ПИЛЛАЧИЛИК СЕРДАРОМАД СОҲА

Пиллачилик юртимиз қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан саналиши билан бирга ипак ишлаб чиқариш ота-боболаримизнинг бой маданий мероси ҳамдир. Шу боис мазкур қадриятни давом эттириш бугунги даврнинг муҳим масалаларидан саналади.

Гурлан туманида ҳам қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоғи ва йилнинг дастлабки ҳосили ҳисобланган пилла етиштиришни кўпайтириш, соҳага янги технологияларни жорий этиш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда туманда 329 гектар  тутзор мавжуд бўлиб, шундан 296,2 гектари “Гурлан Агропилла” МЧЖ ва 32,8 гектари пиллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари томонидан парвариш қилинаяпти.

Туманда пиллачиликни янада ривожлантириш учун озуқа базасини мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда пиллачилик, пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги фермер хўжаликлари ва касаначилар томонидан тут плантацияларига, ариқ-зовурлар бўйларига жорий йилда жами 297 минг тупдан зиёд тут кўчатлари экилди.
Бу йил туманда 3201 қути ипак қурти парваришланиб, давлатга 179,3 тонна “кумуш тола” топшириш режалаштирилмоқда. Соҳани рентабелли тармоққа айлантириш, пиллакорларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш борасида зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётгани, йил сайин озуқа базаси мустаҳкамланиб бораётгани натижасида бу йил ҳам туманда пилладан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилди.

Бугун тумандаги “Гурлан Агропилла” МЧЖда йилнинг дастлабки ҳосили бўлган пилла топшириш мавсумининг бошланишига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев, туман ҳокими Муроджон Ачилов, сектор раҳбарлари, соҳага тааллуқли идора-ташкилотлар раҳбарлари ва пиллакорлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар мамлакатимизда пиллачилик соҳасини ривожлантиришда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жорий йилги мавсумнинг ўзига хос жиҳатлари тўғрисида алоҳида тўхталиб, пиллакорларнинг ишларига омадлар тилашди.

Тадбир сўнггида бир гуруҳ илғор пиллакорларга туман ҳокимлигининг қимматбаҳо совғалари топширилди.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


May 31, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 854 marta