Сайт ҳаритаси | Давлат рамзлари | Форум
Мобил версия

Транспорт хизматларини ташкил этиш бўйича мавжуд йўналишлар ҳамда фуқаролардан таклифлар қабул қилиш тўғрисида ахборотлар

Автомобил транспортида йўловчилар ва багажни ташишнинг ушбу Қоидалари (кейинги ўринларда Қоидалар деб юритилади) "Автомобил транспорти тўғрисида", "Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида", "Йўлларда ҳаракатланиш хавфсизлиги тўғрисида", "Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ ишлаб чиқилган ва Ўзбекистон Республикасида автомобил транспортида йўловчилар ва багажни ташишга татбиқ этилади.
Автомобил транспортида йўловчилар ва багажларни ташиш тегишли лицензия, тендер натижалари бўйича белгиланган тартибда тузилган мунтазам йўналишларда йўловчилар транспортида хизматлар кўрсатиш юзасидан тузилган шартномалар (контракт) мавжуд бўлган тақдирда амалга оширилади.
Йўловчилар ва багажни ташишга тарифлар миқдорлари мазкур Қоидалар ва бошқа қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда белгиланади.
Йўл чипталари, йўл ва чиптани ҳисобга олиш варақалари реквизитлари, йўналишлар, автовокзаллар (автостанциялар) паспортлари, автомобил транспортида йўловчилар ва багажни ташишга тааллуқли шакллар ва йўриқнома-методик ҳужжатлар "Ўзбекистон автомобил ва дарё транспорти" агентлиги томонидан тасдиқланади.

Йўловчилар ташувчи транспорт воситаларига қўйиладиган талаблар:
  • Автотранспорт воситаларининг техник ҳолати ва анжомлари тегишли стандартлар ҳамда техник фойдаланиш қоидалари талабларига жавоб бериши керак.
  • Автотранспорт воситалари Дст 974/2000 Ўзбекистон давлат стандартига мувофиқ анжомларга эга бўлиши керак.

Йўловчиларни ташувчи ҳайдовчиларга қўйиладиган талаблар:
  • Автомобил транспортида йўловчи ташувчи ҳайдовчилар Ўзбекистон давлат стандартларида ва бошқа қонун ҳужжатларида назарда тутилган талабларга жавоб беришлари керак.

Мунтазам қатновларни амалга оширувчи автобуслар ва йўналишли таксилар ҳайдовчилари йўналишда ишлаётганда:
  • тендер контрактига мувофиқ ушбу йўналишда ишлаш ҳуқуқини тасдиқловчи гувоҳномага;
  • тегишли лицензияга (лицензия карточкасига);
  • йўналиш ҳужжатларига;
  • йўл варақаси ва чипталарни ҳисобга олиш варақасига;
  • йўл варақаларида йўлга чиқишдан олдин белгиланган тартибда ўтказиладиган автотранспорт воситасининг техник кўрикдан ва ҳайдовчиларнинг тиббий кўрикдан ўтганлиги ҳақидаги қайдларга;
  • қатнов жадвалига ва йўналиш схемасига (шаҳар атрофида, шаҳарлараро ва халқаро йўналишларда - унда аҳоли яшаш жойларидан ўтиш вақти, овқатланиш, дам олиш, тунги ухлаш вақти ва жойи кўрсатилган ҳолда) эга бўлиши керак.

Йўловчилар ташувчи автотранспортвоситалари ишини ҳисобга олиш:

Қуйидагилар йўловчилар ташувчи автотранспорт воситалари ишини ҳисобга олувчи асосий ҳужжатлар ҳисобланади:
  • а) автотранспорт воситасининг йўл варақаси;
  • б) шаҳарда, шаҳар атрофида ва шаҳарлараро қатновчи (йўналишсиз таксилардан ташқари) автотранспорт воситаларининг чипталарни ҳисобга олиш варақаси;
  • в) автобус ва йенгил автомобилларнинг буюртманомалар (буюртмалар) ва бошқа шартномалар бўйича ишлаши юзасидан топшириқнома;
  • г) чипталарни сотиш ведомости (йўналишсиз таксилардан ташқари).

Автотранспорт воситаларининг йўл варақалари ва чипталарни ҳисобга олиш варақалари ҳамда буюртманомалар (буюртмалар) ва бошқа шартномалар бўйича ишлаши юзасидан топшириқнома бланкалари қатъий ҳисобда турадиган бланкаларни ҳисобга олиш ва сақлаш қоидалари бўйича ҳисобга олинади ва ташувчида сақланади.
Йўл ҳужжатларида тузатишлар ва ўчириб ёзишларга йўл қўйилмайди. Ҳайдовчи гаражда, йўлда, оралиқ манзилларга кириб ўтишда ва охирги манзилларда йўл ҳужжатларидаги барча қайдларнинг тўғрилигини кузатиб бориши шарт.

Нефт маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш

Нефт маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг комиссиялари томонидан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 28 июндаги № 289 - сонли «Нефт маҳсулотларини автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктлари орқали сотиш бўйича фаолиятни лицензиялаш тўғрисида» қарори асосида амалга оширилади.

Лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар:
Лицензия олиш учун лицензия талабгори "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимига қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:
а) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг (ёхуд унинг бир қисмининг) лицензияланадиган тури кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисидаги ариза;
б) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нотариал тасдиқланган нусхаси;
в) лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
г) фаолиятнинг лицензияланадиган турини амалга ошириш учун фойдаланиладиган стандартлар, нормалар ва қоидаларга мувофиқ келувчи бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникциялари ва технологик асбоб-ускуналарга эгалик ҳуқуқининг ёки бошқа ашёвий ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи ҳужжат;
д) "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимининг автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчалари ва мой алмаштириш пунктларининг нефт маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш, ҳисобга олиш ва сотиш учун асбоб-ускуналар билан таъминланганлиги ҳолати, хизмат кўрсатувчи ходимларнинг махсус маълумотга эгалиги тўғрисидаги хулосаси;
е) Ўзбекистон Республикаси "Саноатконтехназорат" давлат инспекцияси бўлинмасининг автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ва мой алмаштириш пунктининг нефт маҳсулотларини қабул қилиш, сақлаш ва сотишда меҳнатни муҳофаза қилиш ва техника хавфсизлигига оид қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси;
ж) ёнғин назорати ҳудудий органларининг автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ва мой алмаштириш пунктининг ёнғиндан сақлаш талабларига мувофиқлик тўғрисидаги хулосаси;
з) "Ўзстандарт" агентлигининг ҳудудий стандартлаштириш ва метрология бошқармалари томонидан бериладиган метрологик таъминот тўғрисидаги хулоса?
и) Ўзбекистон Республикаси Давлат табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси бўлинмасининг автомобилларга ёнилғи қуйиш шохобчаси ва мой алмаштириш пунктининг табиатни муҳофаза қилиш ва экология талабларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосаси.
Лицензия талабгоридан мазкур Низомда назарда тутилмаган ҳужжатларнинг тақдим этилишини талаб қилишга йўл қўйилмайди.
Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимига бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали этказиб берилади.
Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар "Ўздавнефтгазинспекция" ҳудудий бўлимининг масъул шахси томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, рўйхатнинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда лицензия талабгорига юборилади (топширилади).
Лицензия бериш тўғрисидаги аризанинг кўриб чиқилганлиги учун қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида йиғим ундирилади.
Лицензия бериш юзасидан ҳужжатларнинг кўриб чиқилганлиги учун йиғим суммаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳисоб рақамига ўтказилади.
Лицензия талабгори берилган аризадан воз кечган тақдирда тўланган йиғим қайтарилмайди.
Vazirlar-Mahkamasi-qarori_neft_uzb.doc [ b] (cкачиваний: 1)
 

Ер муносабатларнини тартибга солиш бўйича ахборотлар ва эрга эгалик қилиш ҳуқуқини бериш юзасидан ҳужжатлар қабул қилиш

Якка тартибдаги уй-жой қурилиши учун ер участкалари бериш (реализация қилиш)
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси — бу қайд этилган чегарага, майдонга, жойлашган жойга, ҳуқуқий режимга ва давлат ер кадастрида акс эттириладиган бошқа тавсифларга эга бўлган якка тартибда уй-жой қуриш учун мўлжалланган ер фондининг бир қисми. 2008 йил 1 январгача якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари томонидан қишлоқ хўжалиги ва ўрмон хўжалиги таркибига кирмайдиган эрлардан белгиланган тартибда фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларига бир оилага 0, 06 гектаргача мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш учун берилади. 2008 йил 1 январдан бошлаб якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари кимошди савдолари асосида фуқароларга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда сотилади. «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси иштирокида қурилган уй-жой жойлашган ер участкаси туман ҳокимининг қарорига биноан, якка тартибда уй-жой қурувчига (Ўзбекистон Республикаси фуқаросига) ҳар бир иморат солувчига 0, 06 гектардан кимошди савдоси ўтказмасдан мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи билан ажратилади.

Ер участкалари беришда (реализация қилишда) фуқароларнинг аризаларини кўриб чиқиш тартиби
Якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш учун ариза туман (шаҳар) ҳокимлигига берилади. Аризага ариза берувчининг доимий яшаш жойи бўйича турар жойларнинг кадастр иши нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда) ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг оиланинг таркиби тўғрисидаги маълумотномаси илова қилинади. «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси иштирокида якка тартибда уй-жой қурилиши учун ажратилган ер массивида уй-жой қуришга буюртма расмийлаштирган якка тартибда уй-жой қурувчи компаниянинг ҳудудий филиалларига аниқ ер участкасини ва танлаб олинган намунавий лойиҳани кўрсатган ҳолда ёзма ариза билан мурожаат қилади. Ариза туман (шаҳар) ҳокими бошчилик қиладиган,  ер участкалари бериш (реализация қилиш) масалаларини кўриб чиқиш бўйича доимий ишлайдиган комиссия (кейинги ўринларда «комиссия» деб юритилади) томонидан кўриб чиқилади. Комиссия таркибига «Ергеодезкадастр» давлат қўмитаси, табиатни муҳофаза қилиш, архитектура ва қурилиш органлари, санитария-епидемиология хизмати, фуқаролар йиғинлари вакиллари ва бошқа шахслар киритилади. Комиссия ариза олинган кундан бошлаб 10 кун муддатда ер участкаси беришнинг мақсадга мувофиқлиги ёки ер участкаси бериш асосли равишда рад этилиши тўғрисида хулоса чиқаради. Фуқароларга белгиланган тартибда кимошди савдосида ер участкасини сотишда комиссиянинг қарори талаб қилинмайди.
Ер участкалари биринчи навбатда:
• Ер давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши муносабати билан уйлари бузилаётган фуқароларга; 
• Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчиларига;
• Байналмилал жангчиларга;
• Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг оилаларига;
• Меҳнат фахрийларига;
• Ўзлари эгаллаб турган давлат турар жой фондининг турар жойларини шаҳар ва туман ҳокимликларига бераётган фуқароларга берилади.
Туман (шаҳар) ҳокими комиссиянинг ижобий хулосаси асосида 10 кун муддатда якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаси бериш тўғрисида қарор қабул қилади. Ер участкасини кимошди асосида сотишда ҳокимнинг қарори кимошди натижалари асосида 10 кун муддатда қабул қилинади.
Туман (шаҳар) ҳокимининг қарори асосида туман (шаҳар) архитектура ва қурилиш органлари томонидан «Ергеодезкадастр» давлат қўмитасининг ҳудудий органлари билан биргаликда уч кун муддатда ер участкаси ажратиш ва унинг чегараларини натурада чиқариш амалга оширилади ҳамда қуйидаги ҳужжатлар берилади:
• туман (шаҳар) ҳокимининг қароридан кўчирма;
• участка чегаралари чизилган массивнинг бош режасидан нусха.
Ер участкалари бериш тўғрисида илтимос қилган барча фуқароларга ер участкалари ажратиш имконияти бўлмаган ҳолларда туман (шаҳар) ҳокимлиги ер участкалари олишга эҳтиёжмандларнинг ҳисобини юритади. Навбатда туриш тартибида ер участкалари олишга эҳтиёжманд бўлган фуқаролар рўйхати туман (шаҳар) ҳокими томонидан бир йилда камида бир марта тасдиқланади. Илтимос қилувчилар ер участкаси беришнинг тахминий муддати кўрсатилган ҳолда тасдиқланган рўйхатга киритилганлик тўғрисида хабардор қилиниши керак. Якка тартибда уй-жой қуриш учун мўлжалланган бўш ер участкалари мавжуд эмаслиги ер участкаси бериш рад этилиши учун асос ҳисобланади. Ер участкаси бериш рад этилган тақдирда ҳокимлик уч кун муддатда бу ҳақда ариза берувчини ёзма равишда хабардор қилади. Ер участкаси бериш рад этилиши устидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шикоят қилиш мумкин.
Vazirlar-Mahkamasi-qarori.pdf [3,21 Mb] (cкачиваний: 21)
 

Ҳаж ва Умра зиёратига боришни ташкил этиш тартиби тўғрисида ахборотлар тақдим этиш, уларни ташкил қилиш бўйича фуқаролар аризаларини қабул қилиш

Хаж ва Умра зиёратини ташкил этиш тартиби, фуқароларнинг мурожаатлари қабул қилинишини ташкил этилганлиги тўгрисидаги ахборотларни бериш

Хоразм вилояти фуқаролари диққатига!

Ҳаж сафарига бориш учун рўйҳатга олиш ва расмийлаштириш тартиби ҳамда вазифалар.

Ҳаж сафарига бориш учун навбат рўйхатига кириш бўйича фуқаролар доимий турар жойидаги маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат этиши лозим.

Маҳалла фуқаролар йиғинларига фуқароларни Ҳаж сафарига бориш истагида бўлган фуқароларни рўйхатга олишда қуйидаги вазифалар юклатилган:

- фуқаро Ҳаж сафарига бориш учун ариза билан маҳалла фуқаролар йиғинига мурожаат этиш ва унга 2 та (3, 5 х 4, 5 ҳажмда) фотосурат, паспорт нусхасини илова қилиш;

- маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Ҳаж комиссияси фуқаро томонидан тақдим этилган ҳужжатларни ўрганиб чиқиш;

- йил давомида Ҳаж сафарига бориш бўйича мурожаат этган фуқароларни маҳалла фуқаролар йиғини томонидан тикилган, рақамланган, муҳрланган, имзоланган дафтарга тартиб асосида рўйхатга олиш, унда рўйхатга фақат Ўзбекистон Республикаси фуқароларини қайд этиш ҳамда доимий истиқомат қиладиган манзилига кўра олиш;

- маҳалла фуқаролар йиғини томонидан махсус тикилган, рақамланган, муҳрланган дафтардан кетма-кетликда туман Ҳаж жамоатчилик Кенгашига берилган квотага асосан тавсия қилиш.

Маҳалла фуқаролар йиғини ҳаж сафарига бориш учун тавсия этишда қуйидагиларни амалга оширади:

- белгиланган квотага ва махсус тикилган, рақамланган, муҳрланган дафтардаги навбатга риоя этиш;

- рўйхатга Ҳаж сафарига бормаган ҳамда 40 ёшдан ошган фуқароларни тавсия этиш;

- тавсия этилаётган фуқаронинг саломатлиги бўйича оилавий поликлиника ва тиббиёт муассасаларининг хулосаларини олиш;

- тавсия этишда маҳалла фуқаролар йиғинида аризачилар иштирокида муҳокама қилиш;

- аёлларни тавсия этишда маҳрам масаласига эътибор бериш;

(Изоҳ: 46 ёшгача бўлган аёл киши учун маҳрам қоида тариқасида отаси, акаси, укаси, турмуш ўртоғи, ўғли бўлиши мумкин ҳамда Саудия Арибистони Подшоҳлигининг талабига асосан 46 ёшдан ошган аёлдан маҳрам талаб этилмайди).

- тавсия этилган фуқаронинг тегишли ҳужжатларини ўрнатилган тартибда расмийлаштириб, туман Ҳаж жамоатчилик Кенгашига тақдим этиш.

Туман Ҳаж жамоатчилик Кенгашининг вазифалари:

- маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳузуридаги Ҳаж комиссияси ишини мувофиқлаштириш, услубий ёрдам бериш ва адолат мезонлари бузилмаслигини назорат қилиш;

- Хоразм вилояти Ҳаж жамоатчилик Кенгаши томонидан берилган квотани маҳаллаларга тақсимлаш;

- маҳалла фуқаролар йиғини ҳузуридаги Ҳаж комиссияси томонидан белгиланган квотага асосан тавсия этилган фуқароларнинг ҳужжатларни олиш ва умумлаштириш;

- тавсия этилган фуқароларнинг ҳужжатларини кўриб чиқиш;

- Ҳаж сафарига бориш учун фуқаролар рўйхати ва уларнинг ҳужжатларини сўралган муддатда Хоразм вилояти Ҳаж жамоатчилик Кенгашига тақдим этиш;

- фуқароларнинг Ҳаж сафарига бориш бўйича тавсия қилиш билан боғлиқ масаласига доир ариза, таклиф ва шикоятларини кўриб чиқиб, жавоб бериш.

Хоразм вилояти Ҳаж жамоатчилик Кенгашининг вазифалари:

- Туман Ҳаж жамоатчилик кенгашлари ишини мувофиқлаштириш, услубий ёрдам бериш ва адолат мезонлари бузилмаслигини назорат қилиш;

- Республика Ҳаж Жамоатчилик кенгаши томонидан Хоразм вилоятига ажратилган квотадан келиб чиқиб, белгилаган йилда Ҳаж сафарига фуқароларни юбориш учун туманлар кесимида квота ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш;

- белгиланган йил учун туман Ҳаж жамоатчилик Кенгашидан рўйхат ва ҳужжатларни олиш ҳамда уларни ўрнатилган тартибда белгиланган муддатда Республика Ҳаж жамоатчилик Кенгашига тақдим этиш;

- Ҳаж масаласига оид фуқароларнинг ёзма ва оғзаки мурожаатларини кўриб чиқиш;

- Ҳаж сафарига бориб келган фуқароларнинг ҳисобини юритиш ва мониторинг қилиш.

Тавсия этиш жараёнида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш:

- навбатдаги фуқаролар билан Ҳаж сафарига бориши ва унга қўйиладиган талаблар бўйича суҳбат уюштириш;

- 46 ёшгача бўлган аёлларнинг маҳрами мавжудлигига эътибор қаратиш;

- фуқаронинг паспорти белгиланган талабга жавоб бериши, чиқиш визаси мавжудлиги ва муддатини кўриб чиқиш;

- фуқаро Саудия Арибистони Подшоҳлигига бориб келиш ва белгиланган амалларни бажариш учун саломатлиги тўғри келиши бўйича тиббий кўрикдан ўтказиш ва хулоса олиш;

- юқоридаги вазифалар бажарилгандан сўнг, фуқародан Ҳаж сафарига бориш учун белгиланган пул тўловини қабул қилиш; (Изоҳ: Тўловни ўрнатилган муддатда амалга оширмаган фуқаро рўйхатдан чиқарилади).

- Республика Ҳаж жамоатчилик Кенгашининг талаблари асосида Ҳаж сафарига бориш учун тўловни амалга оширган фуқароларнинг ҳужжатларини тайёрлаш ва тақдим этиш.

Ҳаж сафарига бориш юзасидан мурожаат этаётган фуқарога рўйхатга киритиш, тавсия этиш, тиббий кўрикдан ўтказиш ва Ҳаж билан боғлиқ бошқа масалалар учун бирон иш юклаш ёки маблағ талаб қилиш қатъиян ман этилади.

Мурожаат учун: Хоразм вилояти Хаж ва Умра жамоатчилик Кенгашига мурожаат этшингиз мумкин.

Манзил: Хоразм вилояти Урганч шаҳар "Фахриддин ар-розий ўрта махсус ислом билим юрти"га

2013-2015 © Гурлан тумани ҳокимлиги. Сайт Вилоят компютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилди. Барча ҳуқуқлар химояланган.

Flag Counter