РАСМИЙ МУНОСАБАТ

Жорий йилнинг 27 октябрь куни "You tube" ижтимоий тармоғи орқали “КАМБАҒАЛ ДОДИНИ КИМ ЭШИТАДИ? БОЙНИ ЗАМОНИ КЕЛДИ ХОРАЗМДАН АДОЛАТ  КИДИРАМИЗ” номли видеомурожаат тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганиш натижаларига кўра қуйидагиларни маълум қиламиз.     

         Гурлан туман “Янги аср” маҳалласи “Нукус” кўчаси 91-уйда яшовчи фуқаролар Майрова Аноргул ва ўғли Қалантаров Рустамлар томонидан турар жойи ҳудудидан ташқарида, яъни ҳаммом биноси ҳудуди билан чегарадош бўлган “Нукус ёп” канали ҳимоя минтақаси бўлган ер майдонида мевали ва манзарали дарахт экиб, тандир ва 17.5 кв.м ер майдонига гараж қуриб фойдаланиб келмоқда. Ҳаммом биноси умумий майдони 2395.14 кв.м бўлиб,  бугунги кунда 3 қисмга бўлиниб рўйхатга олинган. Ушбу ҳаммомнинг бир қисми Гурлан шаҳарчаси “Ўрикзор” кўчаси 35-уйда яшовчи Ўринов Жўрабек томонидан сотиб олинган ва бинони қайта реконструкция қилиш мақсадида  техника олиб кириши учун “Нукус” кўчаси томонидан кириш-чиқиш йўлаги очиб беришни сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилган. Ушбу мурожаат тегишли мутахассислар томонидан ўрганилиб, ҳаммомнинг  Ўринов Жўрабекка тегишли қисми бурчакда жойлашганлиги ва бошқа томондан кириш имкони йўқлиги  сабабли орқа, яъни “Нукус” кўчаси томонидан энига 5 метр оралиқда кириш-чиқиш  йўлаги очишда қаршилик қилмаслик бўйича туман қурилиш бўлими томонидан Майрова Аноргул ва ўғли Қалантаров Рустамга огоҳлантириш хати юборилган. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳаммомга кириш-чиқиш йўлаги очишда “Нукус ёп” канали ҳимоя минтақаси бўлган ер майдонидаги мевали ва манзарали дарахтларга зарар етказиш назарда тутилмаган.

Шунингдек, ўрганиш давомида Ўринов Жўрабек ҳаммомнинг ўзига тегишли қисмини Сабиров Даврон Бахтияровичга сотгани ва умумий майдони 2395.14 кв.м бўлган ҳаммом тўлалигича Сабиров Давронга тегишли экани маълум бўлди. Сабиров Даврон Бахтиярович билан сўзлашганда мавжуд ҳаммом биносини бузиб ташлаб, ўрнига янгидан замонавий лойиҳалар асосида савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилиши учун таклиф лойиҳалари ишлатиш, Майрова Аноргул ва  Қалантаров Рустамлар фойдаланишидаги  “Нукус-ёп” канали 30 метрлик қирғоқ бўйи ҳимоя минтақаси бўлган ер майдонига даҳлсиз ҳудуддан, яъни янги ишлаб чиқиладиган “Бош режа”га асосан ўзига тегишли ҳудуддан белгиланган тартибда кириш ва чиқиш йўлларини  қуришга   келишиб олинганлигини маълум қиламиз.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.


Noyabr 02, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 886 marta