ГУРЛАН ТУМАНИДА ТЕМИР ЙЎЛ ҚУРИЛИШИ ЖАДАЛЛИК БИЛАН ОЛИБ БОРИЛМОҚДА

Бу йил юртимиз темирйўлчилари учун бунёдкорликларга бой йил бўлмоқда. Жумладан, Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудларида йирик лойиҳалар асосида  қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Бундан роппа-роса икки ой олдин Гурлан туманида “Шовот-Гурлан-Амударё” вокзал станцияси қурилишига тамал тоши қўйилган эди. Ўтган қисқа муддатда бу ерда катта ҳажмдаги бунёдкорлик ишлари олиб борилди. Тумандаги “Хизир эли” қишлоғи “Деҳқон” маҳалласи ҳудудида бунёд этилаётган темир йўл вокзали жойлашадиган майдонда текислаш, тупроқ кўтариш ишлари амалга оширилди. Ҳозирги кунда 50 ўринли вокзалда “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти қурувчилари томонидан қурилиш ишлари жадаллик билан давом этмоқда.

Шунингдек, тумандаги “Дўсимбий” қишлоғининг “Тахтакўпир” маҳалласи ҳудудида темир йўл излари ётқизиладиган йўлда тупроқ кўтариш ишлари техник ва технологик талаблар асосида амалга оширилаяпти. Бу ишларга етарли техника ва механизмлар тўлиқ жалб қилинган.

Гурлан туманида янги темир йўл линиясининг ишга туширилиши келгусида аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашга, қўшимча иш ўринлари яратишга ва туман иқтисодиётини ривожлантиришга хизмат қилади.

Маълумот ўрнида айтиш керакки, Гурлан туманидаги “Шоликор”, “Олға”, “Бирлашган”, “Дўсимбий” қишлоқлари ҳудудларидан ўтувчи “Шовот-Гурлан-Амударё” темир йўл линиясининг умумий узунлиги 25 километрни ташкил этади.

 

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Iyun 26, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 867 marta