Гурлан тумани ҳокими Муроджон Ачиловнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 28 йиллигига бағишланган байрам табриги

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Қадрли дўстлар!

Барчангизни, сизлар орқали бутун халқимизни бугунги улуғ айём – мамлакатимиз Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллик байрами билан самимий муборакбод этаман.

Йигирма саккиз йил – тарих учун унчалик кўп вақт эмас. Шу қисқа даврда, айниқса, сўнгги тўрт йилда муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев раҳбарлигида жонажон Ўзбекистонимизни мустақил ва суверен давлат сифатида янада ривожлантириш, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш борасида том маънода улкан муваффақиятлар қўлга киритилди.

Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугунги кунда барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши тобора ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош қомусимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижасидир.

Шу кунларда барчамиз тинч ва фаровон ҳаётимизнинг муҳим кафолати ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий пойдевори бўлган Бош қомусимиз – Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма саккиз йиллигини кўтаринки кайфият билан нишонламоқдамиз.

Якунланаётган 2020 йил бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам катта синов йили бўлмоқда.

Коронавирус пандемиясининг кириб келиши ва тарқалиши ҳаётимизда жиддий қийинчиликларни юзага келтирди. Шунга қарамасдан ҳурматли Президентимизнинг қатъий позицияси, олиб борган оқилона сиёсати туфайли ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда юз бериши мумкин бўлган инқирозларнинг олдини олишга эришилди. Натижада бугунги кунда коронавирус пандемияси дунёдаги деярли барча давлатларда иқтисодий инқизорларни юзага келтирган бир пайтда мамлакатимизда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари кўзга ташланмоқда.

Хусусан, туманимизда ҳам пандемия шароитида яшаш ва ишлашни ўргандик ва бу ўз самарасини берди. Жорий йилнинг 11 ойлиги натижалари таҳлилига кўра, белгиланган прогноз кўрсаткичлари ижроси таъминланишига  эришдик.

Албатта, ушбу кўрсаткичларга эришишда Президентимиз ва Ҳукуматимиз томонидан қабул қилинган Фармон ва қарорлар муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ўтган 11 ой давомида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 333,8 млрд. сўмни ташкил қилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 101,5 фоизга, қурилиш ишлари 165,6 млрд. сўмни ташкил қилиб 100,1 фоизга, жалб қилинган инвестициялар ҳажми 275,9 млрд. сўмни ташкил қилиб 191,4 фоизга, чакана савдо ҳажми 530,4 млрд. сўмни ташкил қилиб 106,2 фоизга, хизматлар ҳажми 255,1 млрд. сўмни ташкил қилиб 101,3 фоизга бажарилиши таъминланди.   

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш юзасидан олиб борилган ишлар натижасида давлат рўйхатидан ўтказилган кичик бизнес субъектлари
1257 тани ташкил этиб, бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 329 тага кўпайди.

2020 йилда январь-ноябрь ойларида 340 та бизнес субъектлари янгидан ташкил қилинди ва белгиланган режа 106 фоизга бажарилди.

Жорий йилда туманда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун 627 тадбиркор ва фуқароларга 22 млрд. сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди ҳамда 874 та янги иш ўринлари яратилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш борасида янги иш ўринлари яратиш манзилли дастурига асосан январь-ноябрь ойларида 1178 та иш ўринлари ташкил этилди.

Ҳурматли юртдошлар!

Туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли бандлиги, айниқса, хотин-қизлар, ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида 2021 йилда 573,6 млрд. сўмлик 85 та лойиҳаларни амалга ошириш ҳисобига 1311 та янги иш ўринлари яратишни ўз олдимизга мақсад қилиб олганмиз.

Мисол учун,  “Гурлан глобал текс” МЧЖ пахта-тўқимачилик кластери томонидан пахта толасини қайта ишлаш, ип-калава, мато ва тайёр трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш учун Гурлан трикотаж фабрикаси мулкий мажмуасини 95,9 млрд. сўм қийматда аукцион савдоларида сотиб олинди.

Кластер томонидан 2021 йил давомида жами қиймати 101 млрд. сўмлик ёғ-мой ишлаб чиқариш, ип-калава ишлаб чиқариш, тайёр тикувчилик ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширилади. 

Шунингдек, “Воҳа гиламлари” МЧЖ томонидан қиймати 10 млн. долларга тенг “Гилам ишлаб чиқаришни ташкил этиш” лойиҳаси амалга оширилади. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши натижасида 21 млрд. сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилиб, 100 та янги иш ўринлари яратилади.

Бундан ташқари, туманда асосий турдаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, бозорларда нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш мақсадида 3 та чорвачилик, 3 та саноат усулида парранда боқишга мўлжалланган паррандачилик комплекслари ишга туширилади.

Қиш-баҳор мавсумида сабзавот маҳсулотларини етиштириш, эҳтиёждан ортиқча қисмини экспорт қилиш мақсадида 2021 йилда замонавий иссиқхоналар майдони 60 гектарга етказилади.

Бугунги кунда амалга оширилаётган ва келгусида режалаштирилаётган ишларимизнинг пировард мақсади ҳаётий муҳим бўлган масалага қаратилган, у ҳам бўлса халқимизнинг фаровонлигини ошириш, иқтисодиётимизни ҳар томонлама ривожлантириш, янги иш ўринлари яратиш ҳисобига аҳоли бандлигини таъминлашдир. Бу ишларни амалга оширишда ҳаммамиз бир бўлиб, оғзибирчиликда, сабр-тоқат ва темир интизом асосида ишлашимиз талаб этилади.  

Қадрли тадбир иштирокчилари!

Босиб ўтган йўлимиз ва тўплаган тажрибамизни холисона баҳолаш, қўлга киритган юксак марраларимизни таҳлил этиш шундан далолат берадики, халқимизнинг турмуши кундан-кунга фаровонлашиб, юртимизнинг тобора чирой очиб боришида, жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи юксалишида Конституциямизнинг ўрни беқиёс эканлигини бугунги ҳаётимиз амалда намоён этмоқда. Эркин ва обод турмушимизнинг ҳуқуқий пойдевори - Конституциямиз шу нуқтаи назардан барчамиз учун азиз ва муқаддасдир. Ўз тақдирини Ватан тақдири билан чамбарчас боғлаган ҳар бир киши истиқлол ва истиқбол руҳи, инсонпарварлик ва адолат ғояларига йўғрилган Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини чуқур англаши ва унга оғишмай амал қилиши зарур.

Фурсатдан фойдаланиб, сизларни яна бир бор Бош қомусимиз - Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 28 йиллиги билан чин қалбимдан самимий табриклайман. Сизларга оилавий бахт, ишларингизга эса катта муваффақиятлар тилайман.

Байрамингиз муборак бўлсин, азиз юртдошлар!


Dekabr 07, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 888 marta