ГУРЛАН ТУМАНИДА “ҲАР БИР ЁШГА 0,25 ГЕКТАР” ЛОЙИҲАСИ – АМАЛДА

Жорий йил 27 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев раислигида ўтказилган ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилишида берилган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида бугун Гурлан туманида “Ёшлар дафтари”га киритилган, ишсиз, қишлоқ хўжалигида фаолият юритиш истагида бўлган йигит-қизларнинг ҳар бирига деҳқончилик қилиш учун 0,25 гектардан ер ажратиб беришга бағишланган кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Тумандаги “Гурлан ҳосили” фермер хўжалигида ташкил этилган кўргазмали семинарда вилоят ҳокими ўринбосари К. Собиров, туман ҳокими М. Ачилов, сектор раҳбарлари,  қишлоқ хўжалиги мутахассислари, фермерлар, ишсиз ёшлар иштирок этишди.

Семинарда туман ҳокими Муроджон Ачилов сўзга чиқиб, туманда “Ёшлар дафтари”га киритилган ишсиз ёшларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида “Ҳар бир ёшга 0,25 гектар” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида батафсил тўхталди.

Шундан кейин фермер хўжалигига қарашли буғдойдан бўшаган 6,5 гектарлик майдон 26 нафар ишсиз ёшларга бўлиб берилди. Ҳайдалиб, текисланиб, челлари олиниб такрорий экин экишга тайёр ҳолатга келтирилган ушбу ер майдонларида деҳқончилик ишлари бошлаб юборилди.

Айни пайтда туманнинг бошқа ҳудудларида ҳам “Ҳар бир ёшга 0,25 гектар“ лойиҳаси доирасида ғалладан бўшаган майдонларда ёшларга ер ажратиб бериш ишлари давом этмоқда.

Бу йил туманда жами 5300 нафар ишсиз фуқароларнинг ҳар бирига 0,25 гектардан ер майдони ажратиб берилади. Шу ҳисобга ҳар бир оила ўртача 4,4 миллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда.

Яна бир муҳим жиҳати ёшларга ажратиб берилган ер майдони экин экишга тайёрлаб берилиши билан бирга уруғлик, минерал ўғит, кимёвий воситалар таъминоти бўйича ҳам амалий ёрдам кўрсатилади.

 

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Iyun 17, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 660 marta