонасига қуёнчилик фаолияти билан шуғулланиш учун ер майдони ажратиб бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг 2019 йил 29 октябрдаги 6789-сонли қарори бекор қилинган ва ер майдонлари туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинган. Ҳозирги кунда “Дилшод Диёрбек қуёнлари” оилавий корхонаси ҳисобида ер майдони мавжуд эмас.
Шунингдек, Гурлан тумани, “Олға” қишлоғи, “Тозаёрган” маҳалласи ҳудудида жойлашган “Қуёнчилик комплекси” биноси туман ҳокимининг 2020 йил 29 майдаги 1586-сонли қарорига асосан фуқаро Р.Раджаповга ажратиб берилган бўлиб, “Дилшод Диёрбек қуёнлари” оилавий корхонаси раҳбари Д.Ваисов маълум муддат ҳеч қандай ҳужжатларсиз ушбу бинода ўз фаолиятини олиб борган.
“Дилшод Диёрбек қуёнлари” оилавий корхонаси раҳбари Д.Ваисовнинг 2020 йил 2 декабрь куни Хоразм вилояти ҳокимига эчкичилик фаолияти билан шуғулланиши учун ер ажратиб бериш тўғрисида қилган оғзаки мурожаати 2020 йил 3 декабрь куни “Чорванасл” агентлиги Хоразм вилоят бошқармаси масъул ходимлари томонидан ўрганилганда, оилавий корхона ҳисобида 220 бош эчки борлиги аниқланган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 январдаги 14-сонли қарорининг 4-иловаси 3-бандида чорвачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкаларининг ҳажмлари қонунчиликда белгиланган тартибда мавжуд шартли мол бош сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади, деб кўрсатилганлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 30 октябрдаги 476-сонли қарорининг 7-иловаси 5-бандида чорвачилик маҳсулотлари етиштиришга ихтисослашган фермер хўжаликнинг бизнес-режасида назарда тутилган камида 30 шартли бош чорва молларини боқиш шартлари билан ташкил этилиши, бунда шартли равишда ҳар бир бош мол ҳисобига қуйидаги коэффициентлардан фойдаланилиши: қорамоллар (сигирлар, насл олинадиган новвослар, бўрдоқига боқиладиган новвослар) ва отлар учун – 1.0, ёш қорамоллар учун – 0.6, қўй ва эчкилар учун – 0.1, чўчқалар учун – 0.3 ҳамда паррандалар учун – 0.025 қилиб белгилаб қўйилганлиги тушунтирилган.
“Дилшод Диёрбек қуёнлари” оилавий корхонаси раҳбари Д.Ваисовнинг 2021 йил 1 март куни туман ҳокимлигига эчкичилик фаолияти билан шуғулланиши учун ер ажратиб бериш тўғрисида қилган оғзаки мурожаати юзасидан ўрганиш ўтказилганида, оилавий корхона ҳисобида жами 300 бош эчки, яъни 30 шартли бош чорва молларининг мавжудлиги аниқланган. Ҳозирда “Дилшод Диёрбек қуёнлари” оилавий корхонасига белгиланган тартибда озуқа экинлари етиштириш учун экин ер майдони ажратиб бериш чоралари қўрилмоқда.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 907 marta