Сайт ҳаритаси | Давлат рамзлари | Форум
Мобил версия

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ МАДҲИЯСИ

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси Ўзбекистон Республикаси Давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳиясига зўр эҳтиром билан қараш Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг ватанпарварлик бурчидир.

Мутал Бурҳонов мусиқаси
Абдулла Орипов сўзи

Серқуёш ҳур ўлкам,  элга бахт,  нажот,  
Сен ўзинг дўстларга йўлдош,  меҳрибон!  
Яшнагай то абад илму фан,  ижод,  
Чуҳратинг порласин токи бор жаҳон!

Нақарот:
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,  
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!  
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,  
Оламни маҳлиё айлаган диёр!

Бағри кенг ўзбекнинг ўчмас иймони,  
Эркин,  ёш авлодлар сенга зўр қанот!  
Истиқлол машъали тинчлик посбони,  
Хақсевар,  она юрт,  мангу бўл обод!

Нақарот:
Олтин бу водийлар - жон Ўзбекистон,  
Аждодлар мардона руҳи сенга ёр!  
Улуғ халқ қудрати жўш урган замон,  
Оламни маҳлиё айлаган диёр!

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ДАВЛАТ БАЙРОҒИ

Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи Ўзбекистон Республикаси давлат суверенитетининг рамзидир.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи халқаро муносабатларда Ўзбекистон Республикасининг тимсоли бўлади.
Ўзбекистон Республикасининг Давлат байроғи — байроқнинг бутун узунлиги бўйлаб ўтган тўқ мовий ранг,  оқ ранг ва тўқ яшил рангли учта эндан таркиб топган тўғри тўртбурчак шаклидаги матодир.
  • Bo'lim: ---

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ДАВЛАТ ГЕРБИ


Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қуйидаги кўринишга эга:   тоғлар,   дарёлар ва сўл томони буғдой бошоқларидан,   ўнг томони эса чаноқлари очилган ғўза шохларидан иборат чамбарга ўралган гуллаган водий узра қуёш заррин нурларини сочиб туради.   Гербнинг юқори қисмида Республика ҳурлигининг рамзи сифатида саккизбурчак тасвирланган бўлиб,   унинг ички қисмида ярим ой ва юлдуз тасвирланган. Гербнинг марказида бахт ва эрксеварлик рамзи — қанотларини ёзган Ҳумо қуши тасвирланган.   Гербнинг пастки қисмида ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини ифода этувчи чамбар лентасининг бантида «Ўзбекистон» деб ёзиб қўйилган.  
ўзбекистон Республикаси Давлат гербининг рангли кўринишида:   Ҳумо қуши ва дарёлар — кумуш рангида,  қуёш,   бошоқлар,   пахта чаноқлари ва «Ўзбекистон» ёзуви — олтин рангида,  ғўза шохлари ва барглари,   тоғлар ва водий — яшил рангда,  чаноқлардаги пахта — оқ рангда,  лента — Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғининг рангларини акс эттирувчи уч хил рангда,  саккизбурчак — олтин зарҳал билан ҳошияланган ҳолда ҳаво рангда,  ярим ой ва юлдузлар — оқ рангида тасвирланган.

2014 йил - Соғлом бола йили


ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ
ҚАРОРИ

«СОҒЛОМ БОЛА ЙИЛИ» ДАВЛАТ ДАСТУРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 9-сон, 87-модда)

Мамлакатимизда жисмоний соғлом, маънавий етук, ҳар томонлама уйғун ва баркамол ривожланган, мустақил фикрлайдиган, интеллектуал салоҳиятга, чуқур билим ва замонавий дунёқарашга эга, Ватанимизнинг тақдири ва келажаги учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир бўлган ёш авлодни тарбиялаб вояга етказиш вазифасини изчил давом эттириш учун аниқ мақсадга қаратилган кенг кўламдаги комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш, давлат ва жамиятнинг барча куч ва имкониятларини шу йўлда сафарбар этиш мақсадида ҳамда 2014 йил «Соғлом бола йили» деб эълон қилиниши муносабати билан:
1. Қуйидагилар «Соғлом бола йили» Давлат дастурини амалга оширишнинг устувор вазифалари ва йўналишлари этиб белгилансин:
соғлом ва ҳар томонлама баркамол авлодни шакллантириш учун қонунчилик ва норматив-ҳуқуқий базани янада такомиллаштириш, бу борада қулай ташкилий-ҳуқуқий шарт-шароитларни яратишга қаратилган янги қоида ва меъёрларни ишлаб чиқиш;
соғлом боланинг дунёга келиши масаласига соғлом ва аҳил оиланинг меваси сифатида қараб, оилада ўзаро ҳурмат ва меҳр-муҳаббат, юксак ахлоқий ва маънавий қадриятлар муҳитини шакллантириш, ёш оилаларнинг оёққа туриб олиши учун моддий ёрдам кўрсатиш, оналик ва болалик муҳофазасини таъминлаш, она ва боланинг саломатлигини мустаҳкамлаш, аёлларнинг ўз қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариши, уларнинг рўзғор ташвишларини енгиллаштириш учун зарур шарт-шароитларни яратиш;
соғлом болани вояга етказишда, патологияларсиз болалар туғилишида соғлиқни сақлаш тизими ва тиббиёт ходимларининг роли ва масъулиятини ошириш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техника базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш бўйича кенг кўламли ахборот-тушунтириш ишларини мунтазам олиб бориш;
соғлом болани шакллантиришда таълим-тарбия тизими ва спортнинг ролини кучайтириш, мактабгача таълим муассасалари тармоғини кенгайтириш, уларни юқори малакали ва тажрибали педагоглар билан таъминлаш, бошланғич таълимнинг юқори сифатини таъминлаган ҳолда болаларни мактабга тайёрлаш даражасини тубдан ошириш, илғор педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларини амалиётга кенг жорий этиш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, болалар, айниқса қиз болалар ўртасида жисмоний тарбия ва спортга меҳр уйғотиш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;
соғлом ва баркамол авлодни тарбиялаб вояга етказишда давлат ва жамият томонидан кўрсатиладиган ёрдам ва мададни кучайтириш, мазкур жараёнлар учун масъул бўлган соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, ижтимоий муҳофаза муассасаларида замонавий талабларга жавоб берадиган шарт-шароитларни яратиш, уларни ривожлантиришга йўналтириладиган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, соғлом болани тарбиялаш бўйича илғор халқаро тажрибани кенг кўламда ўрганиш ва амалда жорий этиш;
соғлом болани, айниқса, қиз болаларни тарбиялаб вояга етказишда, замонавий билим ва касб-ҳунарларни эгаллаши учун уларга кўмак бериш, болаларни турли тўгаракларга жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш бўйича маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг ролини ошириш, ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш, оилалар ва жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, тинчлик ва осойишталикни мустаҳкамлаш, кам таъминланган оилаларга моддий ва маънавий ёрдамни ўз вақтида ва манзилли кўрсатиш борасида маҳалла ва бошқа жамоат тузилмаларининг масъулиятини кучайтириш;
«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг мақсад ва вазифалари ҳамда унинг бажарилиши тўғрисида кенг ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилишини ташкил этиш, бунда оммавий ахборот воситаларининг, шу жумладан электрон оммавий ахборот воситаларининг ва Интернет тармоғининг имкониятларини фаол ишга тушириш.
2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2013 йил 12 декабрдаги Р-4175-сонли фармойишига мувофиқ ташкил қилинган Республика комиссияси томонидан манфаатдор вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари, жамоат ташкилотлари ва ҳукуматга қарашли бўлмаган ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан биргаликда ишлаб чиқилган «Соғлом бола йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин.
3. Республика комиссияси (Ш.М. Мирзиёев) зиммасига «Соғлом бола йили» Давлат дастурига киритилган тадбирлар амалда бажарилишини ташкил этиш ва унинг мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.
Республика комиссияси:
бир ҳафта муддатда — Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида, туманлар ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ва тегишли ҳудудларнинг ҳокимлари бошчилигида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар ташкил этилишини таъминласин, уларнинг зиммасига Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар сўзсиз, тўлиқ кўламда ва ўз вақтида амалга оширилиши учун шахсий жавобгарликни юкласин;
икки ҳафта муддатда — вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, ҳудуд, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича ҳудудий ва тармоқ «Соғлом бола йили» дастурлари ишлаб чиқилиши ва қабул қилинишини;
тасдиқланган Давлат дастурига киритилган тадбирлар тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши учун давлат ва хўжалик бошқарувининг республика органлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органлари даражасида ишлар мувофиқлаштирилишини таъминласин, тадбирлар амалга оширилиши устидан тизимли назорат ўрнатсин;
йилнинг ҳар бир чораги якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига «Соғлом бола йили» Давлат дастурида назарда тутилган тадбирлар бажарилиши тўғрисидаги ахборот тақдим этилишини таъминласин.
4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги:
«Соғлом бола йили» Давлат дастурининг мақсадлари ва вазифалари, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирлари босма ва электрон оммавий ахборот воситаларини, шу жумладан Интернетнинг глобал тармоғини жалб этган ҳолда аҳоли орасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини;
Давлат дастурининг бажарилиши тўғрисида, унда назарда тутилган тадбирлар амалга оширилишида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг амалий иштироки ва аниқ ҳиссаси акс эттирилган ҳолда, кенг жамоатчилик доимий равишда хабардор қилиб турилишини таъминласинлар. 
5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М. Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш., 
2014 йил 19 февраль,
ПҚ-2133-сон

2013 йил — «Обод турмуш йили»


Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори

2013 йилнинг «Обод турмуш йили» деб эълон қилинганлиги муносабати билан мамлакатда халқнинг турмуш даражаси ва сифатини ошириш, фаровонлик, тинчлик ва тотувликни таъминлаш вазифаларини амалга оширишга ресурслар ва имкониятларни сафарбар қилиш, давлат, нодавлат ва жамоат ташкилотларини кенг жалб этиш бўйича аниқ мақсадга йўналтирилган чора-тадбирлар комплексини амалга ошириш мақсадида: 1. «Обод турмуш йили» Давлат дастури иловага мувофиқ тасдиқлансин, қуйидагилар уни амалга оширишнинг асосий устувор йўналишлари этиб белгилансин:

а) мамлакатда барқарорлик ва хавфсизликни, фуқаролар тотувлигини, миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни янада мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқлари, эркинлиги ва манфаатлари муҳофазасини таъминлаш;

б) аҳоли фаровонлиги ва реал даромадларининг изчил ўсишини таъминлаш, иш билан бандликни ошириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни, фермерликни янада ривожлантириш, аҳолини, биринчи навбатда, унинг ижтимоий ночор қатламларини ва кам таъминланган оилаларни давлат томонидан аниқ манзилли муҳофаза қилиш ва уларга ижтимоий ёрдам кўрсатиш тизимини такомиллаштириш;

в) аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштириш, соғлиқни сақлаш муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, уларни замонавий ташхис ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш, касалликлар профилактикасини кенгайтириш ҳамда уларни даволашнинг илғор тиббий технологиялари ва методларини жорий этиш, пировард натижада – одамларнинг, айниқса болалар ва оналарнинг соғлиғини мустаҳкамлаш;

г) жисмоний ва маънавий соғлом, уйғун камол топган ўсиб келаётган авлодни, профессионал, замонавий даражада тайёрланган кадрларни тарбиялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг самарадорлигини ҳар томонлама ошириш, таълим савиясини янада такомиллаштириш ва сифатини юксалтириш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

д) халқнинг турмуш даражаси ва сифатини янада ошириш, муносиб уй-жой ва ижтимоий-маиший шароитлар яратиш, янги уй-жойлар қуриш, замонавий йўллар ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмаларини ривожлантириш, аҳоли пунктларини тоза ичимлик сув, электр энергияси ва иссиқлик билан кафолатли таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирларни амалга ошириш;

е) маҳалла институтини ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини янада такомиллаштириш, уларнинг ҳуқуқлари ва ваколатларини кенгайтириш, жойларда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш, ёш ва эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва уларга ёрдам беришни яхшилаш, маҳаллалар ва уй-жой мавзеларининг ташқи қиёфасини сифат жиҳатидан яхшилаш, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш вазифаларини ҳал этишда уларнинг роли ва аҳамиятини ошириш;

ж) оилаларни янада мустаҳкамлаш, аёлларнинг оила ва жамиятдаги роли ва мақомини ошириш, уларнинг ижтимоий фаоллигини кучайтириш, иш билан бандлигини таъминлаш ҳамда аёлларнинг иқтисодиётнинг турли тармоқлари ва соҳаларидаги фаолиятини муносиб рағбатлантириш, уларнинг ўз иқтидорини намоён қилиши ва уй-рўзғордаги ишларини енгиллаштириш учун қулай ижтимоий-маиший шароитлар яратиш чора-тадбирларини амалга ошириш.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 13 декабрдаги Ф-3940-сон фармойишига мувофиқ тузилган Республика комиссиясига «Обод турмуш йили» Давлат дастурининг бажарилишини ташкил этиш ва мониторингини олиб бориш вазифаси юклансин.

3. «Обод турмуш йили» Давлат дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Республика комиссияси (Ш.М.Мирзиёев) қуйидагиларни таъминласин: бир ҳафта муддатда – Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар ва шаҳарларда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси ва тегишли ҳудудларнинг ҳокимлари бошчилигида Давлат дастурини амалга ошириш бўйича тегишли комиссиялар тузиш, уларга Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг сўзсиз, тўлиқ кўламда ва ўз вақтида амалга оширилиши юзасидан шахсий масъулиятни юклаш; икки ҳафта муддатда – вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳар бир вазирлик ва идора, ҳудуд, шаҳар, туман ва аҳоли пункти бўйича «Обод турмуш йили» ҳудудий ҳамда тармоқ дастурларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;
давлат ва хўжалик бошқаруви республика органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар даражасида тасдиқланган Давлат дастурига киритилган йўналишлар ва тадбирларни тўлиқ ва ўз вақтида бажариш ишларини мувофиқлаштириш, уларнинг амалга оширилиши юзасидан тизимли назорат ўрнатиш; ҳар чорак якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Девонига тасдиқланган «Обод турмуш йили» Давлат дастури тадбирларининг бажарилиши тўғрисида ахборот тақдим этиш.

4. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, оммавий ахборот воситалари:

«Обод турмуш йили» Давлат дастурининг мақсади ва вазифаларини, уни амалга оширишнинг асосий йўналишлари ва чора-тадбирларини аҳоли ўртасида мунтазам, тизимли ва кенг ёритилишини; кенг жамоатчиликнинг Давлат дастури бажарилиши тўғрисида доимий хабардор бўлишини, давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларни амалга оширишдаги аниқ ҳиссаси ёритилишини таъминласинлар.

5. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири Ш.М.Мирзиёев зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш. 2013 йил 14 февраль,
ПҚ-1920-сон
2013-2015 © Гурлан тумани ҳокимлиги. Сайт Вилоят компютерлаштириш маркази томонидан ишлаб чиқилди. Барча ҳуқуқлар химояланган.

Flag Counter