“АЁЛЛАР ДАФТАРИ”ГА КИРИТИЛГАН ХОТИН-ҚИЗЛАРНИ ИЖТИМОИЙ ҚЎЛЛАБ-ҚУВВАТЛАШГА ҚАРАТИЛГАН СЕМИНАР ЎТКАЗИЛДИ

Бугунги кунда аёлларнинг тадбиркорлик салоҳиятини юзага чиқариш уларнинг ижтимоий  сиёсий фаоллигини ошириш, бандлигини таъминлаш, турмуш шароитларини янада яхшилаш борасида ҳукуматимиз томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларга 6 ойгача имтиёзли давр билан Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан   БҲМнинг 150 бараваригача (33 млн 450 минг сўм) миқдорда кредитлар ажратилиши сўзимизнинг исботи десак, муболаға бўлмайди.

Бугун  Гурлан туман ҳокимлиги мажлислар залида  “Аёллар дафтари”га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизлар ўртасида тадбиркорликни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида семинар ташкил этилди. Унда Хоразм вилояти ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси Г.Қурбонбоева, АТ Халқ банк Хоразм вилояти бшқармаси бошлиғининг аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ўринбосари Н.Бабажанова, тумандаги тегишли ташкилот раҳбарлари,   “Аёллар дафтари”га киритилган аёллар ва ОАВ вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда кредит олиш истагида бўлган хотин-қизларга Халқ банки томонидан кўрсатиладиган хизматлар,   бизнес лойиҳаларни ҳудудларнинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тузишни ўргатиш, кредит олишга кўмаклашиш ва кредит ажратилгандан сўнг хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш масалаларида батафсил маълумотлар берилиб, хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш лойиҳаси бўйича Халқ банки томонидан тайёрланган тақдимот намойиш этилди.

Шунингдек, тадбирдан сўнг  матбуот анжумани ташкил қилиниб ОАВ вакилларини қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Fevral 01, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 874 marta