“Маҳалла – беш ташаббус бешиги” республика кўрик-танлови ўтказилади

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2021 йил 22 апрелдаги қарори билан тасдиқланган “Маҳалла – беш ташаббус бешиги” республика кўрик-танловини ўтказиш бўйича Низомга асосан Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан танлов эълон қилинади.
Кўрик-танловда Республикада фаолият олиб бораётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари иштирок этади.
Мазкур танлов қуйидаги 3 та босқичда ташкил этилади:
биринчи босқич – туман ва шаҳарлар миқёсида;
иккинчи босқич – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри миқёсида биринчи босқич ғолиблари ўртасида;
учинчи босқич – Республика миқёсида иккинчи босқич ғолиблари ўртасида декабрь ойида.

Танловни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад қуйидагилардан иборат:
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган бешта муҳим ташаббусни халқ ҳаракатига айлантириш;
бешта муҳим ташаббуснинг маҳаллаларда амалиётга жорий этилишини янада жонлантириш ва бу борада фаоллик кўрсатаётган маҳаллаларни моддий ва маънавий жиҳатдан рағбатлантириш;
ёшларнинг мусиқа, рассомлик, адабиёт, театр ва санъатнинг бошқа турларига қизиқишларини оширишга, истеъдодларини юзага чиқариш, уларни жисмоний чиниқтириш, спорт билан шуғулланишлари учун зарур шароитлар яратиш, аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этиш ҳамда улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш ва хотин-қизларни иш билан таъминлаш бўйича тизимли ишларни маҳаллаларда ташкил этишга кўмаклашиш.

Кўрик-танловнинг республика босқичида фаол иштирок этган иштирокчилар қуйидаги номинациялар бўйича тақдирланади:
“Биринчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”
“Иккинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”
“Учинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”
“Тўртинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”
“Бешинчи ташаббус бўйича энг фаол маҳалла”
Шунингдек, танлов иштирокчилари “Беш ташаббус бўйича энг намунали оила” номинацияси бўйича ҳам тақдирланадилар.
Танловда қатнашмоқчи бўлганлар танлов эълон қилинган кундан эътиборан халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятлари номига ариза берадилар.
Иштирокчилар ўз аризаларига қуйидаги ҳужжатларни илова қилади:
иштирокчилар тўғрисидаги умумий маълумот (мавжуд бўлса паспорти)
Олий Мажлис палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан бешта муҳим ташаббус бўйича қабул қилинган тегишли ҳужжатларида белгиланган вазифалар ижроси тўғрисида маълумотлар;
бешта муҳим ташаббус доирасида олиб борилган фаолиятига оид материаллар (маълумотлар, ҳисоботлар, баённомалар, дастурлар, лойиҳалар, фото, альбом ва ҳоказолар);
бешта муҳим ташаббусни амалиётга татбиқ этиш бўйича амалга оширилган ишларни акс эттирувчи 5 дақиқадан ошмаган видеоролик (сифати юқори, DVD форматида);
оммавий ахборот воситаларида бешта муҳим ташаббусга оид чоп этилган мақолалар, телевидение ёки радиода чиқишларни асословчи ҳужжатлар;
иштирокчилар танловга доир бошқа қўшимча материаллар ҳам тақдим этиши мумкин.
аризалар тегишли ҳудуддаги халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши котибиятларига юборилади.
Иштирокчилар танловга доир бошқа қўшимча материаллар ҳам тақдим этишлари мумкин.
Ғолиб деб топилган иштирокчилар I, II, III даражали диплом ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, ҳамкор ташкилотлар ҳамда ҳомийларнинг эсдалик совғалари билан тақдирланади.

Танлов ҳақида батафсил маълумот олиш учун телефон: 62-36-52-570;  +998973611905; +998941129543

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Iyul 23, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 735 marta