ТОМЧИЛАТИБ СУҒОРИШ – ТЕЖАМКОРЛИК ОМИЛИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 декабрдаги “Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада жадал ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги  ПҚ-4919-сонли қарори ижросини таъминлаш мақсадида сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича Гурлан туманидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан амалий тадбирлар олиб борилаяпти.Замонавий сув тежовчи ускуналарни келтириш ва ўрнатиш тадбирлари “Омад старт” МЧЖ томонидан амалга оширилмоқда.

Бу йилги мавсумда туманимизда 885 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш режалаштирилмоқда. Шу мақсадда 50 та фермер хўжалиги ва “Гурлан глобал текс” МЧЖ билан шартномалар тузилди. Ҳозиргача 51 та субъектга томчилатиб суғориш технологиясини жорий этиш учун жами 22 миллиард 125 миллион сўм миқдорида молиявий маблағ ажратилди. Бугунги кунгача 870 гектар майдонда насос, фильтр ва қувурларни монтаж қилиш ишлари якунланди. Монтаж ишлари тўлиқ якунланган 686,2 гектар пахта даласида ғўзани томчилатиб суғориш ишлари олиб борилмоқда. Аҳамиятлиси, суғоришда янги технологияларни жорий қилган субъектларга субсидиялар ажратилади.

Гурлан туманида сув тежовчи суғориш технологияларини кенг жорий қилишга амалий кўмаклашиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, унинг худудий бўлинмаси – “Чапқирғоқ Амударё” ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳамда Швейцария ҳамкорлик агентлиги томонидан амалга оширилаётган “Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш лойиҳаси” кўмагида ўқув семинари ташкил этилди.

Ўқув семинарида “Гурлан туманида сув тежовчи суғориш технологияларни жорий қилиш ҳолати”, “Сув тежовчи суғориш тизимларини жорий қилишда давлат томонидан яратилаётган имтиёзлар ва улардан фойдаланиш”, “Томчилатиб суғориш тизими: тавсифи, турлари, таркибий қисмлари, қўллашнинг ўзига хосликлари”, “Томчилатиб суғориш тизимларини лойиҳалаш, қуриш ва ишга тушириш”, “Томчилатиб суғориш тизимларини ишлатиш ва агротехник тадбирлар” мавзулари бўйича маърузалар тингланди.      

Гурлан тумани шароитида сув тежовчи технологияларни, шу жумладан  томчилатиб суғориш тизимларини амалиётга жорий қилинишини кенгайтиришга кўмаклашиш бўйича ўтказилган ўқув-семинарида сув тежовчи томчилатиб суғориш технологияси билан бир қаторда экинларни эгилувчан қувурлар ёрдамида суғориш усули ҳам намойиш қилинди.

Тумандаги “Оллом давлат" фермер хўжалигининг  "Омад старт” пудратчи ташкилоти томонидан жорий қилинган 14 гектар пахта майдонида кластер, фермер хўжаликлари раҳбарлари, “Қорамази-Қиличбой” ирригация тизими бошқармаси ҳодимлари ва соҳа мутахассислари иштирокида ташкил қилинган ўқув семинарида ҳам сув тежовчи суғориш технологияларини жорий қилиш ва уларнинг афзалликлари борасида маълумотлар берилди.

 

Гурлан тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати


Iyul 24, 2021
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 1356 marta