Гурлан тумани ҳокими Муроджон Ачиловнинг ўқитувчи ва мураббийларга байрам табриги
Ассалому алайкум, ҳурматли устозлар!
Қадрли ва меҳрибон мураббийлар!
Аввало, Сиз, азизларни, сизларнинг тимсолингизда устоз деган шарафли номни улуғлаб келаётган юртимиздаги барча инсонларни умумхалқ байрами – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугун ушбу қутлуғ айёмни кенг нишонлар эканмиз, биринчи навбатда қадрдон мактабимиз, бизга ҳарф ўргатган, эзгуликдан сабоқ берган меҳрибон муаллимларимиз сиймоси кўз олдимизда намоён бўлади. Биз учун ибрат намунаси, юксак инсоний фазилатлар тимсоли бўлган сизлар каби азиз ва мўътабар зотлар шаънига энг гўзал сўзлар, эзгу тилакларимизни изҳор этамиз.
Азиз устоз ва мураббийлар!
Ушбу байрам арафасида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг буйруғига асосан мамлакатимизда таълим тизимини ривожлантириш, соҳага доир ислоҳотларни муваффақиятли амалга ошириш, ёшларга илм-фан асослари ва замонавий касб-ҳунарларни ўргатиш йўлидаги кўп йиллик самарали меҳнати учун бир гуруҳ фидойи устозларимиз “Халқ таълими фидойиси” ва “Халқ таълими аълочиси” кўкрак нишонлари билан тақдирландилар. Улар орасида туманимиздаги 13-мактаб ўқитувчиси Зулфия Раматова, 4-мактаб ўқитувчиси Ёрқиной Казакова,
6-айрим фанлар чукур ўрганиладилган ихтисослаштирилган мактаби ўқитувчиси Ойдин Ҳасанова, 23-мактаб ўқитувчиси Ирода Вапаева,
41-мактаб ўқитувчиси Моҳира Ҳайтбоеваларнинг борлиги барчамизга чексиз қувонч бағишлади. Фурсатдан фойдаланиб, бу фидойи ва жонкуяр устозларимизни ушбу юксак мукофотлар билан қизғин муборакбод этаман.
Қадрли устозлар!
Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан 2020 йил
23 сентябрда янги таҳрирдаги “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг имзоланиши мамлакатимизда таълим тизимини янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадам бўлди.
Янги таҳрирдаги Қонунга мувофиқ, таълим турлари ҳамда нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш ва уларга лицензия бериш тартиб-тамойиллари белгилаб берилди.
Ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!
Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ва таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталикни таъминлаш юзасидан Республика махсус комиссиясининг қарори билан 2020 йил
16 мартдан барча таълим муассасалари ўқувчилари учун таътил эълон қилинди. Ўқувчилар карантин даврида бўш қолмасликлари учун тайёр телеграм каналларига уланиб, ўқув дастурларидаги мавзуларни осон ўзлаштиришлари ва уйда мустақил билим олиш имкониятидан фойдаланишлари учун ўқув дастурларидаги мавзулар юзасидан видеодарслар ва аудио ёзувлар, слайд тақдимотлар, бошқотирмалар, ребуслар, тестлар жойлаштириб борилди.
Туман халқ таълими бўлими тасарруфидаги барча умумтаълим мактабларида ҳам шароитдан келиб чиққан ҳолда масофадан ишлаш жорий қилинди. Топшириқларнинг ижроси юзасидан туман халқ таълими бўлими мудирининг виртуал қабулхонаси ташкил этилди.
Жорий йилда педагогларимиз томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлари натижасида 2019-2020 ўқув йилида туманимиз умумтаълим мактаблари битирувчиларининг 19 нафари олтин,12 нафари кумуш ва 9 нафари миллий ва халқаро баҳолаш тизимлари сертификатлари билан мактабни битиришга муваффақ бўлганлигини алоҳида таъкидлаб ўтиш ўринлидир.
Туманимизда битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга киришларини яхшилаш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Агар 2018-2019 ўқув йилида олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсатгичлари умумий битирувчиларнинг 10,1 фоизни ташкил этган бўлса, 2019-2020 ўқув йилида бу кўрсаткич
14 фоиздан ошди. Яъни жорий йилда 2144 нафар битирувчининг 295 нафари олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиндилар. Ижодий имтиҳон топширган абитуриентларнинг тест натижалари бугун эълон қилинишини ҳисобга олсак, ўйлайманки, бу борадаги кўрсаткичларимиз янада юқори бўлади.
Пандемия шароитида мактабларда янги ўқув йилини бошлаш Республика махсус комиссияси кўрсатмаларига асосан амалга оширилди. Халқ депутатлари туман Кенгашининг қарорига мувофиқ тумандаги барча мактабларда янги ўқув йилини бошлаш ишлари босқичма-босқич йўлга қўйилди. Ҳозирги кунда тумандаги мактаблар ўқувчиларининг
72 фоизи анъанавий, 28 фоизи онлайн-масофавий таълимга тўлиқ қамраб олинди. Мактабларда таълим-тарбия жараёни карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда амалга оширилмоқда.
Азиз дўстлар!
Бир неча йилдирки, юртимизда 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами сифатида кенг нишонланиб келинмоқда. Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган, ўз ўқувчиларига ҳаёт мактабини берадиган мўътабар зот - ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!
Ҳақиқатан ҳам, кўз нури ва қалб қўрини, бутун онгли ҳаётини ёш авлодга билим ва тарбия беришга, уларни миллий ва умуминсоний қадриятлар руҳида камол топтиришга бағишлаган, бир сўз билан айтганда, Ватанимизнинг эртанги кунининг пойдеворини яратаётган Сиз азиз устозларнинг олижаноб меҳнатига ҳар қанча таҳсин айтсак оз.
Халқимиз устозларни эъзозлаб: “Устознинг умри - мангу, чунки шогирдлар умри унга уланади”, - дейди. Муаллим - устоз шундай мўътабар зотки, унинг номи ҳам, умри ҳам ҳамиша боқийдир.
Устоз ва мураббий! Биз барчамиз ёшимиз, касбу коримиздан қатъий назар, бу сўзларни эшитганимизда кўнглимиздан фақат илиқ фикрлар-у ёрқин хотиралар ўтади. Қалбимизда унутилмас из қолдирган қадрдон мактабимиз ва унинг бағрида кечган беғубор йилларимизни, бизга билим берган, инсонийлик фазилатларини ўргатган меҳрибон ўқитувчи ва мураббийларимизни катта ҳурмат ва эҳтиром билан эслаймиз.
Ҳурматли ўқитувчи ва мураббийлар!
1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан яна бир бор самимий муборакбод этамиз. Ёш авлодга зиё нурини таратишдан асло чарчаманг, деймиз.
Байрамингиз қутлуғ бўлсин, азиз устозлар!
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 1071 marta