"Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” маълумотга эгамисиз

Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 1 майда “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида” ги Қонуни янги таҳрирда қабул қилинган.

Мазкур қонуннинг мақсади ҳар бир шахснинг виждон эркинлиги ва диний эътиқод ҳуқуқини, динга муносабатидан қатъи назар, фуқароларнинг тенглигини таъминлаш, шунингдек диний ташкилотларнинг фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиб туришдан иборат.

Виждон эркинлиги фуқароларнинг ҳар қандай динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмасликдан иборат кафолатланган конституциявий ҳуқуқидир.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари динга муносабатидан қатъи назар қонун олдида тенгдирлар.

Ўзбекистон Республикасида дин давлатдан ажратилган. Ҳеч бир динга ёки диний эътиқодга бошқаларига нисбатан бирон-бир имтиёз ёки чеклашлар белгиланишига йўл қўйилмайди.

Терроризм, наркобизнес ва уюшган жиноятчиликка кўмаклашадиган, шунингдек бошқа ғаразли мақсадларни кўзловчи диний ташкилотлар, оқимлар, секталар ва бошқаларнинг фаолияти ман этилади.

Давлат органлари билан диний ташкилотларнинг ўзаро муносабатларини мувофиқлаштириш ҳамда виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ижросини назорат қилиш вазифаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита зиммасига юкланади.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Диний ташкилот Ўзбекистон Республикасининг ўн саккиз ёшга тўлган ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудида доимий яшаётган юз нафардан кам бўлмаган фуқаролари ташаббуси билан тузилади.

Диний ташкилот:

  • Марказий бошқарув органи Ўзбекистон Республикасининг камида саккизта ҳудудий тузилмасида (вилоят, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон Республикаси) фаолият кўрсатаётган, тегишли конфессияларнинг рўйхатга олинган диний ташкилотлари вакиллари таъсис йиғилиши (конференцияси) томонидан тузилади.
  • Диний ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида ёки унинг жойлардаги органларида рўйхатдан ўтказилгандан кейин юридик шахс мақомига эга бўлади ва қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин.

 

 

                   Гурлан туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси                                                Б.Юсупов          

                                                                                 


May 21, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 867 marta