СУЮЛТИРИЛГАН ГАЗДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИНГ
Ҳар бир мурожаат ортида инсонни ташвишга солаётган муаммо ётади. Шу муаммоларни ҳал қилиш орқали халқ хўжалигининг ҳар бир соҳаси ўз фаолиятини бугунги кун талаби даражасига кўтара боради.Шу боисдан ҳам “Gurlantumangaz” газ таъминоти бўлимида фуқаролардан тушган мурожаатларни ўз вақтида ва атрофлича ўрганилиб, ижобий ҳал этишга кенг эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда бугунги кунга қадар жами 76 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан 72 тасини ижобий ҳал қилишга эришилди, 4 таси юзасидан аризачиларга тушунтириш берилди. Бу ерда мурожаатларни тезкорлик билан ҳал қилишга эътибор кучайтирилган.
Хусусан, жорий йилнинг 5 ноябр куни тумандаги Навбирёп маҳалласида яшовчи Отабек Йўлдошев уйида суюлтирилган газ тугаганлиги сабабли бир баллон суюлтирилган газ келтириб беришларини сўраб газ таъминоти бўлимига мурожаат қилган. О.Йўлдошевнинг хонадонига шу куниёқ суюлтирилган газ етказиб берилган.
Шу ўринда таъкидлаш жоизки, газ таъминотидаги муаммоларни ўрганишда газ таъминоти бўлими раҳбариятининг жойларга чиқиб ўтказаётган Сайёр қабуллари ниҳоятда муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, газ таъминоти бўлими бошлиғи Дилмурод Хўжанбоевнинг Қангли маҳалласида ўтказган аҳоли билан учрашув тадбирида суюлтирилган газдан оқилона фойдаланиш масаласи кўтарилди. “Зангори ёқилғи”нинг ушбу тури, агар оқилона фойдаланилмаса, уни етказиб бериш бўйича туман ҳокимлиги билан келишилган ҳолда белгиланган 45 кунлик муддатдан олдин тугаб қолиши мумкин. Ҳукуматимиз томонидан аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига суюлтирилган газ имтиёзли равишда яъни килограми учун 1120 сўм нархда етказиб берилмоқда. Бугунги кунда газ қуйиш шохобчаларида суюлтирилган газ литри эркин нархда ўртача 3800 сўмдан сотилмоқда. Газларда килограм бирлиги литр бирлигидан кўра салмоқли ҳисобланади.Бу мисол имтиёзнинг нечоғлик катта эканлигининг яққол тасдиғидир. Шунинг учун, ушбу неъматдан тежамкорлик билан фойдаланиш, уни фақат овқат пишириш ва чой қайнатишга сарфлаш зарур.
“Hududgaz Xorazm” газ таъминоти филиали матбуот хизмати
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 971 marta