Дарҳақиқат, она тили инсон туғилиши биланоқ унинг қулоғига, қалбига она алласи билан киради. Мунис оналаримиз алларида тилимизнинг латофатию жозибадорлиги, улуғворлигию жўшқинлиги мужассам. Она тили она алласи билан қалбимизга кириб мисоли нақш каби битилади. Уни энди қалбдан ўчириш беимкон. Кимдир бир неча йиллар хорижда яшаб, ўз тилини унутган бўлса ҳам, қаердадир она тилидаги сўзларни эшитиб қолса, бир сесканиб тушиши аниқ. Қалбининг туб-тубида милтиллаб турган она тили соғинчи яна қайта аланга олиши шубҳасиз. 

Тил инсонларнинг ўзаро алоқа воситаси бўлиб, яратганнинг инсонга берган бебаҳо неъматидир. Дунёдаги ҳар бир миллат ўз тили,  унинг қадр-қиммати учун курашади. Зеро, миллат бор экан унинг тили ҳам яшайди., тили яшар экан у миллат бошқа миллатлар орасида ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади.

Интернет маълумотларига таянадиган бўлсак, ер юзида етти мингдан зиёд тил мавжуд. Ана шу тилларнинг атиги бир фоизида Ер шари аҳолисининг 90 фоизи гаплашади. Қувонарлиси шуки, бизнинг тилимиз ана шу барқарор бир фоизга киради. Қолган 90 фоиз тил йўқолиш арафасида турган тиллардир. 

Авваллари ҳам тиллар пайдо бўлиб, йўқолиб турган. Лекин ҳозиргидек тилларнинг жадаллик билан йўқолиши тарихда кузатилмаган. Олимларнинг фикрича, тил яшаб қолиши учун унда камида бир миллион одам гаплашиши керак экан. Бироқ бундай тиллар дунёда атиги 250 та. Ўзбек тилининг ҳам мана шу 250 тилнинг ичида эканлиги Аллоҳнинг бизга берган иноятидир.

Бундан роса 31 йил илгари Биринчи Президентимиз И.А.Каримов ва миллатимизнинг асл фарзандларининг саъй-ҳаракатлари билан тилимиз давлат тили мақомини олди. Ҳали давлатимиз мустақил бўлмасдан туриб тил мустақиллигига эришиш сиёсий мустақилликка эришиш йўлида қўйилган дастлабки қадам, мустақиллик биносининг тамал тоши бўлди.

Истиқлол йилларида мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар бўлди. Ўзбек тилининг халқаро миқёсдаги обрўси ошди. Айниқса, муҳтарам президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2019 йил 21 октябрда имзоланган “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5850-сонли фармони ва ушбу фармонга кўра               21 октябрнинг “Ўзбек тили байрами” куни қилиб белгиланиши тилимиз ривожидаги янги бир даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу фармоннинг қабул қилиниши она тилимизнинг бор гўзаллигини ва жозибасини тўла намойиш этиш билан бирга уни илмий асосда ривожлантириш борасида ҳам кенг имкониятлар яратди. Қисқа муддат ичида ўз ичига 80 мингдан ортиқ сўзни олган “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”нинг 5 жилдлик янги нашрининг яратилганлиги, кўплаб давлатларда ушбу китобнинг тақдимоти ўтказилаётганлиги, “Давлат тилида иш юритиш” амалий қўлланмасининг нашр қилиниши яратилаётган имкониятлардан самарали фойдаланиш натижасидир.

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-юбилей сессиясида юксак минбардан туриб ўзбек тилида нутқ ирод этиши ўзбекман деган ҳар бир кишининг қалбида фахр-ифтихор, ғурур туйғуларини уйғотгани шубҳасиз. Зеро ўзбек тили ҳеч қачон бундай юксак минбардан барала янграган эмас. Президентимизнинг тилимиз ривожидаги бундай саъй-ҳаракатлари Алишер Навоий, Огаҳий, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон каби тилимиз жонкуярлари бўлган аждодларимиз руҳини ҳам шод қилган бўлса не ажаб!

Тил яшаса, миллат яшайди. Қачонки тилимизни унутсак, миллат сифатидаги ўзлигимизни ҳам унутамиз, тарих саҳифалари ичра йўқолиб кетамиз.  Тилимизни асраш, уни янада ривожлантириш миллатимизнинг юксалишида асосий омилдир.

Ёшлар бизнинг келажагимиз, бизнинг эртанги кунга умид-ишончимиздир. Юрт тақдири ёшлар қўлида бўлгани каби, тилнинг келгуси тақдири ҳам ёшлар қўлидадир. Қачонки ёшлар ўз она тилларида ўқиш ва ёзишни тўхтатар экан ўша тил йўқолиб кетиш арафасига келиб қолади. Шунинг учун ҳам муҳтарам президентимиз юқорида қайд этилган фармонларида бекорга “униб-ўсиб келаётган ёшларимизни ватанпарварлик, миллий анъана ва қадриятларга садоқат, улуғ аждодларимизнинг бой меросига ворислик руҳида тарбиялаш” кераклигига алоҳида урғу бермаган.

Биз тилимизни эъзозлар эканмиз, унинг бошқа тиллар орасида ўз ўрни бўлишини хоҳлар эканмиз, унинг софлиги учун курашишимиз, уни асраб-авайлашимиз, турли хуружлардан сақлаган ҳолда уни келгуси авлодларга бекаму кўст етказишимиз керак. Тилимизни сақлаб қолиш бу халқимиз маданияти, урф-одати, расм-русумларининг сақлаб қолинишини англатади. Чунки халқ тақдири тил тақдири билан бевосита боғлиқ. Шундай экан, она тилимизни асраш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз эканлигини унутмаслигимиз лозим.

 

 

Шуҳрат Хайтимметов,

Гурлан тумани ҳокимининг маънавий, маърифий ишлар

самарадорлигини ошириш, давлат тили тўғрисидаги

қонун ҳужжатларига  риоя этилишини таъминлаш

масалалари бўйича маслаҳатчиси

Янгиликларга Обуна

Банк курси

Об-ҳаво гурлан