РАСМИЙ МУНОСАБАТ
Жорий йилнинг 17 февраль куни ижтимоий тармоқларда “Хоразм вилояти Гурлан тумани халқ таълими бўлимида ишлаймиз. Ишхонада соат 9 да чироқ ўчганича соат 16 да ёнди. Ишимиз қолиб кетди. Кечқурун овқатланиб ухлашга ҳозирлик кўраётганимизда ХТБ бошлиғи қўнғироқ қилиб, ҳокимиятдан маълумот сўралаётганини айтди. Шу пайтда ишга кетяпмиз. Бир ҳафта бўлди, ҳар куни шу аҳвол, дам олишга вақт йўқ. Электр корхонаси қачон мунтазам электр билан таъминлайди?” номли хабар тарқалди.
Ушбу ҳолат бўйича туман ҳокимлиги томонидан тегишли ташкилот раҳбарлари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида туман Халқ таълими бўлими ишчи-ходимлари билан суҳбатлашилди. Ҳар бир ходим билан алоҳида ўтказилган суҳбатдан сўнг ходимларга бўлим мудири томонидан иш вақти тугагандан кейин ҳеч қандай ортиқча топшириқ берилмагани, иш вақтида ҳам ўз лавозим мажбуриятларидан ташқари қўшимча ишларга жалб қилинмаганликлари ва 2021 йил 9 февраль куни бинода электр таъминотида узилиш бўлганлигини ҳамда бошқа кунлари электр таъминотида узилишлар кузатилмаганлиги маълум бўлди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилнинг 9 февраль куни вилоятимизнинг бир қатор ҳудудларида, жумладан, Гурлан туманининг Янгибоғ, Ишонч, Маърифат, Тахтакўпир, Нукус, Бирлашган, Нурли йўл, Пахтакор, Навбаҳор, Боғишамол, Янги аср, Нуробод, Жалойир, Тозаёрган, Совунчи,Дўсимбий, Мададкор, Гулшан, Боғистон, Шодлик, Фидокор, Мойли, Эшимжирон, Ёрмиш, Қатариқ, Пахтачи маҳаллаларида таъмирлаш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли электр энергиясида узилишлар бўлиши мумкинлиги тўғрисида “Хоразм ҳудудий электр тармоқлари” АЖ расмий канали (https://t.me/xorazmenergo/3842) ва туман ҳокимлигининг расмий веб сайти (http://gurlan.uz/site/view?code=GURLAN-TUMANINING-AJRIM-UDUDLARI-ELEKTR-ENERGIASIDA-UZILISLAR-BULISI-MUMKIN) орқали огоҳлантирилган.
Юқоридагиларга асосан ижтимоий тармоқларда тарқатилган ушбу хабарда келтирилган важлар ҳақиқатдан йироқ бўлган асоссиз маълумот эканлигини маълум қиламиз.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 863 marta