ХАЛҚ ДЕПУТАТЛАРИ ГУРЛАН ТУМАН КЕНГАШИ ҚАРОРИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон лойиҳасини Халқ депутатлари туман Кенгашидаги муҳокамаси ҳақида

 

Туман халқ таълими бўлими тасарруфида бугунги кунда жами 45 та таълим  муассасаси фаолият юритиб, шундан 40 таси умумий ўрта таълим  мактаби, 1 таси ихтисослаштирилган мактаб-интернат ва 3 таси айрим фанлар чуқур ўрганиладиган ихтисослаштирилган мактаб, 1 та “Баркамол авлод” болалар мактаби  мавжуд.

Умумий ўрта таълим мактабларининг умумий қуввати 26 863 ўқувчи ўрнига мўлжалланган бўлиб, 2020-2021  ўқув йилида жами 27991  нафар йигит – қизлар таълим олиши кутилмоқда. Мактабларнинг навбатлилик коэффициенти 1,07 ни ташкил этади.

24 та умумий ўрта таълим мактабида дарс машғулотлари 2 сменада олиб борилади.

Таълим муассасаларида жами 2616 нафар педагог фаолият юритади.Шундан:

Олий маълумотли                            - 2365 нафар ,      90%,

Ўрта махсус маълумотли                - 183 нафар,         7%,

Олий тоифали                                 - 187 нафар,         7%,

I-тоифали                                         - 487 нафар,         19%,

II-тоифали                                        -795 нафар,          30%,

Мутахассис ўқитувчилар                -1147 нафар,        44%.

Тугалланмаган олий                        - 29 нафарни ташкил қилади.

Аёллар 1730 нафардан иборат бўлиб, жами педагог ходимларнинг
66 %ни ташкил этади.

2020 йил 23-октябр куни бўлиб ўтган видеоселекторда  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим – тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси эълон қилиниб, Фармонда кўтарилган масалалар бўйича жойларда кенг жамоатчилик иштирокида лойиҳа муҳокамасини ташкил қилиш ва аҳолининг таклиф ва мулоҳазаларини олиб, туман халқ депутатлари Кенгаши сессиясида муҳокама қилиб,умумлаштирилган таклифларни бериш вазифаси топширилган эди.

Ушбу масала юзасидан 2020 йил 24-октябр куни барча умумтаълим мактаблари директорлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири Ш.Х.Шерматов ва тегишли вазирлик, ташкилотлар раҳбарлари билан ўтказилган брифинг бўлиб ўтди. Брифингда,  Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим – тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора- тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳасида бугунги кунда   мамлакатимизда   таълим-тарбия тизимининг сифат ва самарадорлигини ошириш, ўқувчиларда замонавий билим ва кўникмаларини шакллантириш, таълим тизимлари ҳамда илм-фан соҳаси ўртасида ҳамкорлик ва интеграцияни таъминлаш, таълимнинг узвийлиги ва узлуксизлигини таъминлаш, шунингдек таълим тарбия тизимини модернизация қилиш масалалари бўйича аниқ кўрсатмалар берилганлиги таъкидлаб  ўтилди ва лойиҳанинг муҳокамасини ташкил қилиш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Ушбу масала бўйича тумандаги барча умумий ўрта таълим мактабларида туман ҳокими М.А.Ачилов  томонидан белгиланган халқ депутатлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари раиси ва фаоллари шунингдек, мактаб ўқувчиларининг ота-оналари, барча педагог ходимлар иштирокида йиғилишлар ўтказилиб, кенг жамоатчиликнинг Фармон лойиҳаси бўйича фикр ва мулоҳазалари ўрганилди. Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёев таъкидлаганидек, ҳар қандай ислоҳот тубдан, яъни  халқ орасидан бошланса, унинг муваффақияти ва ҳаётийлиги таъминланган бўлишлигини эътиборга олган ҳолда, Фармон лойиҳасининг ҳар бир банди бўйича атрофлича фикрлар жамлаб олинди.

Фармон лойиҳасининг:

Халқ таълими бошқаруви органлари фаолиятини такомиллаштириш ва шарт-шароитларини яхшилаш.

2021 йил 1 январдан бошлаб, бўш турган умумий ўрта таълим мактаби директори лавозимига номзодлар туман кенгаши сессиясида депутатлар томонидан танлов ўтказилиб, муносиб деб топилган номзодлар депутатлар тавсияси асосида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғининг буйруғи билан мактаб директори лавозимига тайинланиши ва мактаб директорларининг ҳисоботлари туман кенгашларида эшитиб борилиш тартибининг ўрнатилиши, 2019 йилда ташкил қилинган “Мактаб кузатув кенгаши”дан мактаб директорларини тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш  ваколатлари туман халқ депутатлари кенгашига ўтганлигини, эндиликда “Мактаб кузатув кенгаши” таълим-тарбия сифати ва самарадорлигини назорат қилиши мумкин бўлади.

Умумтаълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва инфраструктурасини яхшилаш.  

Фармон лойиҳасида мактаб ўқувчилари учун куни узайтирилган гуруҳлар ва синфлар ташкил қилиш масаласи кўтарилар экан, мактаб ўқувчиларини бепул иссиқ овқат билан таъминлаш белгиланган бўлиб, бу ўз навбатида барча умумий ўрта таълим мактабларининг ошхона ва буфетларининг фаолиятини яхшилаш, уларнинг жиҳозланиш  масаласини кун тартибига қўяди. Келгусида мактабларнинг 5 кунлик иш тартибига ўтиши билан “Касбга йўналтириш тизими” жорий этилиши ва 7-синфдан бошлаб, ўқувчиларнинг маълум бир касбни эгаллашлари вазифаси мактабларда мавжуд “Технология” хоналарининг эскирган жиҳозларини янгилашни талаб қилади. Ҳафтанинг бир куни (шанба) ўқувчиларни “Касбга йўналтириш куни” деб белгиланиши ва шу куни ўқувчилар ўзлари танлаган касблари бўйича билим олишлари ҳамда умумий ўрта таълимни тугатганлиги тўғрисидаги аттестат билан бир вақтда маълум бир касбни эгаллаганлиги тўғрисида ҳужжат (ҳайдовчилик, дурадгорлик ва чилангарлик) олишларини таъминловчи механизм яратилиши шарт.

5 та муҳим ташаббус доирасида мусиқа ва санъат, ахборот коммуникация технологиялари, спорт тўгараклари учун зарур восита ва жиҳозлар билан таъминлаш.

Ихтисослаштирилган мактаблар тармоғини кенгайтириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини такомиллаштириш, уларга зарур шарт-шароитларни яратиш.

Вилоят ҳокими томонидан тумандаги 16-умумий ўрта таълим мактабининг эски биноси ўрнида қиймати 5 млрд 600 млн сўм турадиган
45-математика фанига ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаби биносини 2021 йилда қуриб битказиш режалаштирилган.

Бундан ташқари мавжуд умумий ўрта таълим мактабларимизда аниқ ва табиий фанларга ихтисослаштирилган синфлар сонини кўпайтириш орқали ўқувчиларга бериладиган таълим ва тарбиянинг сифат ва самарадорлигини ошириш назарда тутилган.

Муҳтарам Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг - “Ҳар қандай вазиятда ҳам биз халқимизнинг келажаги бўлган ўқувчи-ёшларимиз тақдири тўғрисида қайғуришимиз даркор”,- деган чуқур фалсафий мазмунга эга бўлган мурожаатлари юртимиз ҳаётида ўз ифодасини топиб келмоқда.

Фармон лойиҳаси муҳокамаси жараёнида  билдирилган барча таклиф ва фикрлар Сизларнинг муҳокамангизга ҳавола қилинмоқда. Туманимиз халқ таълими тизимининг эртанги кунини белгилашда муҳим бўлган йўналишлар бўйича ўзларингизнинг қимматли маслаҳатларингизни беришларингизга ишонч билдириб қоламан.

Юқоридагилардан келиб чиқиб Халқ депутатлари  туман Кенгаши сессияси

 

Қ А Р О Р       Қ И Л А Д И:

 

  1. Гурлан тумани халқ таълими бўлими мудири Қ.Раматовнинг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳасини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармон лойиҳасини Халқ депутатлари туман Кенгашидаги муҳокамаси ҳақидаги маърузаси раҳбарлик ва ижро учун қабул қилинсин.

2.Фармон лойиҳасини кенг жамоатчиликка етказиш ва билдирилган фикр ва мулоҳазаларни умумлаштириб вилоят ҳокимлигига етказиш бўйича ишлаб чиқилган йўл харитаси иловага мувофиқ тасдиқлансин.

  1. Туман ҳокими ўринбосарлари (М.Уразметов, Р.Досимов), халқ таълими бўлими (Қ.Раматов), туман мактабгача таълим бўлими (Ш.Нормонов)лар биргаликда Фармон лойиҳасини тарғиб қилиш вазифаси топширилсин.
  2. Туман ҳокимлиги матбуот хизмати (О.Ахмедов)га ушбу қарорни туман ҳокимлигининг расмий веб-сайтида эълон қилсин.
  3. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш халқ депутатлари Гурлан туман Кенгашининг ижтимоий-маданий ривожланиш, ёшлар сиёсати, соғлом авлод масалалари бўйича доимий комиссияси (Ш.Бекчанов) зиммасига юклатилсин.

 

 

Кенгаши раиси, Халқ депутатлари

Гурлан туман Кенгаши депутати                                   Ш.Худаяров

 


Oktabr 27, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 690 marta