Сайт ҳаритаси | Давлат рамзлари | Форум
Мобил версия

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш

Гурлан туман ҳокимлиги аппаратида фуқароларнинг таклифлари,  аризалари  ва  шикоятлари  билан

 ишлашни ташкил қилиш тартиби тўғрисидаги

 

Н И З О М

 

I. Умумий қоидалар

 

    1. Туман ҳокимлиги аппаратида фуқароларнинг таклифлари, аризалари ва шикоятлари билан ишлашни ташкил этилишида барча масъул ходимлар "Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги ва "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари талабларидан келиб чиққан ҳолда ўз хизмат вазифаларини сифатли ва белгиланган муддатда бажаришларини таъминлашлари лозим.

          2. Фуқароларнинг мурожаатлари билан олиб бориладиган ишларни ташкил этиш ва унинг аҳволи учун масъулият туман ҳокими ўринбосарлари котибиятлари мудирлари, гуруҳлар рахбарлари зиммасига юкланади.

            Ушбу тартибларга риоя этилишини назорат қилиш ва аппарат ходимларига методик ёрдам бериш вазифаси хокимликнинг фуқароларнинг мурожаатлари бўйича масъул ходими зиммасига юкланади.

3. "Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6-моддасига мувофиқ мурожаатларда фуқаронинг фамилияси, (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, ариза, таклиф  ёки шикоятнинг моҳиятини баён қилинган бўлиши керак.

Ёзма мурожаатларда мурожаат этувчининг имзоси бўлиши лозим Мурожаатга шахсий имзо қўйиш имкони бўлмаган тақдирда бу мурожаатлар уни ёзган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси, исми, отасининг исми ҳам ёзиб қўйилади.

Фуқароларнинг фамилияси (исми, отасининг исми), яшаш жойи тўғрисида маълумотлар кўрсатилмаган ёки у хақда сохта маълумотлар кўрсатилган, шунингдек имзо қўйилмаган ёзма мурожаатлар ҳаққоний эмас деб ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.

4.        Ёзма мурожаатлар матнига бирон-бир белги қўйиш, ёзиш ва тузатишлар  қилиш, алоҳида зарурат бўлмаган ҳолда бинодан ташқарига олиб чиқиш таъқиқланади.

Мурожаатни ўрганиш  учун топширилган аппарат ходимлари уни белгиланган муддатда тўлиқ кўриб чиқилиши, назоратдан туширилиши учун жавобгар бўладилар.

                                         

II.  Мурожаатларни қабул қилиб олиш,

рўйхатдан ўтказиш  ва тақсимлаш тартиби

 

1.  Ҳоким қабулхонасига келиб тушган мурожаатлар рўйхатда ўтказилади.

2.  Ёзма мурожаатлар бевосита комплекслар раҳбарига келиб тушган тақдирда улар рўйхfтдан ўтказиш учун мурожаатлар бўйича масъул ходимга топширилиши керак.

3.  Ҳоким ўринбосарлари, котибият  мудирлари ва гуруҳлар ўртасида вазифаларнинг тақсимланишига мувофиқ мурожаатлар тааллуқли комплексларга юборилади.

4. Ҳоким ёки  ҳоким ўринбосарларининг топшириғи бўйича мурожаатлар кўрсатилган корхона, ташкилот, уюшмалар раҳбарларига, белгиланган  муддатда етказилади. Жавоб қайтаришни, таклиф киритишни талаб қилувчи топшириқлар берилган мурожаатлар ижро муддатлари бўйича ариза ва шикоятлар бўйича масъул ходим томонидан назоратга олинади.

5. Топшириқлар ва ўртага қўйилган масалалар ижросининг сифатини тегишли тармоқ комплекснинг хизмат вазифаларига мувофиқ шундай вазифа юкланган ходим назорат қилади.

 Ариза ва шикоятлар ҳоким ўринбосарлари котибиятидан бошқасига ариза ва шикоятлар бўйича маъсул ҳодим орқали ўтказилади.

 

III. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш.

 

1. Фуқароларнинг таклифлари келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно ва бу ҳақда таклиф киритган шахсга ўн кунлик муддат ичида маълум қилинади.

Мурожаатлар моҳиятан ҳал этиши шарт бўлган давлат органига тушган кундан эътиборан бир ойча муддат ичида, қўшимча ўрганишни ва текширишни талаб этмайдиган мурожаатлар эса ўн беш кундан кечиктирмай кўриб чиқилади.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун ўрганиш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, мурожаатларни кўриб чиқиш муддати тегишли давлат органи раҳбари томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин ва бу ҳақда мурожаат қилган шахсга маълум қилинади.

2. Бир қанча комплексларга топширилган мурожаатларни кўриб чиқиш чоғида резолюцияда биринчи бўлиб кўрсатилган комплекс ишларни мувофиқлаштиради ва текшириш якунлари бўйича маълумотномани тайёрлайди, ўрганишда қатнашган барча ижрочилар маълумотномага имзо қўйадилар.

3. Фуқароларнинг ариза ва шикоятлари, улар юзасидан топшириқ берган шахслар томонидан назоратдан чиқарилади.

4. Назоратга олинган мурожаатда кўтарилган масалалар тўлиқ кўриб чиқилиб, қабул қилинган қарор ҳақида аризачига хабар берилгандан кейин уни кўриб чиқиш тугалланган ҳисобланади.

      5. Ўрганиш бўйича ниҳоясига етказилган мурожаатларнинг ижрочиларда сақланиши тақиқланади.

Ижрочи томонидан назоратдан чиқарилган аризага йиғма жилд расмийлаштирилади ва мурожаатлар бўйича масъул ҳодимга топширилади.

Битта масала бўйича бир неча маротаба қилинган мурожаатлар юзасидан илгари асосланган жавоблар берилган ҳолларда вилоят ҳокимлиги таркибий бўлинмаларининг рахбарлари мазкур масала бўйича мурожаатларни кўриб чиқмаслик тўғрисида қарор қабул қилиш, ҳуқуқига эга ва бу ҳақда фуқароларга маълум қилинади.

 

IV. Вилоят ҳокимлигида фуқароларни қабул қилиш тартиби

 

1. Вилоят ҳокими қабулхонасида фуқароларни ҳур куни эрталаб соат 9.00 дан кеч соат 18.00 гача, шанба кунлари соат 9.00 дан 13.00 гача қабул қилинадилар (шанба- якшанба дам олиш куни кечиктириб бўлмайдиган мурожаатлар навбатчи томонидан қабул қилинади).

2. Фуқароларни туман ҳокими, унинг ўринбосарлари, котибиятлар ва гуруҳлар рахбарлари, масъул ходимлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ қабул қиладилар.

Айрим ҳолларда фуқароларни қабул қилишга тааллуқлиги бўйича идора, ташкилотлар рахбарлари, ҳокимликлар рахбар ходимлари таклиф этилиши мумкин.

3. Фуқаролар ҳоким қабулхонасида қабул қилинадилар. Аризагўйларни йўлакларда, бинога кириш жойларида қабул қилиш қатъиян тақиқланади.

4. Келувчилар қабулини ҳисобга олиш варақларини мурожаатлар бўйича масъул ҳодим тўлдиради. Варақда қабулга келган фуқаронинг фамилияси, исм-шарифи, иш ва яшаш жойи, шунингдек мурожаатнинг қисқача мазмуни кўрсатилади.

5. Ҳоким ва ҳоким ўринбосарларининг қабулига келганларни мурожаатлар бўйича масъул ходим олдиндан рўйхатга ёзиб қўяди ва жадвал асосида қабулни ташкил этади, мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича топшириқларнинг ижросини назорат қилади.

6. Қабул тугугандан кейин қабул қилувчи ҳодим масалани кўриб чиқиш натижаларини варақда акс эттириш ёки бундан кейин уни ҳал қилиш кимга топширилганлигини кўрсатиши ва варақни қабулхона масъул ҳодимига қайтариши шарт.

7. Мурожаатлар бўйича масъул ҳодим оғзаки мурожаатларнинг сони ва мазмуни тўғрисида, уларнинг ижрчилар томонидан кўриб чиқилиши, муддатларга риоя этилиши ҳақида раҳбариятга ахборот бериб туради.

 

V. Фуқароларнинг мурожаатлари бўйича олиб борилган

 ишларни назорат қилиш.

 

Ҳоким ўринбосарлари, котибият мудирлари ва гуруҳ рахбарлари фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш ишларини ҳолатини мунтазам равишда текшириб боришлари, фуқароларнинг такрорий мурожаатларини келтириб чиқарадиган қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятлари бузилиши сабаблари ва шарт-шароитларини бартараф этиш чора-тадбирларини кўришлари шарт.

 

VI. Мурожаатларга жавоб бериш муддатлари ва тартиби бузилганлиги юзасидан жавобгарлик.

 

1. Фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқишнинг белгиланган тартибининг бузилиши, фуқароларни қабул қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқишнинг ноқонуний равишда рад этилиши фуқароларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги мансабдор шахсларга маълум бўлган маълумотларнинг ошкор қилиниши айбдор шахсларни амалдаги ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилишига сабаб бўлади.

ЙИДХП орқали "Фуқаролар мурожаатини кўриб чиқиш" хизматидан фойдаланиш

2013-2015 © Гурлан тумани ҳокимлиги. Сайт Вилоят компютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилди. Барча ҳуқуқлар химояланган.

Flag Counter