ТУМАН ҲОКИМИ ҚАРОРИ

Тумандаги Гурлан универсал савдо дирекцияси унитар корхонасига Гурлан тумани Эшимжирон қишлоғи Ёрмиш маҳалласи ҳудудидан тадбиркорлик объектлари ва кўп қаватли турар жойлар қурилиши учун ер участкаси ажратиб бериш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 18 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги ПҚ-4602-сонли Қарорини, Гурлан туман ҳокимлиги ва тумандаги Гурлан универсал савдо дирекцияси унитар корхонаси ўртасида тузилган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи комплексларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида қуриш бўйича битимни, вилоят қурилиш бош бошқармасининг хулосасини ҳамда туман ҳокимлиги ҳузуридаги корхона, муассаса, ташкилот ва фуқароларга қишлоқ хўжалигига оид бўлмаган бошқа эҳтиёжлар учун ер участкалари танлаш (ажратиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича туман комиссияси томонидан тасдиқланган материалларни ва бошқа тақдим қилинган ҳужжатларни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 25-моддасига ва “Ер кодекси”нинг 6-моддасига асосланиб

 

ҚАРОР ҚИЛАМАН:

 

1 Тумандаги Гурлан универсал савдо дирекцияси унитар корхонасига Гурлан тумани Эшимжирон қишлоғи Ёрмиш маҳалласи ҳудудидан тадбиркорлик объектлари ва кўп қаватли турар жойлар қурилиши учун 6000,0 кв.метр ер участкаси ажратиб берилсин.

  1. Тумандаги Гурлан универсал савдо дирекцияси унитар корхонасига:

ушбу қарор билан тадбиркорлик бинолари қурилиши учун танлаб, ажратиб берилган участкада қурилиш ишларини бошлаш учун вилоят архитектура қурилиш бош бошқармасига архитектура режалаштириш топшириқларининг 1-2 қисмларига буюртма бериш;

қурилиш ишлари учун ишчи лойиҳа ҳужжатларини тайёрлатиш;

ишчи лойиҳа ҳужжатларини Ўзбекистон Республикаси Президентининг Сирдарё вилоятига ташрифи давомида Сардоба туманида қурилган монолит уйлар мисолида тайёрлатиш;

тайёрланган ишчи лойиҳа ҳужжатларини вилоят қурилиш бош бошқармаси ҳузуридаги шаҳарсозлик кенгашига тақдим қилиш;

шаҳарсозлик кенгаши мажлисининг баённомасига асосан лойиҳа-смета ҳужжатларини Давлат экспертизасидан ўтказиш вазифаси юклатилсин.

  1. Туман қурилиш бўлими бошлиғи (Б.Раджапов)га тадбиркорлик объектлари қурилиши учун ажратилаётган ер участкаси жойлашган ҳудуднинг батафсил режалаштириш лойиҳасини тайёрлаш ва ушбу асосида ер участкасини жойида (натурада) кўрсатиб бериш ҳамда қурилишининг шаҳарсозлик норма ва қоидалари асосида олиб борилишини назорат қилиш вазифаси топширилсин.
  2. Тумандаги Гурлан универсал савдо дирекцияси унитар корхонасига Эшимжирон қишлоғи Ёрмиш маҳалласи ҳудудидан тадбиркорлик объектлари ва кўп қаватли турар жойлар қурилиши учун рухсат берилган (реализация қилинган) кундан бошлаб белгиланган муддатда ер майдонини ўзлаштириш, ишлаб чиқилган “Ишчи лойиҳа”га асосан қурилиш ишларини бошлаш ва қурилиш тугаллангандан кейин бир ой мобайнида кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқни белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказиш вазифаси топширилсин.
  3. Ушбу қарорнинг бажарилишини назорат қилиш туман ҳокимининг ўринбосари Т.Эрназаров зиммасига юклатилсин.

                     

 

Туман ҳокими                                                                 М.Ачилов


Noyabr 16, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 672 marta