ГИЁҲВАНДЛИК – УМР ЗАВОЛИ.

Бугун Гурлан туманидаги 1-умумий ўрта таълим мактабида "Ёшлар орасида гиёҳванд воситаларнинг тарқалишига қарши кураш” мавзусида профилактик тадбир бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги наркотик моддаларни назорат қилиш ахборот-таҳлил маркази масъул ходими М.Утаниязов, вилоят наркология диспансери шифокори Д.Эшчанов, туман ҳокимининг ўринбосари М.Ўразметов ва бошқа тегишли ташкилот раҳбарлари ҳамда ёшлар иштирок этдилар.

Тадбирда сўзга чиққанлар гиёҳвандлик бутун инсоният учун хавф туғдираётган глобал даражадаги долзарб муаммолардан бири экани, гиёҳвандликка мубтало бўлганлар пул топиш илинжида турли жиноятларни содир қилиши ва охир оқибат касаллик ўлим билан якунланишини аълоҳида таъкидладилар. Шунингдек, гиёҳвандликка одатда иродаси кучсиз, ўзини идора қилаолмайдиган кишилар берилувчан бўлиши, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиши кераклиги айтиб ўтилди.

Таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар гиёҳвандликнинг салбий таъсиридан аҳоли, айниқса, ёшларимизни ҳимоя қилиш, халқимизнинг соғлом келажагини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Шундай экан ушбу эзгу мақсад йўлида биргаликда курашиш, ҳар биримизнинг масъулиятли вазифамиздир.


Iyun 18, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 1110 marta