ДАВЛАТ ХИЗМАТЛАРИ МАРКАЗИ ХАЛҚ ХИЗМАТИДА
Бугунги кунга келиб туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали жисмоний ва юридик шахсларга юздан ортиқ турли давлат хизматлари кўрсатилиб келинмоқда. Айни вақтда давлатимиз раҳбари ва ҳукуматимиз томонидан мамлакатимизнинг иқтисодий-ижтимоий соҳаларида олиб борилаётган кўпгина ислоҳотлар натижасида аксарият маъмурий тартиб-таомиллар соддалаштирилди, кўпчилик ҳолатлардаги ортиқча қоғозбозлик ва сансалорликларнинг олди олинди. Айниқса сиз ва биз учун энг қиммат бўлган ресурс бу – вақтни тежаш имкони пайдо бўлди.
Ҳозирги вақтга келиб ўз интернет веб-сайтига, электрон почтасига ва виртуал қабулхонаси мавжуд бўлмаган давлат бошқаруви органлари ва хўжалик бошқаруви органларини учратиш қийин. Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси билан жорий қилинган “Электрон ҳукумат” ва Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларимиз, тадбиркорлик субъектлари, ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар барча юридик шахслар ўзлари учун зарур давлат ташкилотларига турли хил шаклда мурожаат қилишлари мумкин.
Албатта, бу ўринда электрон рақамли имзо (кейинги ўринларда ЭРИ) ҳақида атрофлича тўхталиб ўтиш зарур. Чунки юқорида таъкидланган аксарият давлат хизматларидан фойдаланиш айнан ЭРИ ёрдамида амалга оширилади.
Хўш, дастлаб “Электрон рақамли имзо ўзи нима?”, “Ўзи у нима учун керак?” ва “Зарурат туғилса қаердан ва қандай олса бўлади?”, деган саволларга тўхталиб ўтсак!!! Биз Давлат хизматлари агентлиги ходимлари сифатида кундалик иш фаолиятимиз давомида ана шу саволга жуда кўп маротаба дуч келамиз.
Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 11 декабрда қабул қилинган “Электрон рақамли имзо тўғрисида”ги қонунининг
3-моддасида электрон рақамли имзо - электрон ҳужжатдаги мазкур электрон ҳужжат ахборотини электрон рақамли имзонинг ёпиқ калитидан фойдаланган ҳолда махсус ўзгартириш натижасида ҳосил қилинган ҳамда электрон рақамли имзонинг очиқ калити ёрдамида электрон ҳужжатдаги ахборотда хатолик йўқлигини аниқлаш ва электрон рақамли имзо ёпиқ калитининг эгасини идентификация қилиш имкониятини берадиган имзо эканлиги қайд этилган.
Соддароқ қилиб айтганда ЭРИ асосан компютер ва турли электрон дастурлар учун ҳаммамизга маълум кўринишда шахсан қўлда қўйиладиган ҳамда шакли ва кўринишидан айнан кимга тегишли эканлигини англатувчи шахсий имзонинг электрон кўриниши ҳисобланади. Жисмоний шахс ўз ЭРИси ёрдамида электр, табиий газ, иссиқлик, сув таъминоти ва сув чиқариб ташлаш тармоқларига уланиш, электр, табиий газ ҳамда сув ҳисоблагичларни ечиш ва ўрнатиш, уларни пломбалаш, ўзига тегишли бўлган кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш, қурилиши тугалланган объектларни фойдаланишга қабул қилиш, объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга рухсатнома бериш, бино ва иншоотларнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш, архитектура-режалаштириш топшириғини ишлаб чиқиш, якка тартибда уй-жой қуришга (реконструкция қилишга) рухсатнома бериш, судланганлик ҳақида маълумотнома бериш, манзил-маълумот ахборотларини тақдим этиш, солиқ тўловчининг солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлардан солиқ қарзи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақида маълумотнома бериш, болаларни давлат мактабгача таълим муассасаларига қабул қилиш ва шу каби кўплаб давлат хизматларидан мустақил равишда Давлат хизматлари марказларига келмасдан туриб фойдаланишлари мумкин.
Шунингдек, давлат хизматини кўрсатувчи ваколатли давлат бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахслари ва масъул ходимлари ўз ЭРИси орқали тегишли лицензияларни, гувоҳномаларни, рухсатномалар ва шу каби бошқа рухсат берувчи тусдаги ҳужжатларни электрон шаклда ортиқча қоғозбозликсиз расмийлаштириш имконига эгадирлар.
Айниқса ЭРИ жисмоний шахсларга Давлат хизматлари марказига келмасдан турли шаклдаги тадбиркорлик субъекти сифатида давлат рўйхатидан ўтишлари имконини беради. Бу эса ўз навбатида фуқароларимизнинг вақти тежалишига, узоқ навбатда туришлардан ва ортиқча харажатлардан халос бўлишларига замин яратади. Бу ўринда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилигига мувофиқ бугунги кунда туман (шаҳар) Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган давлат хизматларидан мурожаат этувчилар интернет тармоғи ёрдамида Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали фойдаланганларида (яъни ДХМга бормасдан, ЭРИ ёрдамида) давлат хизматидан фойдаланиш учун белгиланган турли давлат божлари ва йиғимларнинг 90% миқдорини тўлашлари мумкинлигини қайд этиш зарур.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
10 майдаги 348-сонли қарори билан “Давлат хизматлари марказлари орқали давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган электрон рақамли имзо калитининг сертификатини бериш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг” Маъмурий Регламенти тасдиқланди. Ушбу Регламентнинг 2-бандига асосан Давлат хизматлари марказлари орқали ЭРИ калитларини рўйхатга олиш ва ЭРИ калитлари сертификатларини бериш «Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ҳамда тижорат банклари томонидан кўрсатиладиган барча турдаги хизматлардан эркин фойдаланишни таъминлайдиган ЭРИ калитларини рўйхатга олиш ва ЭРИ калитлари сертификатларини бериш» давлат хизматлари сифатида кўрсатилади ва мазкур давлат хизмати Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Янги технологиялар илмий-ахборот маркази томонидан Давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилади.
Шунингдек, Регламентнинг 5-бандида ЭРИ калитларининг сертификатларини бериш учун юридик шахслардан ва юридик шахс ташкил этмаган тадбиркорлик субъектларидан энг кам ойлик иш ҳақининг 10 фоизи, жисмоний шахслардан эса 7 фоизи миқдорида йиғим ундирилиши, қонун ҳужжатларида ЭРИ калитларининг сертификатларини бепул олиш назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно эканлиги белгиланган.
ЭРИга эга бўлиш учун аввало жисмоний ва юридик шахслар ўз СТИР (солиқ тўловчининг идентификация рақами)ига эга бўлишлари, яъни давлат солиқ органларида ҳисобга олинган бўлишлари зарур. Чунки ЭРИ учун амалга ошириладиган тўловлар айнан СТИР асосида амалга оширилади.
Юқоридаги регламентнинг 7-бандида ЭРИ калити сертификатининг амал қилиш муддати ЭРИ рўйхатга олинган вақтдан бошлаб 24 ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланган.
Бугунги кунда мамлакатимизда мавжуд банкларо тўлов тизимининг ривожланганлигини ҳисобга олган ҳолда фуқароларимиз ЭРИга эга бўлишлари учун ҳаммамизга яхши маълум бўлган “CLICK”, “PAYME”, “UPAY” мобил иловалари ёрдамида ёхуд Давлат хизматлари марказлари биноларида жойлашган тижорат банклари кассаларида бевосита тўловни амалга оширишлари мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги хузуридаги Давлат хизматлари агентлигининг масъул ходимлари ўтган давр мобайнида дунёнинг АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Швейцария ва бошқа бир қанча ривожланган мамлакатларида бўлиб, уларнинг айнан аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш соҳасидаги бугунги кунгача эришган ютуқлари ва келгусида амалга оширилишини режалаштирган фаолияти ҳамда бевосита кундалик фаолияти давомида қўллаб келаётган компьютер технологиялари, дастурлар, турли ахборот-коммуникация воситалари билан танишиб, уларни юртимизда босқичма-босқич жорий этишни йўлга қўймоқдалар. Ишончимиз комилки, бу турдаги саъй-ҳаракатлар ўз-ўзидан фуқароларнинг эмас, айнан ҳужжатларнинг ҳаракатланишига олиб келади.
Д.Джуманиязов,
Гурлан тумани Давлат хизматлари маркази директори
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 1094 marta