Соғлиқни сақлаш ва давлат харидлари тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди

     Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ташкил этилди. Шу билан бирга, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ва унинг ҳудудий идоралараро комиссиялари Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши ва унинг ҳудудий кенгашлари этиб қайта тузилди.

Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Ахборот хизмати хабар берди.

Тадбирда сенаторлар, Кенгаш аъзолари, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, илмий-тадқиқот муассасалари мутасаддилари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Агентликнинг коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи сифатида бажариши лозим бўлган ишлари, 2020–2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органларида коррупцияга қарши ички назорат тизимини босқичма-босқич жорий этиш, Ўзбекистоннинг бу соҳада халқаро рейтинглардаги ўрнини яхшилаш бўйича тегишли «Йўл харита»ларини ишлаб чиқиш, уй-жой коммунал хўжалиги, сув хўжалиги, қурилиш ва энергетика соҳаларида давлат харидлари, давлат мулкини бошқариш ва ундан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолати бўйича ўрганиш ўтказиш, «E-Anticor.uz» электрон платформасини ва коррупция ҳолатлари ҳақида Агентликни хабардор қилиш имконини берувчи махсус мобил дастурни жорий этиш масалаларига урғу берилди.

Шунингдек, бугунги кунда энг муҳим бўлган соҳалар, яъни соғлиқни сақлаш ҳамда давлат харидлари тизимида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди. Шу жиҳатдан мазкур йўналишларда «Коррупциясиз соҳа» лойиҳасини тайёрлаш ва амалга ошириш бўйича ишчи гуруҳлари тузилди.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати.


Avgust 21, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 1007 marta