АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ СЕНАТ ЭЪТИБОРИДА

Бугун мамлакатимизда давлат ва жамиятни ривожлантириш, юртимиз обрў-эътиборини янада юксалтириш, аҳоли турмуш даражасини ошириш борасида том маънодаги янгиланиш ҳамда ривожланиш жараёнлари кечмоқда. Бу, албатта, соғлиқни сақлаш тизими фаолиятига ҳам тааллуқлидир. Президентимиз ўзининг ҳар бир маърузаси ва нутқида, учрашувларда халқимизни рози қилиш учун, энг аввало, сифатли тиббий хизматга бўлган талабни қондириш ниҳоятда зарурлигини таъкидлаб келаётгани бежиз эмас. Давлатимиз раҳбари томонидан тиббиётнинг бирламчи бўғини муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш, аҳолига бундай ёрдамнинг ўз вақтида ва юқори сифатли бўлишини таъминлаш, мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдаланишни йўлга қўйиш, шунингдек, тиббий хизмат кўрсатишнинг сифат жиҳатидан янги тизимини жорий этиш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан тиббиёт соҳасини ислоҳ қилиш борасида жойларда амалга оширилаётган ишлар аҳволини ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаш бўйича муайян ишлар олиб борилмоқда. Шу мақсадда Қўмитанинг иш режасига асосан “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ижроси, шунингдек, тиббиётнинг бирламчи бўғинини кучайтириш, айниқса, қишлоқ ва маҳаллаларда тиббий хизматни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш борасида олиб борилаётган ишлар холатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ ташкил этилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси котибияти бош маслаҳатчиси Ўлмас Камалов, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази ходими Дилфуза Ҳасанова Гурлан туманида бўлиб, туман тиббиёт бирлашмасида, тиббиётнинг бирламчи бўғини ҳисобланган қишлоқ ва маҳаллаларда фаолият кўрсатаётган тиббиёт муассасаларида аҳолига тиббий хизмат кўрсатишнинг бугунги аҳволи билан яқиндан танишишди.

Туманда тиббий хизмат кўрсатишнинг ҳозирги ҳолати махсус сўровнома асосида ўрганилиб, ютуқлар эътироф этилди, камчиликларни бартараф қилиш бўйича тавсиялар берилди.

Ўрганиш давомида туман тиббиёт бирлашмаси бошлиғи А.Каримов томонидан бирламчи тиббиёт соҳасини ривожлантириш учун алоҳида Оилавий поликлиника ташкил қилиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш мақсадида ҳамда туманнинг вилоят марказидан анча олисда жойлашганлигини ҳисобга олиб қон қуйиш марказининг туман филиали фаолиятини йўлга қўйиш зарурлиги юзасидан таклифлар берилди.

Гурлан туман ҳокимлиги Ахборот хизмати 


Iyun 07, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 790 marta