АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ НИМА?
Бу жараёнда кадастр идораларининг иштироки нималарда намоён бўлади ?
Аҳолини рўйхатга олиш – мамлакат доимий аҳолисига тааллуқли бўлган маълум бир даврдаги демографик, иқтисодий ва ижтимоий маълумотларни йиғиш, умумлаштириш, таҳлил қилиш ва тарқатиш жараёни ҳисобланади. Бирлашган Миллатлар ташкилотининг тавсиясига кўра, аъзо давлатлар 2015 йилдан 2024 йилгача камида бир маротаба ўз ҳудудида аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишга даъват этилади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги “Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида” ги 710- сонли қарори билан мамлакатимизда ушбу тадбирни самарали ўтказишга тайёргарлик кўришнинг мезонлари белгилаб берилди.
Аҳолини рўйхатга олиш кенг қамровли, кўп вақт ва маблағ талаб қиладиган тадбир ҳисоблангани боис, мазкур қарор билан ушбу уч босқичда амалга ошириладиган жараёнда (тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларини таҳлил қилиш) бир қатор масъул давлат идораларининг вазифалари кўрсатилган. Жумладан, аҳолини рўйхатга олишни ўтказишга кўмаклашиш бўйича республика комиссиясининг ишчи органи сифатида белгиланган Давлат статистика Қўмитаси ҳамда Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги биргаликда аҳолини рўйхатга олишда фойдаланиладиган картографик материалларни тайёрлаш бўйича техник шартларни ишлаб чиқиши юқоридаги ҳукумат қарорида ўз аксини топган. Шу билан биргаликда, аҳолини рўйхатга олишнинг биринчи, яъни тайёргарлик босқичи давомида кадастр идоралари томонидан ҳар бир рўйхатга олувчини ўз ҳудуди бўйича зарур бўлган миқдорда схематик режалар ва хариталар билан таъминлаш, аҳоли пунктларидаги уйларнинг рўйхатини тузиш ва аҳолини рўйхатга олиш тадбирини ўтказишнинг ташкилий режасини тузиш, ҳар бир хонадон рақамланиши ва кўчалар номланишини таъминлаш вазифаларини амалга ошириш кўзда тутилган.
2021 йилда республиканинг 4 та ҳудудида, шу жумладан Хива шаҳрида тажриба синов шаклида ўтказиладиган аҳолини рўйхатга олиш тадбирига тайёргарлик кўриш давомида шаҳар кадастр бўлими билан ҳамкорликда шу кунгача мавжуд 21 та маҳалланинг схематик хариталари тайёрланди. Қўшма ишчи гуруҳи томонидан хариталарни жойига чиқиб ўрганиш давомида аниқланган камчиликларни бартараф қилиш ва аҳолини рўйхатга олиш тадбирини самарали ўтказишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, жорий йилда аҳолини рўйхатга олиш бўйича орттирилган тажриба 2023 йилда бутун мамлакат миқёсидаги улкан тадбирга пухта тайёргарлик кўриш учун замин бўлиб хизмат қилади.
Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 802 marta