РАСМИЙ МУНОСАБАТ
2020 йил 25 октябрь куни "You tube" ижтимоий тармоғи орқали “Ёрдамга муҳтож аёлларга берилаётган уй-жойлар кимларга берилди?” номли видеомурожаат тарқалди.
Ушбу мурожаат юзасидан туман ҳокимлиги томонидан тегишли ташкилотларни жалб қилган ҳолда ўрганиш ишлари олиб борилди. Ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз.
Ижтимоий тармоқларга мурожаат йўллаган фуқаро Атабаева Наргиза Мадримбаевна Гурлан тумани “Мададкор” маҳалласи “Бинокор” кўчаси 6-уй, 12-хонадонда рўйхатда туради. Ҳозирда “Ишонч” маҳалласи “Замахшарий” кўчаси 8-уйда ижарада яшаб келмоқда. У II-гуруҳ ногирони, турмушдан ажрашган, бир нафар фарзандига фуқаролик ишлари бўйича Урганч туманлараро судининг 2013 йил 21 ноябрдаги ҳал қилув қарорига асосан отаси Қ.Ражабов билан яшаш ҳуқуқи берилган.
Шунингдек, Н.Атабаева вақтинча ишсиз бўлиб, темир дафтардаги оилалар рўйхатига киритилган. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида жорий йилнинг 29 апрелдан 20 июнь санасигача 4 маротаба 16 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб берилган. 2020 йил 9 май куни “Tantex group” МЧЖ ҳомийлиги ҳисобидан дори-дармони учун 450 минг сўм пул маблағи берилган. 2020 йил 28 июль куни Қурбон ҳайити байрами муносати билан 193 минг, 2020 йил 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги ПФ-6038-сон Фармонига мувофиқ бир марталик 220 минг сўм пул маблағлари етказиб берилган.
Атабаева Наргиза Мадримбаевна томонидан 2019 йил 20 ноябрда 2020 йилда қуриладиган намунали турар жойлар учун ариза ва ҳужжатлар топширилган. Ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 9 февралдаги 103-сон қарори билан тасдиқланган Низом талаблари асосида ўрганиб чиқилганда ижтимоий мезонларга асосан жами 41 балл тўплаган. Уй-жой олиш учун тавсия берилган фуқароларнинг энг кам бали 46 балл бўлган ва бу тўғрисида Н.Атабаевага 2020 йил 23 февралда 123-сонли жавоб хати берилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 9 апрелдаги 189-Ф-cонли ҳамда вилоят ҳокимининг 2020 йил 17 апрелдаги 110-ф-сонли фармойишларига асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун тумандаги ётоқхона биносини таъмирлаб, турар жой қилиб узоқ муддатли ижара шартномаси асосида кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, оғир ижтимоий шароитларда яшаб келаётган аёлларга берилиши режалаштирилган бўлиб, ҳозирги кунда турар жойнинг қурилиш ишлари якунланиб қолган. Ушбу ётоқхона биносидан узоқ муддатли ижара шартномаси асосида таклиф қилинган турар жой Атабаева Наргиза Мадримбаевна томонидан рад қилинган. Атабаева Наргиза Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарори асосида бошланғич бадал тўловларисиз бериладиган турар жойлардан беришни сўраётганлиги сабабли, унга туманда 2020 йилда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 апрелдаги 285-сонли қарори асосида 8 нафар оғир ижтимоий аҳволдаги аёлларга берилгани, эндиликда 2021 йилда ушбу қарор асосида туманда турар жой қуриладиган бўлса рўйхатга олиниши тушунтирилган.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 910 marta