ЖОМЕ МАСЖИДИ ВА ҚОРА АЛАМ БОБО ҚАБРИСТОНИНИНГ ҚУРИЛИШ ЛОЙИҲАЛАРИ МУҲОКАМА ҚИЛИНДИ

Масжид қуриш ёки қурилишига ҳисса қўшиш улкан савобли иш экани динимиз аҳкомларида ҳам  алоҳида таъкидланган. Айни кунларда Гурлан туман ҳокими Муроджон Ачилов бошчилигида саховатпеша элдошларимиз билан биргаликда ана шундай хайрли ишларни бошлаш режалаштирилган.

Бугун Гурлан тумани “Навбаҳор” маҳалласида жойлашган “Қора алам бобо” қабристони олдида туман марказида қурилиши режалаштирилган “Жоме масжиди” ва  “Қора алам бобо” қабристонининг қурилиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Унда Президент Администрацияси ходими Шухрат Сатимов, вилоят ҳокимининг ўринбосари Комилжон Собиров, вилоят прокурори Ботир Қудратходжаев, туман ҳокими Муроджон Ачилов, тегишли ташкилот раҳбарлари, нуроний отахонлар, тадбиркорлар, маҳалла фуқаролари ва ОАВ вакиллари иштирок қилдилар.

Тақдимот давомида қурилиш лойиҳалари бўйича иштирокчилар ўзларининг фикр-мулоҳазаларини билдирдилар. Қурилиш ишларига ўз ҳиссаларини қўшиш ниятида эканликларини таъкидлаб, ушбу хайрли ишларнинг бошида турган раҳбарларга ўз миннатдорчилигини билдирдилар.

Лойиҳалар муҳокамасидан сўнг жонлиқ сўйилиб, муҳтож оилаларга  тарқатилди. Ўтганлар хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, Аллоҳ таолодан юртимизга тинчлик-фаровонлик, халқимизга саломатлик ва бошлаётган ишларимизга ривож тилаб дуо ўқилди.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Mart 02, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 1098 marta