ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ГУРЛАН ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ

2020 й  “31” декабрь            № 26-107                              Гурлан тумани

 

 

Гурлан тумани 2021 йилги маҳаллий бюджетини
тасдиқлаш тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига мувофиқ, 2021 йил учун туман маҳаллий бюджетини қабул қилиш бўйича Халқ депутатлари Гурлан тумани Кенгаши

ҚАРОР ҚИЛАДИ:

 

  1. Ўзбекистон Республикасининг “2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги Қонунига (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) мувофиқ, 2021 йилги Гурлан тумани (кейинги ўринларда Туман деб аталади) маҳаллий бюджетига Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансферт 69,7 млрд.сўм миқдорида тасдиқланганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
  2. Қонуннинг 12-моддасига асосан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар, Тошкент шаҳар Кенгашларига тегишли даражадаги маҳаллий бюджетларга ажратиладиган солиқларни ва бошқа турдаги даромадларни ҳамда бюджетлараро трансфертларни тақсимлаш ваколатидан келиб чиқиб, 2021 йилда:

а) Қуйидаги солиқ турлари шаҳар ва туман бюджетларига тўлиқ ўтказиб берилади:

  • жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • жисмоний шахсларнинг мол-мулкини ижарага беришдан оладиган йиллик даромадлари бўйича декларацияга асосан тўлайдиган, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар тўлайдиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи;
  • сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ, бундан электр станциялари томонидан тўланадиган солиқдан мустасно;
  • қурилиш материаллари бўйича ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ;
  • айланмадан олинадиган солиқ;
  • юридик шахслардан олинадиган ер солиғи;
  • ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни сотишдан тушган пул маблағлари;
  • давлат ихтиёридаги ер майдонлари, бино ва иншоатларда реклама конструкцияларини ўрнатишга рухсат олиш учун тўланадиган йиғимлар, шунингдек ўрнатилган ташқи реклама объектлари учун тўланадиган ойлик тўловлар;
  • маҳаллий бюджетга ундириладиган ижара тўловлари.

б) Қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар вилоят бюджети ҳамда шаҳар ва туман бюджетлари ўртасида тақсимланади:

  • юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ;
  • якуний истеъмолчиларга бензин, дизель ёқилғиси ва газ реализация қилишдаги акциз солиғи;
  • жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи.

в) Вилоятнинг вилоят бюджетига қуйидаги солиқ турлари ва бошқа мажбурий тўловлар тўлиқ ўтказилади:

  • юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи;
  • электр станциялари томонидан тўланадиган сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат божлари (патент божлари ва лицензиялар берганлик учун давлат божларидан ташқари);
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ундириладиган жарималар;
  • айрим турдаги товарларнинг чакана савдосига доир ҳуқуқ учун йиғимлар;
  • қонунчиликда белгиланган миқдорларда Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига ундириладиган бошқа йиғимлар (божхона органлари томонидан ундириладиган йиғимлар ва уларнинг тиркамалари учун ундириладиган утилизация йиғимидан ташқари);
  • автотранспорт воситаларини сотиб олганлик ва (ёки) Ўзбекистон Республикаси ҳудудига вақтинчалик олиб кирганлик учун йиғимлар;
  • қонун ҳужжатларида белгиланган миқдорларда давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни реализация қилишдан тушган тушумлар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг улуши бўйича дивидендлар (даромадлар) ва ажратмалар;
  • давлат активларини жойлаштиришдан, фойдаланишга (ижарага) беришдан ва сотишдан қонунчиликда белгиланган нормативлар бўйича олинган даромадлар;
  • мобил алоқа хизматлари ва алкогол махсулоти, шу жумладан пиво учун акциз солиғи бўйича тушумлар тегишинча 2020 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра туман ва шаҳар аҳолиси сонининг вилоят аҳолисидаги улушига мувофиқ ўтказиб берилади.

Агар қонунчиликда маҳаллий бюджетларга ўтказиладиган даромадларнинг тақсимланиши назарда тутилмаган бўлса, даромаднинг ушбу турлари вилоят бюджетига ўтказилади.

  1. 2021 йил учун туманнинг туман бюджети даромадлар прогноз кўрсаткичлари 1-иловага мувофиқ маъқуллансин.
  2. Вилоятнинг вилоят бюджетидан 2021 йилги туман бюджет маблағларини тақсимловчиларга ажратиладиган харажатларнинг умумий чекланган миқдорлари 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
  3. Туман бюджетига умумдавлат солиқларидан ажратмалар меъёрлари
    3-иловага мувофиқ тасдиқлансин. Бунда, ажратма меьёрлари бўйича вилоят маҳаллий бюджети билан туман маҳаллий бюджетининг тақсимотини ўрнатилган тартибда вилоят Ғазначилик бошқармаси ва унинг бўлинмалари томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.
  4. 2021 йил учун туман бюджети даромадлар ва харажатлар прогноз кўрсаткичлари 4-иловага мувофиқ маълумот учун қабул қилинсин.
  5. Туман бюджетига ажратиладиган тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорлари 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

Бунда, тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини туман бюджети даромадлари прогнози ижросидан қатъий назар камайтиришга йўл қўйилмаслиги белгилансин.

  1. 2021 йил учун туманнинг туман бюджети заҳира жамғармаси ҳажмлари 1,2 млрд.сўм миқдорида белгилансин.

Туман ҳокимлиги заҳира жамғармалари маблағларини туман ва шаҳар бюджетида кўзда тутилмаган, кечиктириб бўлмайдиган харажатларни, шунингдек, ижтимоий-иқтисодий беқарорлик юзага келган вазиятларда амалга оширилиши зарур бўлган тадбирларни молиялаштириш учун ажратилиши таъминлансин.

  1. 2021 йил учун туман бюджетининг айланма касса маблағларининг йўл қўйиладиган энг кам маблағлари 0,8 млрд.сўм миқдорда ҳамда туман бюджетида йўл қўйиладиган энг кам маблағлар миқдори 6-иловага мувофиқ белгилансин.
  2. Туман бюджетида шаклланган қўшимча манбаларидан фойдаланиш тўғрисидаги қарорлар тегишли равишда халқ депутатлари туман Кенгаши томонидан туман ҳокимлигининг таклифларига асосан биринчи навбатда ижтимоий соҳа муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлашга йўналтирилиш мақсадида қабул қилиниши белгилансин.
  3. Туман ҳокимлиги, чораклар якуни бўйича мазкур қарорнинг
    4-иловасида келтирилган даромадларнинг прогноз кўрсаткичлари ҳокимликнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, Вилоят ҳокимиятига харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлари билан бирга киритилган мурожаатига асосан тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш ёки харажатларни мақбуллаштириш таклифларини киритади.

Туман ҳокимлиги, қарорнинг 5-иловасида кўрсатилган прогноз кўрсаткичлари маҳаллий ҳокимиятларнинг фаолиятига боғлиқ бўлмаган ҳолда 5 фоиздан ортиқ миқдорга бажарилмаса ва молия йили охиригача ушбу маблағларнинг тушиш эҳтимоли бўлмаса, харажатларни мақбуллаштириш юзасидан таклифлар билан бирга вилоят ҳокимлигига тартибга солувчи бюджетлараро трансфертлар миқдорини ошириш юзасидан туман Кенгаши мурожаатини тайёрласин.

  1. Туман ҳокимлиги ташаббуси билан амалга ошириладиган тадбирлар учун талаб этиладиган маблағлар тегишлилиги бўйича ушбу маҳаллий бюджетларнинг ижроси давомида шаклланган қўшимча манба ҳисобидан амалга оширилиши қатъий белгилаб қўйилсин.
  2. Туман ҳокимлиги:

тегишли бюджетларни биринчи навбатда иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлар, озиқ-овқат ва дори-дармон ва коммунал хизматлар харажатларининг режалаштирилишини назарда тутган ҳолда шакллантирсин;

ҳар чорак якуни билан кейинги чорак биринчи ойининг 25-санасига қадар расмий веб-сайтларга ўз тасарруфидаги бюджет ташкилотлари кесимида маблағлар тақсимотини, молиявий ҳисоботларни, капитал қўйилмалар ҳисобидан амалга оширилаётган лойиҳаларнинг ижросини, ўтказилган танлов (тендер) савдолари ва давлат харидлари ҳамда бошқа тегишли маълумотларни жойлаштирсин;

маҳаллий бюджетларнинг қўшимча даромадларини 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорларда жамоатчилик фикри асосида белгиланган тадбирларни молиялаштиришга йўналтиришни, веб-сайтларига уларнинг натижаларини жойлаштирсин.

  1. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ташаббусига кўра амалга ошириладиган қўшимча тадбирларни молиялаштириш фақат туман маҳаллий бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобидан амалга оширилади.
  2. Туман ҳокими бюджет даромадлари ва харажатларининг кўрсаткичларини бажарилишини таъминлаш, солиқ базасини кенгайтириш ҳамда иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур
    чора-тадбирлар кўриш ва бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиши устидан қатъий назоратни ўрнатиши ва халқ депутатлари туман Кенгашига йилнинг хар чорагида ҳисобот бериб борсин.
  3. Туман ҳокимлиги Қонунда белгиланган айрим солиқлар ва тўлов ставкалари, солиқ солиш тартиблари ҳамда бошқа маълумотларни оммавий ахборот воситаларида ёритилишини таъминласин.
  4. Мазкур қарор бажарилишини назорат қилиш халқ депутатлари туман Кенгашининг Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалари бўйича доимий комиссияси ва туман ҳокимлиги зиммасига юклатилсин.

 

 

                        Кенгаш раиси, туман ҳокими                                         М.Ачилов


Dekabr 31, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 732 marta