ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ

Гурлан туманидаги эҳтиёжманд оилаларни камбағалликдан чиқариш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида

Туманда ўтган 2020 йилда юртимизга коронавирус пандемияси кириб келиши аҳоли бандлиги ва даромадини таъминлаш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш ва камбағалликни қисқартириш бўйича янгича ёндашувларни талаб этди.

2020 йилда сектор раҳбарлари ҳамда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари бошчилигида тузилган ишчи гуруҳлар томонидан уйма-уй юриш орқали саховат ва кўмакка муҳтож бўлган оилалар аниқланиб, секторда ташкил қилинган “Темир дафтар”ларга киритилди.

“Темир дафтар”даги оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш бўйича "Саховат ва кўмак" жамғармаси ташкил этилди.

“Саховат ва кўмак" жамғармаси ҳисоб рақамларига келиб тушган ҳомийлик маблағлари ҳамда тадбиркорлар томонидан жами "Саховат ва кўмак" умумхалқ ҳаракати доирасида 2,4 млрд сўмлик ёрдамлар кўрсатилди.

 Жумладан, 1,5 млрд сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, 22,2 млн сўмлик дори-дормон маҳсулотлари, 21 млн сўм нақд пул кўринишидаги ҳамда бошқа турдаги ёрдамлар кўрсатилди.

“Қурбон ҳайити” арафасида 767 та оилаларга 658,0 млн сўмлик моддий ёрдамлар берилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 30 июлдаги
ПФ-6038-сон Фармонига мувофиқ 636,5 млн сўм маблағлар жон бошига 220 минг сўмдан ҳар бир камбағал фуқароларга берилиши таъминланди.

Ўтган йилнинг сентябрь ойида 696 та оилаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 августдаги ПҚ-4815-сонли қарорига асосан “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган барча болаларига, 500 минг сўмдан жами 413 млн сўм пул маблағлари ажратилди.

“Темир дафтар”га тушган оилаларга фақат озиқ-овқатлар бериш эмас, уларнинг ишсиз бўлган оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш орқали оила даромадини оширишни энг асосий вазифамиз қилиб белгилаб олдик.

2020 йил давомида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари бошчилигида тузилган гуруҳлар томонидан уйма-уй юриш орқали аниқланган 993 та эҳтиёжманд оилалар “Темир дафтар”га киритилган бўлиб, уларнинг оила аъзолари 4669 нафарни, меҳнатга лаёқатли бўлган ишсиз оила аъзолари            630 нафарни ташкил қилган.

Меҳнатга лаёқатли ишсиз фуқароларимиз бандлигини таъминлаш мақсадида иқтисодий комплексга қарашли корхона ва ташкилотлар раҳбарлари ва ходимлари маҳаллаларга бириктирилиб, “Темир дафтарда”ги ҳар бир ишсиз фуқаро билан юзма-юз учрашиб иш билан таъминлаш чоралари кўрилди.

Жумладан, 457 та камбағал оилаларга деҳқончилик қилиб қўшимча даромад топиши мақсадида фермер хўжаликларининг такрорий майдонлардан ҳар бирига 0,5 гектардан жами 228,5 гектар ер майдонлари ажратиб берилди.

Бундан ташқари, 69 та хонадонга ҳомийлик ҳисобидан қўй ва паррандалар олиб берилди, чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан 50 та камбағал хонадонларга 50 та қорамоллар етказиб берилди.

Имтиёзли кредит маблағлари ажратилиши ҳисобига 157 та хонадонларга ихчам иссиқхоналар қурилди.

“Темир дафтар”даги 119 та оилаларга оилавий тадбиркорлик ва ҳунармандчилик йўналишида жами 685,0 млн сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилди.

Амалга оширилган ишлар натижасида “Темир дафтар”га киритилган оилалардаги 630 нафар ишсиз фуқаролардан 622 тасининг бандлиги таъминланди.

2020 йил давомида “Темир дафтар”даги оилаларнинг бандлиги таъминланиши, қўшимча даромад манбаи яратилиши ва оиланинг ойлик даромадлари хонадоннинг эҳтиёжлари учун етарли бўлганлиги сабабли оила бошлиқларининг ихтиёрий аризаларига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши қарорлари билан 844 та оилалар (аъзолари 4079 нафар) “Темир дафтар”дан чиқарилди.

Бугунги кунда “Темир дафтар”даги оилалар 149 тани, оила аъзолари
590 нафарни ташкил қилди.

Жорий йилда ҳам “Саховат ва кўмак” ҳаракати доирасида “Темир дафтар”даги оилаларга бир қанча моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Жумладан, 100 хонадонга 12,6 млн сўмлик 42 тонна кўмир олиб берилди, 149 та оилага 4 турдаги жами 1000 кг ун, 165 литр ўсимлик ёғи, 400 кг гречка,
83 банка консерваланган сут маҳсулотлари берилди.

 Эсабий маҳалласидаги Абдиева Зеварнинг қизи Аллаёрова Шахнозанинг касаллиги сабабли даволаниш харажатларига 5 млн сўм ажратилди.

Январь-февраль ойларида маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ҳамда маҳаллаларга бириктирилган масъуллар томонидан “Темир дафтар”даги 149 та оилаларнинг яшаш шароитлари ўрганилиб чиқилди.

Ўрганиш давомида 149 та оиладан 34 таси, жумладан 1-сектор туман ҳокими ҳудудида 10 та, 2-сектор туман прокурори  ҳудудида 12 та, 3-сектор ички ишлар бўлими бошлиғи ҳудудида 6 та ва 4-сектор давлат солиқ инспекцияси бошлиғи ҳудудида 6 та оилалар томонидан ойлик даромадлари хонадоннинг эҳтиёжлари учун етарли бўлганлиги сабабли оила бошлиқлари томонидан маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари, сектор раҳбарлари номига “Темир дафтар”даги камбағаллар рўйхатидан чиқариш бўйича ихтиёрий равишда аризалар тақдим қилинган.

Маҳалла фуқаролар йиғинлари раисларининг таклифлари ва камбағал оилалар рўйхатида турган оила бошлиқларининг аризалари асосида тумандаги  34 та камбағал оилаларни ўз хоҳишларига кўра камбағалликдан чиқариш таклиф қилинади. “Темир дафтар” рўйхатидаги оилалар туман ҳокимлиги ва сектор раҳбарлари томонидан доимий назорат остида қолади.

 Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисидаги” қонунининг 6-моддасига асосан халқ депутатлари туман Кенгаши

 

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

  1. Эҳтиёжманд оилалар рўйхати (“Темир дафтар”) асосида уларга манзилли ёрдам кўрсатилганлиги тўғрисидаги ҳамда уларнинг бандлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида туман ҳокимининг биринчи ўринбосари У.Давлатовнинг ҳисоботи маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Маҳаллалардаги ўтказилган ўрганишлар натижасига кўра ҳамда эҳтиёжманд оила аъзоларини доимий иш билан таъминлаб ўз иқтисодини тиклаб олганликларини, “Темир дафтар”дан чиқаришларини сўраб ёзган аризаларини инобатга олган ҳолда 1-иловага мувофиқ камбағаллар рўйхатидан чиқариш бўйича таклиф маъқуллансин.
  3. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (У.Давлатов), туман тижорат банклари (М.Сапарбоев, С.Ражапов) “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг кредит маблағига талабини ўрганган ҳолда тардбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш орқали даромадини ошириш мақсадида “Оилавий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш” дастурлари доирасида имтиёзли банк кредити маблағлари ажратилишини таъминласин.
  4. Туман аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази (Я.Акманова) “Темир дафтар”га киритилган оилаларнинг ишсиз оила аъзоларининг бандлигини таъминлаш чораларини кўрсин.
  5. Туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари (У.Давлатов), туман ҳокимининг ўринбосари (О.Отамуратов) туманда тадбиркорликни янада ривожлантириш, янги инвестиция лойиҳаларини ишга тушириш орқали камбағаллик ва ишсизлик даражасини камайтириш чораларини кўрсин.
  6. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (О.Ахмедов) ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб сайтида эълон қилсин.
  7. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари У.Давлатов зиммасига юклатилсин.

 

 

Кенгаши раиси                                М.Ачилов


Fevral 24, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 697 marta