ГУРЛАН ТУМАНИ ҲОКИМИ МУРОДЖОН АЧИЛОВНИНГ ҚУРБОН ҲАЙИТИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, азиз ва муҳтарам юртдошлар!
Сиз азизларни, Сизлар орқали бутун оила аъзоларингизни ўзида ислом динининг эзгу ғояларини яққол ифода қилувчи байрамимиз Қурбон ҳайити билан чин қалбдан муборакбод этаман! Сизларга оилавий бахт-саодат, сиҳат-саломатлик, ишларингизга улкан муваффақиятлар тилайман!
Муборак Қурбон ҳайити моҳиятида хайру саховат, меҳр-оқибат, инсонпарварлик сингари азалий анъана ва қадриятларимизни асраб-авайлаш ҳамда кенг тарғиб этиш, халқимизнинг эзгу ният ва орзу-интилишларини қўллаб-қувватлаш мужассамдир.
Сўнгги йилларда юртимизда миллий-диний қадриятларимизни тиклаш ва ривожлантириш, эътиқод эркинлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда, турли миллат ва элатлар ўртасида тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳити тобора юксалиб бормоқда.
Айниқса, бу қутлуғ байрамнинг моҳиятида мужассам бўлган эзгу ва савоб ишлар қилиб яшаш, ўзаро ёрдам, меҳр-саховат, сабру қаноат, шукроналик, тинчлик ва соғликни қадрлашдек улуғ фазилатлар бугун алоҳида аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, айнан мана шундай муқаддас қадриятларимиз бугунги мураккаб вазиятда – пандемия шароитида эл-юртимизга қўшимча куч-ғайрат, чидам ва бардош ато этмоқда.
Албатта, пандемия туфайли оммавий тадбирларни, жумладан, Қурбон ҳайити билан боғлиқ маросимларни жамоат бўлиб адо этишда айрим чекловлар вужудга келганини мавжуд вазият тақозоси сифатида барчамиз яхши тушунамиз. Шундан келиб чиққан ҳолда сабр-бардошли, матонатли, меҳнатсевар элдошларимиз Қурбон ҳайити байрамини оила даврасида хотиржамлик билан нишонлайдилар, деб ишонч билдирамиз.
Муқаддас Қуръони каримда бир неча ўринларида хайр-эҳсон, эзгуликнинг мукофоти фақат яхшилик экани алоҳида таъкидланган. Бу каби пурмаъно ҳикматлар бугунги синовли кунларда жамиятимизда меҳр-оқибат, саховат ва мурувват, ўзаро тотувлик, аҳиллик ва ҳамжиҳатлик муҳитининг тобора юксалиб боришида акс этмоқда.
Қурбон ҳайити – улуғ байрам. Ҳайит кунларини ғанимат билиб, барча гина-қудратларни унутиб, кечиримли бўлиш халқимизга хос бўлган гўзал фазилатлардандир.
Ушбу муборак айёмда юртимиз равнақи ва осойишталиги, халқ фаровонлиги йўлида олиб борилаётган барча хайрли ишларда Яратганнинг ўзи мададкор бўлишини сўраб қоламиз. Қурбон ҳайитининг файзу баракоти қалбларимизни ва хонадонларимизни мунаввар айласин!
Қурбон ҳайити барчамизга муборак бўлсин!
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 779 marta