ГУРЛАН ТУМАНИДА ИШЧИ ГУРУҲ ЎРГАНИШ ИШЛАРИНИ БОШЛАДИ

Халқ депутатлари Хоразм вилояти Кенгашининг 2021 йил 26 июнда ”Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси Хоразм вилояти бошқармаси органларининг 2021 йил 5 ойлик фаолияти тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, ушбу қарорга асосан вилоятда алимент ундируви ва қарздорлик ҳолатларини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи ташкил қилинди.

Белгиланган режа-график асосида бугун ишчи гуруҳ аъзолари Хоразм вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Гулсара Курбанбаева, Халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгаши депутатлари ҳамда туман ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Н.Бабажанова билан биргаликда Гурлан туманида алимент ундируви ва ажрим ёқасига келиб қолган оилаларни яраштириш борасида ишларни бошлашди.

Ўрганиш давомида болалар ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш ва ота-оналар масъулиятини ошириш мақсадида алимент ундириш тўғрисидаги мурожаатларни тўғри ва ўз вақтида ҳал қилиб бориш ҳамда маҳаллаларда Оила кодексига мувофиқ ота-она вояга етмаган болаларига таъминот беришлари шартлиги ҳақида тушунтириш-тарғибот тадбирларини амалга ошириш борасидаги ишлар аҳволи ҳар бир маҳалла кесими бўйича чуқур ва ҳар томонлама ўрганиб чиқилмоқда.

Ишчи гуруҳ аъзоларининг Гурлан туманидаги ўрганиш ишлари давом этмоқда.

 

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Iyul 02, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 768 marta