АҲОЛИНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ ҚАНДАЙ УСУЛДА АМАЛГА ОШИРИЛАДИ ?
Мамлакатимиз аҳолисини рўйхатга олиш ишлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020- йил 11- ноябрдаги 710-сонли қарорига асосан 2023- йилнинг ноябр ойида ўтказилиши белгиланган бўлсада, бугунги кунда ушбу жараёнга пухта тайёргарлик кўрилмоқда. Тадбирга тайёргарликнинг пухта ва кенг қамровли олиб борилаётганидан ҳам унинг аҳамияти ва долзарблигини англаш мумкин.
Тадбирни ўтказишда маълум бир усулни белгилаб олиш ҳар бир мамлакатнинг ўз имкониятларидан келиб чиқиб амалга оширилиши жаҳон амалиётидан маълум. Айнан аниқ бир усулнинг тўғри танланиши эса муҳим аҳамиятга эга.
БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар томонидан аҳолини рўйхатга олишнинг анъанавий, идоравий маълумотлардан фойдаланиш ҳамда аралаш усуллари тавсия қилинади. Юқорида келтирилган қарор билан белгиланган Шахсга доир маълумотларни йиғиш тартибига кўра, мамлакатимизда рўйхатга олиш ишларини икки хил усулда —қоғоз шакли ҳамда интернет тармоғи орқали амалга ошириш назарда тутилган. Рўйхатга олишнинг анъанавий усули, асосан респондент билан бевосита боғланиб сўровнома (електрон ёки қоғоз шаклда) тўлдириш орқали амалга оширилади. Мазкур рўйхатга олиш сўровномаси йилма-йил янгиланиб борилади. Анъанавий усул иш ҳажми ҳамда харажатлар миқдорининг кўплиги, кўп ишчи кучи, юқори малакали рўйхатга олувчиларни талаб этилиши билан характерланса-да, аниқ бир даврга тааллуқли бўлган аҳоли тўғрисидаги тўлиқ маълумотлар шакллантириш, ҳудудлар ва категориялар бўйича зарур бўлган барча ахборот базасини яратиш имконини беради. Ушбу биринчи усулда рўйхатга олувчи ходимлар уйма-уй юриб сўров ўтказади ва саволлардан иборат варақани респондентларнинг сўзлари асосида тўлдиради.
Иккинчи усулда респондентларга қулайлик яратиш мақсадида интернет жаҳон ахборот тармоғи орқали рўйхатдан ўтиш имконияти яратилади. Бунда сўровномалар аҳолининг ўзи томонидан махсус дастур орқали тўлдирилиб, белгиланган электрон манзилга жўнатилади.
Хоразм вилояти статистика бошқармаси
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 730 marta