Гурлан тумани ҳокими Муроджон Ачиловнинг “Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва ички бозорда нарх-навони барқарорлигини сақлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҲИСОБОТИ

Ассалому-алайкум ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари!

Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 16 октябрь куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида озиқ-овқат маҳсулотларининг арзон ва етарлилиги халқ розилигининг асосий омилларидан бири бўлишини таъкидлаб ўтдилар.

Бугунги кунда коронавирус пандемияси вақтида дунёдаги деярли барча давлатларда иқтисодий инқизор юзага келаётганлиги сабабли, биринчи навбатда аҳоли истеъмоли учун озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб кўпаймоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича дунёда кузатилаётган вазият ҳамда статистик маълумотларга асосланиб, ҳурматли Президентимиз томонидан видеоселектор йиғилишида ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан тўлдириш, нарх-навонинг барқарорлигини сақлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Муҳтарам Президентимиз, бунинг учун жойларда сектор раҳбарларига барча чораларни кўришни, амалдаги тизимни ўзгартириш, агарда раҳбарлар иш фаолиятида ўзгариш қилмас экан қиш ва баҳор ойларида жуда катта қийинчиликларнинг кузатилиши айтиб ўтилди.

Шунинг учун ишларимизни аниқ ҳисоб-китоб билан ташкил қилишимиз, биринчи навбатда ички бозорда озиқ-овқат маҳсулотларини кўпайтириб, бозордаги нарх-навони арзон қилиш натижасида одамларни, айниқса, кам таъминланган аҳолини рози қила олишимиз кераклиги бугуннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб 148,1 минг нафар туман аҳолисининг 2021 йил май ойигача озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаби истеъмол меъёрларидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинди.

Ҳисоб-китобларга кўра асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан:

Гўштга (мол, қўй ва парранда) бўлган эҳтиёж 3168  тоннани ташкил этиб, шундан 3168  тонна (100 фоиз) маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланади.

Картошкага бўлган эҳтиёж 3896 тоннани ташкил этиб, шундан 2848  тонна (73 фоиз) маҳаллий ва 1048  тонна (27 фоиз) импорт маҳсулот ҳисобидан қопланади.

Ҳудуднинг қўшимча эҳтиёжи учун маҳаллий картошка Самарқанд, Тошкент вилоятларидан ва Россий давлатидан  келтирилади.

Гуручга бўлган эҳтиёж 726 тоннани ташкил этиб, шундан
726  тонна (100 фоиз) маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланади.

Ун маҳсулотига бўлган эҳтиёж 5487 тоннани ташкил этиб, шундан 5487 тонна (100 фоиз) маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланади.

Шакарга бўлган эҳтиёж 770  тоннани ташкил этиб, тўлиқ импорт маҳсулот ҳисобидан қопланади.

15,4 млн. дона Тухумга бўлган эҳтиёжни тўлалигича маҳаллий маҳсулот ҳисобидан қопланади.

Ўсимлик ёғига бўлган эҳтиёж 681 тоннани ташкил этиб, шундан 443 тонна (65 фоиз) маҳаллий ва 238 тонна (35 фоиз) импорт маҳсулот ҳисобидан қопланади.

 Ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари!

Сектор раҳбарлари билан биргаликда ижтимоий муҳофазага муҳтож 696 оилаларни қиш-баҳор мавсуми учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабларини ҳам ҳисоб китоб қилиб олганмиз.

Жумладан, 696 оиланинг 2 минг 893 нафар аъзоси учун 152 тн. картошка, 19 тн. пиёз, 57 тн. сабзи ҳамда 28,3 тн. гуруч маҳсулотлари талаб қилинади.

Бугунги кунга келиб, бу оилаларнинг қиш-баҳор мавсуми учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларга бўлган талабларни қондириш мақсадида:

- 515 оила ўзларининг дала ҳамда қўшимча томорқаларида
картошка, пиёз, сабзи ҳамда гуруч маҳсулотлари етиштирилди;

- шунингдек, 149 та оилаларга ҳомий ташкилотлар ҳамда имтиёзли кредитлар ҳисобига ихчам иссиқхоналар қуриб берилди ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экилди;

- 80 нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзолари бандлиги таъминланди, ушбу фуқароларнинг ишга жойлаштирилгунига қадар уларга етишмайдиган озиқ-овқат маҳсулотлари ҳомийлик ва ихтиёрий равишда бириктирилган тадбиркорлик субъектлар раҳбарлари томонидан қўллаб қувватланиб борилади.

Ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари!

Туманда 2020-2021 йил қиш ва баҳор ойларида ички бозоримизда озиқ-овқат маҳсулотлари нархларинии барқарор сақлаш ва тумандаги аҳолини кафолатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш учун, жами 3 899 тонна (картошка 1587 тн, пиёз 798 тн, сабзи 720 тн, гуруч 793 тн) заҳирага жамғариш режалаштирилган бўлиб, шундан маҳаллий корхоналар томонидан жами 3 791 тонна (картошка 1 540 тн, пиёз 775 тн, сабзи 696 тн, гуруч 780 тн) ва ижтимоий соҳа ташкилотлари томонидан 108 тонна (яъни 7 тонна соғлиқни сақлаш, 9 тонна халқ таълими, 92 тонна мактабгача таълим муассасалари) заҳирага жамғарилади.

Туманда кечки картошка кам етиштирилишини инобатга олган ҳолда Самарқанд, Тошкент вилоятларидан ҳамда Россия давлатидан импорт ҳисобидан заҳира қилинади.

Заҳира қилинган картошкани туман деҳқон бозорида, маҳаллаларда ташкил қилинган савдо шохобчалари ҳамда 10 та кўчма дўконлар орқали аҳолига арзон нархда етказилиб берилади.

Жамғариладиган маҳсулотларни сақлаш учун тумандаги 11 та тайёрловчи корхоналардаги мавжуд 2 600 тонна замонавий совуткичли сиғимлар тўлиқ мавсумга тайёрланди.

Жорий йилнинг 20 октябрь ҳолатига 1 092 тонна (28 %) қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, шундан картошка 162 тонна (10%), пиёз 147 тонна (18 %) ҳамда 793 тонна гуруч (99%) маҳсулотлари заҳираси жамғарилди.

Қолган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари заҳирасини жорий йилнинг 1 декабригача тўлиқ жамғарилишини таъминлаймиз.

 Ҳурматли депутатлар!

Пандемия қанча вақт давом этиши бизга ноъмалум, аҳолининг озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжи камаймайди.

Шу боис туманда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабни тўла қондириш, шунингдек, истеъмолдан ортиғини республика ички бозорларига, қайта ишлаш корхоналарига ҳамда экспортга йўналтириш мақсадида мева-сабзавотчилик ва чорвачилик тармоқларида маҳсулот етиштириш ҳажмини оширишимиз зарур.

Туманда 2020-2022 йилларда чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик йўналишларида қиймати 147,5 млрд.сўмлик 85 та лойиҳаларни амалга ошириш белгилаб олинган эди.

Жорий йилнинг ўтган даврида қорамолчилик бўйича 27 та лойиҳага жами 41,0 млрд.сўм ўзлаштириш ҳисобига чет давлатлардан 821 бош наслли (зотдор) қорамоллар олиб келинди.

Қўй-эчкичилик бўйича 8 та лойиҳа амалга оширилиб, жами
1,1 млрд.сўм ўзлаштириш ҳисобига 900 бош қўй-эчки парваришлаш йўлга қўйилди.

Шунингдек, "DO`SIMBIY CHORVA KOMPLEX" МЧЖ томонидан 1000 бошга мўлжалланган “Чорвачилик комплекси” ташкил қилиш режалаштирилиб, бугунги кунда комплекс қурилиши якунланди ҳамда 110 бош наслли қорамоллар олиб келинди.

Амалга оширилган лойиҳалар ҳисобига жорий йил якуни билан 15,5 минг тонна гўшт ва 111,8 минг тонна сут ишлаб чиқарилиши кутилмоқда.

Паррандачилик бўйича 5 та лойиҳа амалга оширилиб қўшимча  10 минг бош парранда ташкил қилинди.

Шунингдек, туманда саноат усулида тухум ва парранда гўшти ишлаб чиқаришни кенгайтириш мақсадида қўшимча 3 та, ҳар бирида
50 минг бошдан жами 150 минг бош тухум ва 20 минг бошдан жами
60 минг бош гўшт йўналишида паррандачилик хўжаликлари ташкил қилишни режалаштирилиб олдик.

Хусусан, Гурлан деҳқон бозори АЖ тасарруфида тухум йўналишида 60 минг бош парранда ва гўшт йўналишида 200 бош қорамоллар боқишга ихтисослашган комплекс шу йилнинг ноябрь ойида ишга туширилиши таъминланади.

Ушбу лойиҳалар амалга оширилиши натижасида йилига қўшимча 45 млн.дона тухум ҳамда 90 тонна парранда гўшти ишлаб чиқарилади.

 Ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари!

Бугунги кунда 12 нафар тадбиркорлар томонидан 23,0 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар ташкил қилинган.

Жорий йилнинг 20 октябрь ҳолатига жами 23 гектар иссиқхона майдонларига помидор ва бодринг экинлари экилди.

Ушбу экилган майдонлардан 2,3 минг тонна помидор ва бодринг маҳсулотларини олиш ва декабрь ойидан бошлаб ички бозор ҳамда экспортга чиқариш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, 2021 йилда 36 гектар майдонда замонавий иссиқхоналар қурилиши режалаштирилган.

 Ҳурматли депутатлар, сессия иштирокчилари!

Маҳсулотларни даладан савдо растасигача етказиб бериш бўйича яратилаётган тизим, аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан узлуксиз ва қулай шароитда таъминлаш учун, аҳоли яшаш жойларида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари савдосини ташкил этиш, ташкилий, кўчма савдо ва таъминот гуруҳлар фаолияти йўлга қўйилди.

Фермер, деҳқон ва томорқа ер эгаларида етиштирилган маҳсулотларни аҳоли зич жойлашган пунктлари, савдо расталарида сотилиши ҳамда олис ҳудудларга маҳсулотларни узлуксиз етказиб берилиши йўлга қўйилиб, ҳудудларда ташкил қилинган ярмаркаларда, савдо нуқталарида нарх-наво ошмаслиги устидан назорат ўрнатилди.

 

Эътиборингиз учун раҳмат.


Oktabr 22, 2020
Muharrir: Jabberganov Orifjon
Ko‘rishlar soni: 828 marta